Россия: Ўз жонига қасд қилишлар ҳам бўлади - мигрантлар қамоқхонасидаги ўзбек

  • "Бу ерда энг кўпи ўзбеклар, 85 фоиз тутқунлар - ўзбекистонликлар".
  • "Жиннихонага олиб бориб, яна қайтариб келтириб "тиқиб" қўйди".
  • "Оғрияпман, десангиз - "ўлиб қолсанг, ўлигингни жўнатамиз", дейди".
  • "Болалари йиғлаб телефон қилади: оиласида егани нони йўқлар бор".
  • "Самарқандлик бола ўз томирини кесиб ташлади".
  • "Қафас бор - ташқарига чиқиб ичида тоза ҳавога чиқамиз".
  • "Асосан, пули йўқлар ва ёши катталар ойлаб ётади"

Ўтган йили икки ой Тула вилоятидаги чет эл фуқароларини вақтинчалик сақлаш марказида бўлган 24 ёшли Алишер у ерда кўрган-кечирганларини Би-би-си Ўзбек хизматига сўзлаб берди.

Ёзда печка ёқиб исиндик

"2018 йил 3 мартда Россияга ишлашга келганман, қурилишга жойлашдим. Менга иш жойим ҳужжат қилиб берди. 1 йилдан ошиқ вақт шу ҳужжат билан ишлаб юрдим. Ундан кейин биз Тула вилоятига ўтдик ва у ерда 1 ой ишладим. Кўчада кетаётганимизда бизни ДАН ходимлари тўхтатиб, ҳужжатларни сўради, бердик. Бизни Киров туман ИИБга олиб боришди. У ерда ҳужжатларингиз қалбаки, деди. Муҳрлар қалбаки, бунақа манзиллар йўқ, дейишди. Ўша ерда 24 соат ушлаб ўтирди, суд қилиб, Россиядан чиқариб юборишга ҳукм чиқаришди.

Россия - Ўзбекистон: Томскда 10 нафар ўзбек ёниб кетган

Мигрант ҳасрати: Адолатсизликларга жим қараб туриш унга шерик бўлиш билан баробар - Ўзбекистон, O'zbekiston

Кўзлари оқиб кетган мигрант нимадан афсусда?

Шу тариқа "спецприёмник"ка тушиб қолдим. У ерда яшаб бўлмайдиган аҳвол эди. Темир эшиклар, хоналар сассиқ, нафас олиб бўлмайди. Ҳожатхонаси камера ичида, зах, совуқ. Июнда борган бўлсам, июлни 19 чи санасигача ўтирдим. Ёз кунида ҳам печка ёқиб, газда исиниб ўтирдик. Мигрантларга муомаласи ёмон, сизга худди оғир бир жиноят қилгандек муомала қилади.

Қафас ичида сайр

Бир кунда 3 маҳал овқат беради, лекин еб бўлмайди. У ерда рўйхатда бунақа нарсалар бериляпти, деб яхши нарсалар кўрсатилган, аслида эса вазият унақа эмас. Масалан, эрталабга қора нон билан каша берса, тушликка гречка ёки гуруч беради.

Фото муаллифлик ҳуқуқи Courtesy

Ташқаридан танишлар олиб келган нарсани ҳам тўлиқ киргизмайди, фақат колбасани ўтказади, қолганини ва сизни олдингизга келган одамни ҳам қайтариб кеткизиб юборади. Учрашгани рухсат бор, лекин яқинларингиз билан учраштиришмайди, кўриштиради-ю чиқариб юборади.

2 соат сайр белгиланган, лекин уни ҳар доим ҳам беравермайди. Ташқарида қафас бор, шу ерга олиб чиқади. Телефонингизни кирганингизда олиб қолади, пул бериб олганлар бор, телефонини қайтариб сотиб олганлар бор.

Тиш, сочларимиз тўкилди

Агар касал бўлиб қолсангиз, касалхонага номига олиб бориб, текшириб, қайтариб олиб келиб қўяди. Олиб борди ҳисоби. Оғрияпман, десангиз ўлиб қолсанг ўлигингни жўнатамиз, сенга бу ер санаториямас, дейди.

