Коронавирус: Тожикистон бозорларида ваҳима, диний қўмита эса масжидларни ёпди

бозор

Тожикистоннинг жанубий туманларида пайдо бўлган миш-миш аввал мамлакат пойтахти Душанбега, ундан Анзоб ва Шаҳристон довонлари оша шимолий Суғд вилоятига етиб келди. Аҳоли орасида ваҳима кучайиши натижасида, бозорларда ун, шакар ва ёғ каби маҳсулотлар талаш бўлиб кетди. Ҳукумат қошидаги Диний ишлар қўмитаси эса коронавирус билан курашиш учун аввало масжидларни ёпиш кераклиги ҳақида тавсия берди.

Аҳоли орасида жаҳоннинг етмишта мамлакатида коронавирус деган касаллик тарқалиб, Тожикистон ўз чегараларини бутунлай ёпиб қўйгани ва натижада четдан келтириладиган озиқ-овқат маҳсулотлари камайиб кетади, деган асоссиз миш-мишлар тарқалган.

"Агар Тожикистон ҳукумати коронавирусдан сақланишнинг эҳтиёт чоралари ўлароқ яқинлашиб қолган Наврўз байрамини тор доиралардагина нишонлашга қарор қилган, ҳукуматнинг Диний ишлар қўмитаси масжидларни вақтинчалик ёпиш, жаноза намозидан бошқа жамоат билан ўқиладиган намозлар ўқилмаслигини тавсия этган бўлса, оддий одамлар коронавирус хавфидан чўчиб бозор ва магазинларга ёпирилдилар", дейди таҳлилчи Низомиддин Йўлдошев.

Унинг айтишича вилоят туманларида, айниқса, тоғли Зарафшон водийси шаҳар-қишлоқларида ун, шакар ва ёғнинг нархи бирданига кўтарилиб кетган. "Бизга етиб келган хабарларга кўра Айний туманида одатда 185-190 сомоний ($19)дан сотиладиган бир қоп юқори навли уннинг нархи 250 ($25), ҳатто 300 сомоний ($31)гача чиқиб кетибди", деди таҳлилчи.

- Биз Хўжанднинг шундайгина биқинидаги Ғозиён қишлоғида яшаймиз. Кўпчилик ҳамқишлоқларимиз ўзимиздаги дўконларда ун қолмагач, Хўжанд бозорларига чопиб қолишди. Бир қўшним Хўжанднинг "Гулистон" улгуржи бозоридан оғзи қулоғида қайтди. У 21 қоп ун сотиб олибди. Ҳар қопини 220 сомоний ($22.71)дан. Бу уннинг қопи 185 сомоний ($19.10)дан эди-ку, десам, қўшним яхшиям тезроқ олганим, мендан кейин уннинг нархи яна қимматлаб кетди ва бозорда ун қолмади, деди, — бошини чайқаганча дейди Абдуҳаким Шокиров.

Шу куни "Гулистон" улгуржи бозоридаги мавжуд 53 тонна ун сотилиб, яна 27 тонна олиб келинди. Бу ун ҳам талаш бўлиб кетди.

Худди шундай икки кун ичида бозор ва озиқ-овқат дўконларида ўсимлик ёғи, шакар сотувчилари олдида навбат турнақатор бўлиб кетди.

- Кеча соат ўн бир яримгача - ярим тунгача эшигим тақиллагандан-тақиллади. Энг паст навдаги мош ҳам қолмади — ҳаммасини олиб кетишди, — деди Хўжанддаги машҳур "Пайшанбе" бозорида мош, ловия, нўхат каби маҳсулотлар сотиб ўтирган ўттиз ёшлардаги аёл.

Бозорларда картошка ва сабзавот ҳам қимматлаб кетган.

Ваҳима авжига чиқиб, бозорлардаги навбатлар ҳатто ур-йиқитга айланиб, олатасир кучайгач, маҳаллий ҳукумат шошилинч чоралар кўришга киришди. Одамлар орасида тушунтириш ишлари билан бирга, озуқа нархларини сунъий равишда ошириб юборган сотувчиларга қарши чоралар кўра бошланди. Хўжанд шаҳри ва унга ёндош Ғафуров туманидаги ун сотувчилардан бир неча нафари нарх устига нарх қўяверганликлари учун милиция томонидан олиб кетилди.

Вилоят Раиси Ражаббой Аҳмадзода эса, Хўжанднинг энг йирик бозорларига бориб, халқ орасига кирди. У Суғд вилоятида ҳам, бутун Тожикистонда ҳам коронавирусга биронта одам чалинмагани, мамлакат ҳукумати барча эҳтиёт чораларини кўраётганини,озиқ-овқат захиралари эса бир неча йилга етарли эканлигини айтиб, ваҳима қилишга ҳеч қандай асос йўқлигини айтиб, ҳар хил миш-мишларга ишонмасликка чақирди.

