Бир кун олдин ушланган фаолнинг изолятордан ўлиги чиқди - Қозоғистон ва намойишлар

Фото муаллифлик ҳуқуқи Joanna Lillis
Image caption Мухолиф партия тарафдорлари ёппасига ҳибсга олиндилар

Қозоғистон пойтахти Нурсултондаги тергов изоляторида 42 ёшли фаол Дулат Ағадил оламдан ўтган. Бу ҳақида шаҳар полицияси департаменти хабар тарқатди. Ағадил кеча, 24 февраль куни тунда уйидан олиб кетилганди.

Унинг вафоти Қозоғистонда яна авж олган норозилик намойишлари тўлқини манзарасида юз бермоқда.

Полициянинг айтишича, у спиртли ичимлик таъсири остида бўлган ва юрак етишмовчилигидан ўлган. Аммо, Қозоғистонлик қатор журналистлар ва фаоллар Ағадилнинг ичмагани ва чекмагани, тўрт фарзанднинг отаси бўлгани, ва уйидан тунда мажбуран олиб кетилиши ортидан изоляторда уриб ўлдирилган бўлиши мумкинлигини айтишмоқда.

Би-би-си билан суҳбатда марҳумнинг сафдоши Дархан Умирбаев Ағадил ичган бўлганлиги ҳақидаги маълумотни ҳукумат ўйлаб чиқарганини айтиб, бу иддаога ишонмасликка чақирди. Мухолифат фаоллари Ағадил ўлими ортидан Ички ишлар вазирининг истеъфосини талаб қилишмоқда.

Полициянинг баёнотига кўра, Дулат Ағадилга судга бўйсунмаслик ва судни ҳақорат қилиш айблари билан ҳибс чораси белгиланган, у ушлаб турилган камерада яна тўрт маҳкум бўлган ва уларнинг бари Ағадилга қарши зўравонлик ишлатилмаганини айтиб кўрсатма беришган.

Айни дамда халқаро инсон ҳуқуқлари ташкилотлари Қозоғистонда мухолифат ва фуқаролик фаолларига қарши тазйиқларни тўхтатишни талаб қилишмоқда.

Халқаро Амнести гуруҳи уч кун аввал Алмати шаҳрида ўтган мухолифат намойишида ҳибсга олинган камида 70 кишини зудлик билан шартсиз озод қилишни сўрамоқда.

Бу намойишчилар ҳукуматнинг сиёсий партиялар рўйхатга олинишига тўсиқлик қилиши ва ҳукумат танқидчиларига қарши тазйиқдан норозилик билдириб чиққан эдилар.

Митингнинг бош мақсади, Амнести ва қатнашчиларга кўра, яқинда асос солинган, аммо рўйхатдан ўтказилмаган мухолифатдаги Қозоғистон Демократик партиясини тинч йўл билан қўллаб-қувватлаш бўлган.

Фото муаллифлик ҳуқуқи Darkhan Umirbaev
Image caption Ағадилнинг дўстлари тарқатган видеода у тунда ўз уйида ҳибсга олинаётгани ва кишан солинаётгани акс этган

Амнести гуруҳига кўра, партия ўз таъсис қурултойини ўтказишга шайланганида ҳукуматнинг қаттиқ босимига учраган, унинг қатнашчилари ҳибсга олинган.

Партия аъзоларига кўра, уларнинг ўнлаб сафдошлари бутун Қозоғистон бўйлаб қурултой арафасида босимга учраган ва уларнинг камида 23 нафарига турли айблар билан маъмурий ҳибс чораси қўлланилган.

Журналист Жоанна Лиллис хабарига кўра, Алматининг ўзида 200дан ошиқ киши ҳибсга олинган.

Партия тарқатган видеода Демократик партия раҳбарларидан бири Жанбол Раҳматилланинг қурултойдан бир кун аввал, 21 февралда ҳибсга олиниши акс этган.

Унинг сафдошлари олган видеода полиция ходимлари ўзларини таништиришдан бош тортадилар ва Раҳматилланинг қаерга олиб кетилаётганини ошкор қилмайдилар. Бироз кейинроқ Жанболат Мамайнинг рафиқаси, журналист Инга Мамай ҳам ҳибсга олинди.

Қозоғистон: Оммавий тартибсизликларда 8 киши ҳалок бўлди - нималар маълум

Қозоғистон: Сайлов олдидан намойишлар нимани англатади?

Президент қизи президент бўладими? Қозоғистон ва Назарбоев оиласи - BBC Uzbek