Сувлари шўр, ташқаридан келтиришади, лекин ичиб бўлмайди. Тиш, соч тўкилаяпти, оғиз касалликлари бўлаяпти. Лекин асосий касалликлар - захдан. Сиёлмай, нажас чиқара олмай қолганлар ҳам бор. 2 киши ҳожатга чиқса қон аралаш чиқаяпти.

Бизга яхши гапирадиганлар фақат савдогарлар. Улар ташқаридан нос, сигарет, тухум, шунақа нарсалар олиб келиб сотади, моли ўтиши учун яхши гапириб қўйишади.

Жонига қасд қилишлар ҳам бўлади

Элчихонага ёки бирон жойга телефон қиламиз, кутинглар, сабр қилинглар дейди. Ҳар хил ташкилотларга телефон қилдик. Жуда ачинарли ҳолат-да. Биз меҳнат қилиб, патент тўлаб ишлаймиз, ҳужжатимиз муддати бир ўтиб кетган ёки нимадир хато бўлса ҳам, дарров олиб келиб, бу ерга жойлайди.

Бу ерда эр-хотин тушиб қолганлар бор, уларни ажратиб юборади. Ҳар-хил келишмовчиликлар бўлиб туради. Ўз жонига қасд қилганлар бўлади. 24 соат бир деворни ичида ўтиравериб чидаб бўлмайди экан-да.

Бир самарқандлик одам ўзининг томирларини кесиб ташлади. Умри бор экан, тирик қолди. Уни жиннихонага олиб бориб, 20 кунча сақлаб яна қайтариб келиб, шу ерга "тиқиб" қўйди.

Оғир жиноятчидек қарашади

Битта шахсини тасдиқловчи ҳужжат ёки ватанга қайтиш сертификатини беришлари учун 6 ойлаб вақт кетади. 6 ойлаб ётишади одамлар. У ёқда оиласи, болалари йиғлаб телефон қилади, егани нони йўқ, шароити оғирлар бор. Пул жўнатолмайди. Ишлагани келади, тушиб қолади, ётаверади 5-6 ойлаб. Таниш-билиши борлар бир-бир ярим ойда йўлини қилиб, пулини бериб чиқиб кетади. Асосан пули йўқлар, ёши катталар эса ойлаб ётаверади.

Энг кўпи ўзбеклар у ерда, тахминан 85 фоизи ўзбекистонликлар. Қирғизистон ва тожикистонликлар кам, энг кўпи ўзбеклар.

Бу бино олдин руҳий касалликлар шифохонаси бўлган экан. Темир кроватларга кўрпа солинган, чойшаблар беради, 2 хафтада алмаштириб туради. Ҳафтада бир ҳаммомга олиб боради. Хоналар зах, катта, 12 кишилик ҳам, 4 кишилик ҳам бор. Ҳар бир хонада кузатув камералари бор.

Оғир жиноятчидек қарашади, у ерда ўзингизни сиқиб, еб бўласиз. Овқатларини иложи йўқлар ейди. Танишлари, биродарлари борлар ташқаридан егулик келтириб беришади.

Тезроқ кетказинг, уйга бориб ишлайлик

Ташқи ишлар вазирлиги, элчихоналаримиз, ҳукуматдагилардан Россия билан келишиб, спецприёмниклардаги муҳожирларни тезроқ уйига қайтариш чорасини кўришларини сўрайман. Бу ерда туриш жуда қийин бўлиб кетган, ундан кўра, уйга бориб ишлайлик, оиламизни боқайлик.

Ҳужжат қилиб берувчи акалардан илтимос қилардим, иложи борича қалбаки ҳужжат қилиб беришмаса. Ҳаққини олаяпсиз, тоза ҳужжат қилиб беринглар. Сизларни деб, 5 ярим-6 минг рубль пулни орқасидан ойлаб бу ерда қийналиб ўтирганлар бор".

BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг. Telegram каналимиз: https://t.me/bbcuzbek

Бу мавзуда батафсилроқ