"Мен бозорлардаги ҳолатни ўз кўзим билан кўрмадим. Лекин вилоят раисининг оломон орасига кириб борганидан ваҳиманинг қанчалик кучли эканлигини билишим қийин бўлмади. Чунки унинг иштирокидаги йиғилишлар, тадбирлар бошланишидан камида бир соат олдин ҳозир бўлишимиз таъкидланарди. Кираверишда эса, ҳаммани, жумладан, биз журналистларни ҳам аппаратлар билан текшириб, кейин киритишарди. Демак, вазият оғир бўлган ва у олмон орасига кириб борган", деди исмини ошкор этишни истамаган журналист.

"Ишқилиб, чегаралар ёпилмасин-да!"

Худди шу куни соат иккида Хўжанддаги "Матбуот қасри"да журналистларни брифингга даъват этишди. Унда вилоят бош санитар врачи Умид Нарзуллозода ва вилоят соғлиқни сақлаш бошқармаси бош врачи ўринбосари Маъруф Ҳожибоев қатнашиб, Тожикистонда, жумладан, Суғд вилоятида ҳам бирон киши коронавирусга чалинмаганлиги, ваҳимага ўрин йўқ эканлигини айтишди.

Умид Нарзуллозоданинг Тожикистонга чет эллардан қайтиб келган 330 киши ҳалигача карантин остида эканлиги, уларнинг 111 нафари Суғд вилояти соғлиқни сақлаш муассасаларида карантинда сақланаётганини айтди. Вилоятда карантинда бўлган 363 та кишидан 252 нафарига уйига жавоб берилган.

- Бахтимизга ҳеч ким коронавирусга чалинган эмас. Кимлардир 2 киши вирус юқтирган деган миш-миш тарқатибди. Лекин бу миш-мишларнинг ҳеч қандай асоси йўқ. Бизда коронавирус белгиларини аниқлаш учун барча замонавий имкониятлар бор. Россия давлати мамлакатимизга коронавирусни аниқлаш борасидаги тестларни етказиб берди, — деди Умид Нуруллозода.

Тожикистон ҳукумати қўшни мамлакатлар билан чегара-ўтиш нуқталарида назоратни кучайтирган. Айни бир пайтда Тожикистонга дунёнинг 35 та мамлакатидан меҳмонлар, сайёҳлар келиши тақиқлаб қўйилди. Бу рақам кун сайин катталашиб бориши кутилмоқда.

Ўтган ҳафта Тожикистондан кичик ҳаж - умрага отланган 48 нафар зиёратчи Саудия Арабистони Макка ва Мадинага хориждан кириб келишни тақиқлагани учун Бирлашган Араб Амирликларининг Дубай шаҳридан ортга қайтарилди.

Оддий одамлар айниқса Ўзбекистон билан чегаралар ёпиб қўйилишидан қаттиқ хавотирга тушишган.

- Ислом Каримов даврида виза тартиби боис Ўзбекистонга ўтиш жуда қийин бўлиб қолганди. Аям дунёдан ўтганларида чегаранинг нариёғида, шундайгина ўн беш чақирим нарида, Бешариқда яшайдиган тоғаларим азага кела олишмаганди. Ишқилиб, на Тожикистонимизга, на Ўзбекистонга ўша коронавирус деган вирус қадам босмасин. Чегараларимиз ҳозиргидек очиқ туриб, истаган пайтимизда қариндошларимизникига бориб келайлик. Ишқилиб, чегаралар ёпилмасин-да, — деди Конибодомнинг Патар қишлоғида яшайдиган Дилшодбек Турсунов.

Кузатувчиларга кўра эса, бозорларда ваҳиманинг кучайиши ҳам Ўзбекистон чегаралари ёпилиши, натижада бу қўшни мамлакат орқали Қозоғистондан келадиган ун ва буғдойнинг, Россиядан келтириладиган ёғ ва шакарнинг тўхтаб қолишидан хавотирлик сабаб бўлган. Ахир, одамлар Хитой ва Афғонистон билан чегараларнинг ёпилиши боис Хитой ва Эрон молларининг камайиб кетаётганини кўриб-билиб турибдилар-да, дейди кузатувчилардан бири.

Унутилаёзган брифинглар

Суғд вилояти ҳукумати ваҳимани аритиш мақсадида биринчи бўлиб озиқ-овқат ярмаркаси ташкил этди. Хўжанд шаҳри марказидаги Камол Хўжандий театри майдонидаги бу ярмаркага эрта тонгдан қадам қўйиш қийин эди. Гарчи одамларга маҳаллий телевидениенинг оқшом кўрсатувларида Тожикистондаги, жумладан, вилоятдаги ун, ёғ, шакар ва бошқа озиқ-овқат захиралари бир неча йилга етиши аниқ рақамлар келтирилиб айтилган, улардан ваҳимага тушмаслик сўралган бўлса-да, барибир ун, ёғ ва картошка каби маҳсулотлар сотилаётган машиналар олди навбат бир чеккада қолиб, тиқилинчга айланди. Картошка сотилаётган машина бир пасда бўшаб қолди. Бир неча соат ичида 115 тонна ун сотилди. Ун нархи бир кун олдингига қараганда камида 35 сомоний арзон эди.

