Афғонистонда ким уруш жиноятлари қилган - Америка, Толибон ё ҳукумат?

Мотамсаро она
Сурат тагсўзи,

Фарёблик ўзбек она ҳукумат ташлаган бомбада ўлган болаларининг оёқ кийимларини йиғмоқда.

Афғонистон низосида АҚШ кучлари, Афғон ҳукумати, Толибон ва бошқалар уруш жиноятларига қўл урган деган даъволар ўрганилади.

Бу - Халқаро Жиноят Маҳкамаси (ХЖМ) қабул қилган қарор.

Маҳкама тергов-суриштирув жараёнларини тўсиш ҳақидаги ўзнинг олдинги қарорни бекор қилди.

2019 йил Апрель ойида ХЖМ маҳкамадан олдинги қарорида текширув жараёни "адолатга хизмат қилмаслиги учун" тўхтатилади, деган қарорга келганди.

Эндиликда 2003 йил Май ойидан бери ҳам Толибон, ҳам Афғонистон ҳукумати ва ҳам АҚШ кучлари қўл урган амаллар текширилади.

Аммо АҚШ Халқаро Жиноят Маҳакамасига қўшилмаган ва бу маҳкаманинг Америка фуқаролари қилган ишларни текширишини ва уларнинг тақдирини ҳал қилишини тан олмайди.

Афғонистон эса Халқаро Жиноят Маҳакамаси аъзосидир.

АҚШ нима қилган?

Сурат манбаси, Getty Images

Сурат тагсўзи,

Афғонистонда АҚШ, Толибон ва Афғон ҳукумати бари уруш жиноятларига қўл урган, деган даъволар бор.

Прокурор Фату Бенсуда 2017 йилдан бери Афғонистондаги уруш жиноятлари ҳақидаги даъволар расман текширилиши учун курашиб келди.

ХЖМ маҳкамасининг 2016 йилги ҳисоботида ёзилишича, АҚШ кучлари ҳам Афғонистондаги махфий ҳибсхоналарда қийноқ қўллашган, деб ишониш учун етарли асослар бор.

Бу ҳибсхоналарни АҚШ Марказий Жосуслик Агентлиги бошқарган.

Айни пайтда, ушбу ҳисобот Афғонистон ҳукумати ва Толибон ҳам уруш жиноятларига қўл урганига ишониш учун асослар болигини таъкидлайди.

Афғонистонда охирги 40 йилдан ортиқ вақт давомида урушлар кечган ва унда турли гуруҳлар, давлатлар ва шахслар иштирок этишган.

Айни гуруҳ ва шахсларнинг айримлари ҳамон сиёсий фаол ва юқори амалларда ўтиришади.

Фаоллар ва инсон ҳуқуқлари гуруҳлари иддаоларига кўра, улар орасида айримларининг уруш жиноятларига ургани борасида даъволар мавжуд.

Кемтик адолат

Сурат тагсўзи,

Шимолдаги ўзбек қишлоғи устига Афғон ҳукумати тўртта бомба ташлагани айтилади.

Халқаро Амнистия гуруҳи Халқаро Жиноят Маҳкамаси қарорини маъқуллади ва "ХЖМ ўзи қилган олдинги мудҳиш хатони тузатиб, уруш қурбонлари тарафида туришини намойиш қилмоқда" дея урғулади.

ХЖМнинг ҳозирги қарори урушларда азият чеккан афғонлар кўнглида адолат умидини уйғотади.

Лекин агар фақат 2003 йил Май ойидан кейинги даъволар текширилса, бу барибир, Афғонистондаги узоқ йиллик урушда азият чеккан барча инсон учун тўлиқ адолатни англатмайди.

Чунки Афғонистонда урушлар бошланганига қирқ йилдан кўпроқ вақт ўтди.

Қолаверса, АҚШ кучлари Афғонистонга бостириб кирган ва Толибон қудратдан кетказилган 2001-2002 йиллари ҳам ўта даҳшатли уруш жиноиятлари содир этилгани борасида иддаолар чиққан эди.

BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг.

Telegram каналимиз: https://t.me/bbcuzbek