Қирғизистон, коронавирус: Азимжон Асқаров озод этилсин

  • Шоҳруҳ Соипов
  • Мустақил журналист, Қирғизистон
Getty Images/Anadolu

Сурат манбаси, Getty Images/Anadolu

Сўнгги кунларда республикада коронавирусга чалинганлар сони ортиб борар экан, махаллий ва ҳалқаро ташкилотлар Қирғизистон ҳукуматини ҳуқуқбон Азимжон Асқаровни зудлик билан қамоқдан озод этишга даъват этмоқда.

Бишкекдаги "Бир Дунё - Қирғизистон" нодавлат ҳуқуқ ташкилоти, халқаро ташкилотлар ҳамкорлигида, Қирғизистон президенти Сўўрўнбай Жээнбековга қилган мурожаатида, қамоқхоналардаги ёши улуғ махбусларни юқумли касалликка чалиниш эҳтимоли юқори эканлигидан хавотир билдириб, уларни озод этиш имкониятларини қараб чиқишга чақирган.

"Сизни ҳуқуқбон ва журналист Азимжон Асқаровни тезроқ озод этишга даъват этамиз ва унгача унинг соғлигини ҳимоя қилиш чораларини кўришга, гигиена воситалари ва зарурият туғилганда тиббий ёрдамга мурожаат қилишини таъминлашингизни сўраймиз", дейилади баёнотда.

Ҳужжатни "Civil Rights Defenders - Фуқаролик ҳуқуқ ҳимоячилари", Ҳалқаро Амнистия, "Инсон ҳақлари бўйича Хелсинки жамғармаси", "Журналистларни ҳимоя қилиш қўмитаси" ва "Хьюман Райтс Вотч" каби ўнга яқин нуфузли халқаро ҳуқуқ ташкилотлари имзолаган.

Президентга йўлланган мактубда, Азимжон Асқаровни 68 ёшда эканлиги, у кўп йиллардан бери турли сурункали касалликлар, жумладан юрак ҳасталигидан азият чекаётгани, бироқ етарлича муолажа олмаётгани қўшимча қилинади.

"Коронавирус эпидемияси шароитида, Асқаров бу юқори хавфга эга бўлган одамлар гуруҳига киради", дея урғуланган мурожатда.

Азимжон Асқаров 2010 йилнинг июнида Ўш ва Жалолободда юз берган миллий низода иштирок этиш ва милиция ходимини ўлдиришга оид айбловлар билан бир умрлик қамоқ жазосига ҳукм этилган.

Азимжон Асқаров ҳар доим айбловларни рад этиб келган.

Халқаро инсон ҳуқуқлари ташкилотлари ва кузатувчилар ҳам Азимжон Асқаровга қўйилган айбловлар исботланланини савол остига оладилар.

Депутатлар ташаббуси

Қирғизистон Жўғўрқу Кенгаш депутатлари иккинчи жаҳон урушининг 75 йиллиги ҳамда апрел воқеаларининг 10 йиллиги муносабати билан авф ҳақида қонун лойиҳасини ишлаб чиққан.

Ўндан ортиқ депутатлардан иборат ташаббус гуруҳи аъзоси депутат Мирлан Бакировнинг сўзларига кўра, мазкур қонун лойиҳаси тасдиқланса, маҳсус бир тоифадаги одамларни афв қилиш масаласи кўриб чиқилади.

Улардан: 60 ёшга тўлган ва ундан улуғ эркаклар. Шу билан бирга 55 ёшдаги ва ундан ошган аёллар;

- Жисмонан имконияти чекланганлар, яъни I ва II гуруҳ ногиронлари;

- Вояга етмаган иккитадан кам бўлмаган фарзандлари ёки жисмонан имконияти чекланган I ва II гуруҳга таалуқли ногирон фарзанди борларнинг ёлғиз таъминотчиси бўлиб саналганлар;

- Ўта оғир бўлмаган жиноятларни биринчи марта содир этганлар

Расмий маълумотларга кўра, бугунги кунда Қирғизистонда 9500 киши озодликдан маҳрум этилган. Қонун лойиҳаси қўллов топса, уларнинг 1202 нафари озодликка чиқади.

Мазкур қонун лойиҳасида кўрсатилган озод этилиши мумкин бўлган маҳбуслар гуруҳига ҳуқуқбон Азимжон Асқаров ҳам киради.

Ҳужжат 15 апрел куни биринчи ўқувда овоз беришга юборилган.

"Асқаров озод этилсин"

Бирлашган Миллатлар Ташкилоти 2016 йилнинг апрел ойида Қирғизистон ҳукуматига Азимжон Асқаров борасида тавсия берган.

БМТнинг инсон ҳуқуқлари бўйича Олий комиссарлиги Асқаров ишини обдон ўрганган ва унинг қамалишидан тортиб барча босқичда ҳуқуқлари топталган дея хулоса қилган.

Ташкилот Қирғизисон ҳукуматидан Асқаровни ҳеч қандай шартларсиз дарҳол озод қилишни сўраган.

2017 йил сўнгида Қирғизистонда Асқаров иши қайта кўриб чиқилди, бироқ унга белгиланган бир умрлик қамоқ жазоси ўз кучида қолдирилган.

Қирғизистон Республикасининг жиноий кодексига ўзгартиришлар киритилиши ортидан 2019 йилнинг 30 июлида Асқаровнинг ишида яна бир бор кўриб чиқилди.

Жорий йил бошида Қирғизистон Олий Суди Азимжон Асқаровнинг ишини БМТ Инсон ҳуқуқлари қўмитасининг тавсиясига биноан қайта кўриб чиқиши мумкинлиги ҳақида маълум қилган.

27 феврал куни Бишкекда Қирғизистон Олий Суди жалолободлик ҳуқуқ ҳимоячиси Азимжон Асқаровнинг кассация аризасини кўриб чиқишни бошлаган.

Лекин давлат айбловчилари аризалар билан танишиб чиқиш учун вақт сўрашгани сабабли кейинги жараён 6 апрелга қолдирилган.

Бироқ, коронавирус хавфи сабаб, ҳуқуқбоннинг суд жараёни 11 майга ўтказилган.

Қирғизистон Соғлиқни сақлаш вазирлигининг 16 апрелдаги маълумотига кўра, республикада коронавирусга чалинганлар сони 466тага етган. Улардан беш нафари вафот этган.

BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг.

Telegram каналимиз: @bbcuzbek