Россия, коронавирус: Мигрантлар учун 5 та муҳим саволга ҳуқуқшунос жавоблари - Ўзбекистон O'zbekiston

BBCuzbek.com

Сурат манбаси, BBCuzbek.com

18 апрель куни Россия Президенти Владимир Путин пандемия тарқалиши ҳавфи ортидан мамлакатдаги меҳнат муҳожирлари учун бир қатор имтиёзлар берилиши тўғрисидаги қарорга имзо чекди. Бу ҳақда Би-Би-Си ўзбек хизматининг аввалги дастурларида маълум қилган эдик.

Айни мавзу юзасидан муштарийларимиз йўллаган, уларнинг энг кўп сўралаётган саволларига Москвадаги юрист Зарнигор Омониллаева жавоб беради.

Би-Би-Си: Путиннинг мигрантларга оид янги қарорини эълон қилганимиздан буён энг кўп ёзиб қолдирилган изоҳлардан бири: «Патент ростдан бекор бўлдими?»

Юрист: Владимир Путиннинг қарори мигрантларнинг патент, регистрация каби хужжатларининг муддатини 15 июнгача автомат равишда узайтириш ҳақида бўлди. Бу патентнинг муддати 15 июнгача узайтирилади, деган тартибни белгилаб беради. Биз патент тўловини тўлашимиздан асосий мақсад - патентнинг пулини тўлаб, яъни ойлик тўловини қилиб унинг муддатини узайтирамиз. Кейинги ой патентимиз амалда бўлиши учун патент пулини тўлаймиз.

Агар янги қарорда белгиланган тартибга риоя қиладиган бўлсак, патентни пулини тўласак ҳам, тўламасак ҳам, Россия Президенти қарорига кўра, ҳамма патентлар ва регистрациялар 15 мартдан 15 июнгача узайтирилаяпти. Демак, патентни пулини тўлашимиз шарт эмас, чунки қарор бўйича патентлар автоматик равишда узайтирилаяпти.

Би-Би-Си: Қарорни ўқиб чиққанларнинг ҳаммаси ҳам унинг мазмунини тўла тушуниша олмади. Кўплаб саволлар юзага келди. Айримларда «патент тўловини бекор қилиниши ҳақида банд йўқ» деган эътирозлар бўлди. Қарорни қисқача изоҳлаб берсангиз.

Юрист: Агар ҳамма ҳар бир қонунни ёки қарорни бир-бирига мослаштириб тўғри баҳолай олишганида, унда ҳуқуқшуносликка ўқиш шарт бўлмас эди. Шунинг учун буни тўғри қабул қиламиз ва мигрантларнинг фаол бўлиб, қонунларни билишга интилишларидан хурсандмиз.

Аслида ушбу қарор қонунга тўлдирувчи сифатида, вақатинчалик чора тариқасида қабул қилинган. Бу қарордан юқорироқда салмоқли бир федерал қонун бор. Бу 115-федерал қонунда Россия Федерациясидаги барча чет эл фуқароларининг қонуний ҳолатларини белгилаган. Шу қонунда белгиланишича, патентга ҳар ой тўлов тўлашдан мақсад унинг муддатини кейинги ойга узайтириш эди. Эндиликда бизни тўловимизсиз ҳам, Путиннинг қарори билан патентларимиз узайтирилаяпти.

Энди патентни муддатини узайтириш 15 июнгача ҳеч қаерга югурмаслик, ҳеч қандай ҳаракат қилмасликни кўрсатаяпти. Бу - патентнинг ойлик пулини 15 июнгача тўлаш шарт эмас дегани. Шу нуқтаи назардан патентга пул тўлаш вақтинчалик бекор қилинди, деган хурсандчилик билан хабарларни тарқатдик. Бу қарорни тўғри талқин қилиш юридик маълумотни талаб қилади.

Би-Би-Си: Миграция ҳисоби (регистрация) муддати узайтирилиши ҳам вақтинча бекор бўлдими?

Юрист: Ҳа, шундай. Нафақат патент асосидаги, балки вақтинчалик яшаш рухсатномаси ва гувоҳномаси (РВП, ВНЖ) учун расмийлаштириладиган миграция ҳисобининг ҳам муддатлари 15 июнгача автоматик равишда узайтирилди. Миграция варақасида кириш мақсади нима деб белгиланганидан қатъий назар, барчасининг муддати автоматик равишда узайтирилди.

Би-Би-Си: Патентнинг ойлик тўловини бир неча ой олдиндан тўлаб қўйган муҳожирлар бу маблағларини қайтариб олишлари мумкинми?

Юрист: Йўқ, қайтариб олиша олмайди. Аммо кейинги ойларга суриш учун ҳаракат қилса бўлади.

Россия солиқ амалиётида қўшимча ёки ортиқча тўланган солиқларни ариза билан мурожаат қилиб қайтариши, кейинги солиқ чоракларига узайтириши мумкин. Бу вазият бўйича аниқ бир маълумот ҳозирча йўқ. Солиқ идораси билан ойдинлаштиришимиз керакки, олдиндан тўланган патент солиқларини 15 июндан кейинга ўтказиш мумкин бўлиши мумкин. Биз бу савол бўйича тегишли идоралар билан суҳбатлашаяпмиз, изланишларимиз бўйича тез орада аниқ маълумотни хабар қиламиз.

Би-Би-Си: Россияни турли регионларидаги ўзбекистонликлар ўзларига якин ҳудудлардаги расмий идоралар патент тўловини қилишларини давом эттиришларини айтишаётганини билдириб, бу қарор «фақат Москва учунми ёки бутун Россия бўйичами?» деб сўрашмоқда.

Юрист: Агар шаҳар мэри ёки губернаторнинг буйруғи бўлганида, маълум бир ҳудудга алоқадор деб билсак бўларди. Россия Президентининг қарорлари бутун Россияга, барча ҳудудларига тааллуқли.

BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг.

Telegram каналимиз: https://t.me/bbcuzbek