Россия: мигрантларга ҳам, уларнинг фарзандларига ҳам осон эмас

Мигрантлар болалари учун Москвада Арча байрами Фото муаллифлик ҳуқуқи BBC Uzbek

Россиядаги меҳнат муҳожирларининг ўзларидан кўра, болаларига қийин: боқчалар қабул қилмайди, мактабларга жойлашиш аксар ҳолларда муаммоли, кирганда ҳам ўқиш учун рус тилини ўрганишлари, янги муҳитга мослашишлари ва тез-тез учрайдиган миллатчилик таъналарига кўникишлари керак.

Улар муҳожирликда турли байрам шодликларидан кўра, ота-онасининг ёнида эканлиги билан хурсанд.

Москвада «Тонг жаҳони» МЧЖ раҳбари ва мигрантлар учун бепул юрист Валентина Чупик ташкилотчилигида муҳожир болалар учун янги йил байрами ўтказилди.

"Арча байрами" қаҳрамонлари иштирокидаги тадбирда қирққа яқин бола ва уларнинг ота-оналари қатнашдилар.

- Ижтимоий тармоқлардаги 20 дан ортиқ гуруҳларда эълон бердик, ким рўйхатга ёзилишга улгурган бўлса, шулар кела олди. Афсуски, ижарага олиш нархи қимматлиги учун каттароқ жойда байрам уюштиришга имкониятим етмайди. Совғаларни ҳам кўпроқ олиш керак бўлади. Ҳозирча қурбим фақат шу байрамга етди, - дейди Валентина Чупик.

Юристга кўра, МЧЖни қўллаб келаётган грант дастурларида муҳожир болаларга ёрдам бериш кўзда тутилмаган. Шу боис, ёш мигрантларга ўз ҳисобидан кўнгилли равишда тадбирлар ташкиллаштириб боради.

Норасмий маълумотларга кўра, Москва шаҳрининг ўзида 60 мингдан зиёд ўқувчи мигрантлар бор. Боғча ёшидаги муҳожир болаларнинг эса аниқ ҳисоби йўқ.

Россияга ишлашга келувчи Марказий осиёлик муҳожирларнинг 20 фоизга яқини фарзандини ўзи билан олиб келади.

- "Муаммо шундаки, муҳожирларнинг фарзандларини боғчаларга қабул қилишмайди. Аксар ҳолларда мактабга жойлаштиришда тушунмовчиликлар келиб чиқади, - тадбирдан мақсадини тушунтиради юрист. - Бу каби тадбирлар орқали ота-оналар ва болалар билан танишиш, уларнинг муаммоларини ўрганиш ва ҳал этишга кўмаклашиш имконияти бўлади".

Кузатувчиларга кўра, муҳожирликдаги болаларнинг катта қисмининг шароитлари оғир: улар "резина уй"ларда, ота-онаси ишдалигида қаровсиз қолади ёки бегона кишиларга ташлаб кетилади. Эътиборлиси, улар орасида тил билмаслиги ёки миллатчиликка учраши ортидан ўқимайдиган мактаб ёшидаги болалар ҳам бор.

Она-оналарининг ҳужжатларга бефарқлиги ортидан болалар ҳам жабр кўради. Уларга тиббий хизмат кўрсатилиши, болалар учун бериладиган имтиёзлардан фойдаланишлари чекланади.

Бу болалар ҳам ватанидаги бошқа тенгдошлари сингари яшашни исташади, аммо муҳожирликдаги шароит уларни бу хурсандчиликларини чеклаб қўйган.

Фото муаллифлик ҳуқуқи BBC Uzbek

- Болаларнинг қувнагиси-ўйнагиси келади. Лекин бу ерда аниматорларнинг хизмат кўрсатиш нархи қиммат, мигрантларнинг ҳамёни кўтармайди. Шу боис, ўзимиз турли қаҳрамонлар тимсоли билан байрамларда болаларга шодлик улашаяпмиз. Бунда бизга асосан талабалар ва кўнгиллилар ёрдам бераяпти - дейди Москвадаги қирғиз диаспораси фаоли Бахтигул Алимқулова.

Биз байрамда хурсандчилик қилаётган муҳожир болаларнинг бир нечаларини "Қорбобога ишонасизми?", дея суҳбатга тортдик.

- Йўқ, ишонмайман. Қорбобо - бу Қорбобони кийимини кийиб олган амаки, - дейди Айден исмли қирғиз қизча.

Яна бир болакай эса, ишонмаса ҳам у шоколад олиб келишини исташини айтди. Баъзилари ишонади, баъзиси йўқ, аммо уларнинг кўпчилиги номидан ўзбекистонлик болакай жавоб берди:

- Бу бизнинг энг севимли байрамимиз, энг қувноқ байрам!

Биз суҳбатлашган болаларнинг барчаси рус тилида равон гапиришаяпти. Шунга қарамай, ҳуқуқ ҳимоячилари рус мактабларида Марказий осиёликларга нисбатан маҳаллий ўқувчилар ва хатто ўқитувчилар томонидан ҳам миллатчилик ва камситишлардан шикоятлар бўлиб туришини билдиришди.

- Шу тадбирлар сабаб кўпчилик ота-оналар билан мулоқот ўрнатаман, бу менга кўплаб болаларнинг хужжатларини тўғирлашда кўмаклашишда керак бўлади. Бу болалар ҳуқуқларининг поймол қилинишининг камайишига олиб келади, - деди тадбир ташкилотчиси ва юрист Валентина Чупик.

BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг.

Telegram каналимиз: https://t.me/bbcuzbek

Бу мавзуда батафсилроқ