Тушдан кейин эса, журналистлар "Матбуот қасри"га, яна бир брифингга даъват этилдилар. Бу гал улар ҳузурига озиқ-овқат масалалари билан машғул тўрт масъул раҳбар ташриф буюрди.

- Бизда ун, ёғ ва аҳоли эҳтиёжлари учун зарур бошқа барча озиқ-овқат захиралари мавжуд, — вилоят озиқ-овқат хавфсизлиги қўмитаси бошлиғи Аъзам Ализода бу гапларни айтар экан, аниқ рақамларни келтирди ва журналистлардан реал воқеликни аҳолига тушунтиришларини сўради.

"Тўғриси, мен сўнгги марта қачон брифинг ўтказилишини эслай олмайман. Тўғри, йилига икки марта матбуот йиғинлари ўтказилади. Лекин муҳим сиёсий ё иқтисодий масалалар бўлмасин, ё ижтимоий, маданий ҳаётга оид аҳолини қизиқтирадиган масалалар бўлмасин, брифинг ўтказилмасди. Демак, икки кунда устма-уст икки брифинг ўтказилган экан, ижтимоий тармоқда тожикистонлик бир йигит ёзган гаплар ҳақ экан-да", дейди ўз исмини Мурод деб аташни сўраган журналист.

Тожикистонлик йигит эса, "Ваҳимавирус коронавирусдан зўр чиқди"" деб ёзган экан.

Завод қурса бўладиган маблағ

Тожикистон ҳукумати кейинги кунларда коронавирус муносабати билан эҳтиёт чораларини кучайтиришни айтиб, жорий йилда халқаро Наврўз байрамини ортиқча ҳашамат билан қайд қилмасликка қарор қилди. Наврўзни тор доирада нишонлаш айтилди.

Бу йил халқаро Наврўзнинг асосий тадбирларини Хўжанд шаҳрида ўтказиш режалаштирилган эди. Шаҳардаги йигирма беш минг кишилик стадионда Тожикистон Президенти иштирокида "Наврўз паради" ўтказишга тайёргарлик кўрилаётганди.

"Наврўзни ҳар йилгидек дабдабали нишонламасликка қарор қилишгани жуда яхши иш бўлибди. Унга сарфланадиган маблағга битта катта завод қурса бўлади. Қанча одам иш билан таъминланади", деб ёзибди тожикистонлик ижтимоий тармоқ фойдаланувчиларидан бири.

Лекин Суғд вилоятида Наврўзга тайёргарлик қўмитаси аъзоларидан бирининг айтишича Хўжандда бу қадимий байрамни кенг миқёсда нишонлаш тараддуди тўхтатилган эмас. Наврўз парадида эса, минглаб кишилар қатнашиши кутилмоқда. Кузатувчиларнинг айтишларича, олий ўқув юртлари талабалари ва мактаб ўқувчилари дарсдан озод этилиб, байрамга тайёргарлик машқларида қатнашишмоқда.

Масжидларни ёпиш ҳақтда тавсияли тақиқ

Тожикистон Ҳукумати қошидаги Диний ишлар қўмитаси коронавируснинг олдини олиш учун ҳеч бир кутилмаган ишга қўл урган. Қўмита тавсиясига кўра ҳозир мамлакатдаги барча масжидлар ёпилган.

Сурат тагсўзи,

Масжидлар ёпилган

Лекин Диний қўмита масъул ходимларидан бири телевидение орқали чиқиш қилиб, жамоат бўлиб намоз ўқимасликни тавсия этишгани, бу тақиқлаш деган гап эмаслигини айтган.

Аммо вилоятнинг бошқа масжидлари каби Хўжанддаги энг йирик "Шайх Маслаҳатуддин" масжиди эшиклари ҳам намозхонлар учун очилмаган. Эшикка коронавирус сабабли жамоат бўлиб намоз ўқимаслик уқтирилган ёзув осилган. Юзлаб одамлар Диний қўмита тавсиясидан бехабарлик ёки тавсиянинг тақиқ ўрнини босмаслигини билганлари боис масжид эшигидан қайтиб кетишган.

- Мен ҳар жума куни Хўжанддан ўн беш чақирим наридаги Чоруқдаррон шаҳарчасидан шу масжидга келаман. Бизда жоме масжиди йўқ. Эшик олдида турган масжид ходимлари ичкарига киритишмади, — деди етмиш беш ёшли Узоқбой ота.

- Мен бир нарсага ҳайронман - нима ўша вирус деганлари фақат масжидда юқадими? Энди бозорларни, мактаб, боғчаларни беркитишмаганига айтяпман-да, — деди ўзини хўжандлик Исмат ота, деб таништирган киши.

"Бир ҳафтагина олдин "Шайх Маслаҳатуддин" масжидига намозхонлар сиғмай қолишганди. Ваҳима уясига чўп тиқаётганлар орасида жамоа бўлиб намоз ўқишга тавсия-тақиқ бераётганлар йўқмикан", дейди ўша Мурод деган журналист.

BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг.

Telegram каналимиз: https://t.me/bbcuzbek