Коронавирус - Ислом ва тиббиёт тўқнашмоқдами? Дунё, Хитой, мусулмонлар, Эрон, O`zbekiston

Зиёратгоҳ тозаланмоқда Фото муаллифлик ҳуқуқи AFP
Image caption Одам кўп борадиган зиёратгоҳларни ёпиш керакми?

Коронавирус ёки Covid-19 Хитойдан ташқари яна учта мамлакатда кенг тарқалди.

Булар - Жанубий Корея, Эрон ва Италия.

Ушбу мамлакатларда ўнлаб одамлар вирусни юқтиришди, ўлим ҳоллари ҳам юз бермоқда.

Дунёда вирусни юқтирганлар сони 80 мингдан ошмоқда.

Пандемия бошланадими, деган хавотирлар кучайган.

Айни пайтда Жазоир, Афғонистон, Хорватия, Австрия, Испания, Швейцария ҳам вирус ташувчиларни аниқлашганини айтишди.

Франция ва Германия янги ҳолатлар ҳақида хабар беришди.

Коронавирус хавфи Ўзбекистон остонасига ҳам яқинлашди

Коронавирус аломатларини биласизми?

Европанинг коронавирус энг кўп аниқланган давлати - Италия ( 300 бемор, 11 қурбон) ўз шимолидаги бир нечта шаҳарда карантин эълон қилди.

Эронда Соғлиқни сақлаш вазири муовини ва бир депутат ҳам вирусни юқтирган.

Бу мамлакатда жами 139 нафар одам вирусни юқтирган, 19 инсон вирусдан ҳалок бўлди.

Аммо АҚШ вакилларига кўра, Эрон коронавирус ҳақида ҳақиқатни яшираётгани бўлиши мумкин.

Ҳаммаси Аллоҳданми?

Фото муаллифлик ҳуқуқи AFP
Image caption Ғарб санкциялари остида қийналаётган Эронда ниқоб ва дорилар етишмайди.

Эрон Ислом ва илм-фан тўқнашувида қолди.

"Италиядан фарқли тарзда, Эрон расмийлари вирус кўп тарқалган ҳудудларни карантин қилишмаяпти" - деб ёзади Би-би-си Форс Хизматидан Раъно Раҳимпур.

Эрон диний раҳбарлари карантин эскича усул ва фойдасиз, деб айтишган.

Қум ва Машҳад шаҳарларидаги зиёратгоҳлар ҳамон очиқ.

Аммо йирик қадамжолар, хусусан, Қумдаги Ҳазрати Маъсума мақбараси дизинфекция қилиб турилибди.

Зиёратгоҳларни ёпиш Эрон муллалари учун катта қадам ва агар кучли халқаро босим бўлмаса, Эрон қадамжолари ёпилиши даргумон.

Эронда кўпчилик "Ҳаммаси Аллоҳдан" деган ақидани қайтаради.

"Худди шу ерда анъанадор Ислом ва илм-фан тўқнашмоқда" - деб ёзади Раъно Раҳимпур.

Шуниси ҳам борки, аксар мусулмонлар "юқумли касаллик тарқалган жойга кирмаслик ёки касаллик тарқалган ердан чиқмаслик керак" деган тушунчага ҳам риоя қиладилар.

Бу амал кўп жиҳатидан замонавий карантинга тўғри келади.

Ғарб санкциялари оқибати

Эрон узоқ йиллардан бери Ғарб санкцияларидан азият чекиб келади.

Айни пайтда вирус тарқалишини жиловлаш учун Эронда етарли дори-дармон ва тиббий жиҳозлар ҳам етишмайди.

Мамлакатда ҳатто оддий жарроҳлик ниқоблари ва касалликни аниқловчи ускуналар етишмаяпти.

Айни пайтда, қатор шифокорлар, Мажлиси Олий депутати ва ҳатто Соғлиқни сақлаш вазири муовини ҳам вирусни юқтиришган.

Шу сабабли одамлар орасида хавотирлар ошмоқда.

Афғонистон ғарбидаги Эронга чегарадош Ҳирот шаҳрида аниқланган коронавирус ҳолати ҳам Эронга боғланмоқда.

Эронга бориб келган яна бир неча киши аҳволи ўрганилмоқда.

BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг.

Telegram каналимиз: https://t.me/bbcuzbek