Хитой: Лагерларда мусулмонларни нималар қилишган?

Атажуртда хитойлик қозоқлар
Image caption Қозоғистондаги минглаб мусулмонлар Хитойдаги яқинларини излашади.

"Қўл-оёғимга кишан уришди. Ўзимни темир курсига ўтқазиб қўйишди".

"Аёлларнинг бошлари очиқ, сочлари кесиб ташланган".

"Намоз ўқишга рухсат йўқ. Бошимга кўрпамни ёпиб намоз ўқисам, жазолашарди".

"Пешоб қилиш учун 2 дақиқа, ҳожат учун 5 дақиқа. Улгурмасанг, электр калтак билан уришади".

Хитой лагерларида бўлиб қайтган мусулмонлар ичкаридаги аҳволни худди шундай тасвирлашади.

Бу инсонларнинг Қозоғистонда қариндошлари ёки яшаш ҳуқуқлари бўлган. Шу боис халқаро талаб ва босимлар ортидан озод қилинганлар.

Аммо барибир, бир неча ойлаб мусулмонлар учун ташкил этилган лагерларда қолишган.

Хитой лагерларида мусулмонларни нималар қилишган - мана бу видеолавҳада томоша қилинг:

Хитой бу масканлар лагерлар эмас, балки ихтиёрий касб-ҳунар марказлари, деб айтади.

Бироқ у ерларда бўлганлар нима дейишади?

Эрғали

Image caption Турсинбек (чапда) ва ноиб имом Эрғали (ўнгда) қийноққа тутилганларини айтишади.

"Мен Хитойда ноиб имом эдим. Чўпонлик ҳам қилганман"

"Мени диндорлигим учун лагерга ташлашди".

Эрғали ҳозир Талдиқўрғонда истиқомат қилади. Бугун уйсиз, ишсиз қолган.

Аммо Қозоғистонда ўзини хавфсиз ҳис қилади.

Сабаби - Эрғали Хитойга кўчиб ўтади ва 2017 йили Хитойга савдо учун ўтади.

Аммо Хоргос чегара масканида уни ҳибсга олишади.

"Менинг телефонимни текшириб, аёлимнинг расмини кўриб қолишди. У ҳижобда эди. Сен ҳам террорчиларга алоқанг борми, деб ушлашди" - эслайди Эрғали.

Эрғалини лагерга олиб боришади.

"У ер олдин ҳайдовчилик мактаби эди. Энди катта лагерь қилишибди".

"Ичкарида ҳар-хил мусулмонлар - уйғурлар, қозоқлар, ўзбеклар ва дунганлар бор эди".

"Ҳовлига чиққанда, аёлларни ҳам кўрардик. Уларнинг сочлари кесиб ташланган, бошлари очиқ эди" - эслайди ёш имом.

Биз диндорларни бир хонага қамашди. Кўпи уйғурлар эди. Аммо хонадошлар ўзаро суҳбатлашишимизга ҳам рухсат беришмасди".

"Намоз ўқий олмасдик" - эслайди Эрғали - "Бошимга кўрпани ёпиб, намоз ўқишга интилардим. Аммо кузатув камерасидан кўриб қолишса, сени жазо хонасига юборишарди".

Унинг айтишича, жазо хонаси совуқ. Одамлар овқатсиз ва сувсиз 12 соатлаб темир курсида ўтиришга мажбурланган.

"Пешоб қилиш учун 2 дақиқа беришарди. Улгурмай қолсак, электр калтак билан уришарди".

"Оҳ, электр калтак жуда ёмон. Сакраб кетасан. Ҳушингдан айриласан".

Гулзира

Image caption Гулзира (чапда) бир неча ой лагерда қолган, қариндоши Гулнурнинг (ўнгда) эри лагерга ташланган.

Гулзира ҳам эри ва кичик қизи билан Олма-Ота яқинига кўчиб келган.

Кейин 2017 йили Хитойда қолган отасини кўргани боради.

Уни чегарада ушлашади ва сабабини Қозоғистонга саёҳат қилгани билан изоҳлашади.

"Улар менга 26та мусулмон давлати қора рўйхатга киритилганини айтишди" - дейди Гулзира.

"Туркия, Малайзия, Индонезия каби давлатлар қаторида Қозоғистон ҳам бор экан".

Гулзирани бир-икки ҳафта ўқийсан, деб махсус мактабга олиб боришади.

"Аммо борсак, у ер мактаб эмас, турма экан" - эслайди Гулзира.

"Эшик олди ўралган, соқчилар тураркан. Улар менга кийимнгни еч, деб қизил-қора форма беришди".

"Қизимни соғиниб, кўп йиғладим. Муаллимлар эса йиғлайверсанг, кетмайсан, кулиб юришинг керак. Чунки камерадан кузатишади, деб айтишди".

Гулзира йиғлашга ҳам қўрқиб қолади.

Лагерда улар Хитой тили ва коммунистик партия мафкурасини ўрганишади.

Кейин уни сартарошга олиб боришади.

"Кўп ялиндим, сочимни кесманглар деб, барибир, кесиб ташлашди".

"Билмайман, чўчқа гўшти беришдими... Нима берса ҳам ердик. Қандайдир уколлар қилишди. Олмасанг, кетмайсан, дейишди. Биз шикоят қилолмасдик".

"Шикоят қилган ва тортишган аёлларни жазолашарди. Мени ҳам йиғлаганим учун жазо хонасига қамаб қўйишган".

"Бизни калтак билан ҳайдаб ҳожатхонага олиб боришарди" - Гулзира шу ерда бир муддат гапиролмай қолади.

"Бизга 2 дақиқа вақт беришарди. Эй, Оллоҳ, шулар ҳеч бўлмаса 5 дақиқа беришсин, деб ичимизда ўтинардик".

"Аёл кишини ҳам шундай хўрлашадими...?"

Оллоҳ ё компартия

Эрғали ҳам, Гулзира ҳам бугун Қозоғистонда.

Улар оиласи Қозоғистонда бўлгани учун ва қисман, халқаро босимлар остида озод қилинганларини айтишади.

Аммо Шинжонда юз минглаб уйғурлар ва қозоқлар лагерларда қолаётгани ишонилади.

Хитой расмийлари бу инсонлар марказларда таълим олишганини айтиб, уларнинг барчаси озод қилинганини таъкидламоқда.

Лекин фаолларнинг билдиришча, ҳозир лагерлардан чиқарилган кўплаб диндорлар узоқ йиллик қамоқ жазоларига ҳукм этилмоқда.

Бутун Шинжон кузатувдами?

"Бу инсонлар ташқарига чиққач ҳам, қаттиқ назорат остида қолишади" - дейди Қозоғистонда яшовчи журналист ва ёзувчи Жоанна Лиллис.

"Хитой ўз фуқаролари Оллоҳга эмас, балки Ши Жинпинг каби қаҳрамонлар ва раҳбарларга итоат қилишини истайди" - Жоанна Лиллис нега мусулмонлар лагерларга ташланганини тушунтиради - "Ислом ва мусулмонларни эса бундай қолипга тушириб, назорат қилолмайди".

Эрғали ҳам, Гулзира ҳам бошқа қатор мусулмонлар каби лагердан чиққандан кейин Хитойда ўзи туғилиб ўсган ўз қишлоғи ё шаҳрида бир неча ой тутиб турилган.

Улар уйда ҳам эркин бўлишдан қўрқишганини айтадилар.

"Уйда ҳам камера. Келиним ва отам овқатдан олдин ҳатто Бисмиллоҳ дейишдан қўрқиб қолишган экан" - дейди Гулзира.

"Кўп масжидлар ёпилиб, имомлар қамалган" - дейди ноиб имом Эрғали.

"Очиқ масжидларга ҳам одамлар боришдан қўрқади".

"Ҳозир мусулмонлар қамалишдан қўрқиб, ишдан кейин Хитойча ўрганишмоқда".

Кузатувчиларга кўра, Шинжондаги ҳар ўнинчи мусулмон лагерга ташланган бўлиши мумкин.

Хитой ҳар доим лагерларни махсус ўқув марказлари деб атаган.

Халқаро ва маҳаллий кузатувчилар борганида эса доимо шодон, рақс тушаётган ёки куйлаётган, касб-ҳунар ўрганаётган уйғурлар ва қозоқлар кўрсатилган.

Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp, Telegram ва Viber орқали боғланишни истасангиз, телефонимиз: +44 78-58-86-00-02