Россия: Карантиндаги Рамазон, онлайн таровеҳ, ва "доставка" ифторлик - коронавирус koronavirus

Россиядаги масжид
Сурат тагсўзи,

Россия масжидлари деярли кимсасиз, аммо намоз ва тиловатлар тўхтагани йўқ.

Карантин вазиятида россиялик мусулмонлар интернетдан фойдаланишда янги босқичга ўтишди:

  • Хатми Қуръон 24 соат жонли эфирда ўқилмоқда.
  • Таровеҳ намозлари онлайн узатила бошланди.
  • Хайрияларнинг катта қисми ва муҳтожларнинг мурожаатлари ижтимоий тармоқлар орқали йиғилмоқда.
  • Ифторликларни муҳтожларга етказиш хизмати ё халқ тилида "доставка" йўлқ қўйилди.

Жонли эфирдаги жума намози

Рамазоннинг илк кунида Россия Муфтийлар кенгаши эпидемиологик вазият туфайли 20 миллиондан зиёд россиялик мусулмонни уйда ибодат қилишга чақириб, "бу муборак ойнинг асл қадриятларини эслашга ва ҳозирги мураккаб вақтда яқинларга ёрдам бериш"га даъват этди.

"Рамазонни Аллоҳ томонидан юборилган синов каби қабул қилишимиз керак. Гоҳида соғлиқ, ҳаёт, иш ва фаровонликни бизга ким берганини унутиб қўямиз. Бугун тафаккур қилишга - ўтмишга назар ташлашга ва келажакка қарашга имконият бор" - мурожаат қилди Россия Муфтийлар кенгаши раҳбари шайх Равил Гайнутдин.

Мигрантлар Рамазонда бир-бирини қандай қўлламоқда? Видео:

Москва муфтийси Илдар Аляутдинов дунё ўзгармоқда, ҳаётимиз ўзгармоқда ва биз янги шароитларга мослашишга мажбурмиз, деб айтди.

"Таассуф билан айтамизки, бу йил масжидларимизда Таровеҳ намозлари ўтказилмайди, бир ой давомида минглаб турли миллатлар ва дин вакилларини жамлаган "Рамазон чодири" очилмайди. Аммо барча чекловлар одамлар соғлиги ва ҳаётини сақлаш учун қабул қилинаяпти" - деди муфтий мусулмонларга қилган Рамазон табрик-мурожаатида.

Шу тариқа Рамазоннинг биринчи жума намози Москва жоме масжидида ўқилди ва Россия дин ишлари бошқармаси ҳамда муфтийлар кенгашининг расмий сайтлари, ижтимоий тармоқлардаги саҳифаларида онлайн-трансляция қилинди.

Москва жоме масжидида ўқилаётган Қуръон тиловатлари Дин ишлари бошқармасининг YouTube каналида ҳар куни кечаю кундуз жонли эфирда узатилмоқда.

Ишсиз, пулсиз, 18 соатлик рўза

Россиядаги ўзбекистонлик муҳожирлар учун рамазон ойини ўтказишнинг ўзига яраша қийинчиликлари ва хурсандчиликлари бор.

Россиянинг турли ҳудудларида саҳарликдан ифторликкача бўлган вақт 17-20 соатни ташкил этаяпти.

Ўзбекистонликларнинг энг катта қисми жойлашган Москвада 18 соат рўза тутилмоқда.

Ҳар йили муҳожирлар кунига 12 соатлаб оғир шароитларда ишлаши мусофирликда рўза тутиш машаққатларини юзага келтиришини билдиришар эди.

Бу йилги қийинчилик ҳар йилгидан бошқача: карантин сабабли кўплаб муҳожирлар ишсиз қолишган.

Озиқ-овқат маҳсулотлари ва кундалик эҳтиёж молларини сотиб олишга, квартира ижарасини тўлашга пуллари йўқ ёки етмайди.

Аммо биз гаплашган қатор муҳожирлар ишлаётган ҳамюртлари уларга ёрдамлашаётгани, озиқ-овқат маҳсулотлари етказишаётганини айтишди.

"12 киши бир уйда яшаймиз, мартнинг охиридан буён ишсизмиз. Апрелни ўртасига келиб, пулларимиз ҳам тугади. Бироз қийналиб қолгандик" - дейди фарғоналик Маҳмуд.

"Рўза бошланганидан бери ҳамюртларимиз тинмай йўқлаб туришибди. Кунора озиқ-овқат маҳсулотлари келтиришаяпти. Ҳаммамиз уларни дуо қилиб, бу кунлар тезроқ ўтишини Худодан сўраяпмиз" - давом этади суҳбатдошимиз.

Энг кўп ёрдамга муҳтож - ўзбекистонликлар

Бу йил Рамазон ойидаги вазият Россиядаги мусулмонларни ҳамжиҳатликка ундаётгани кўринади.

Қатор фондлар фаоллашди, янги лойиҳалар иш бошлади.

Кўплаб фаол мигрантлар ва блогерлар бирлашиб, оғир вазиятга тушиб қолган муҳожирларга ёрдам бериш ишларини бошлаб юбордилар.

"Дом доброты" хайрия фонди таъсисчиларидан бири Динара Садретдинованинг Би-Би-Си ўзбек хизматига айтишича, ташкилотга ёрдам сўраб мурожаат қилаётганларнинг энг катта қисми ўзбекистонлик меҳнат муҳожирларидир.

Карантин пайтига тўғри келган Рамазон ойи ёрдамга муҳтожларнинг мурожаатлари асосан телефон ва ижтимоий тармоқлар орқали қабул қилинаётган бўлса, ифторликларни эҳсонталабларга етказиб беришда "доставка" усуллари иш бераяпти.

Фондларнинг ижтимоий тармоқлардаги саҳифаларида ташкилотчилар томонидан кўрсатилаётган ёрдамлар видеоҳисобот шаклида бериб борилмоқда.

Муҳтож мусофирлар кўпми?

Россиянинг кўплаб ҳудудларида имомларнинг маслаҳатига кўра, исломнинг яна бир аркони - закот берилиши ҳам бошлаб юборилган.

Россия мусулмонлари диний бирлашмаси раҳбари, муфтий Албир Крганов эса мусулмонларнинг закот беришини ҳали Рамазондан ҳам олдин эълон қилганди.

"Биз Рамазонни кутмасликка қарор қилдик - закотни олдиндан бера бошладик. Чунки муҳтожл мигрантлар кўп, ейишга овқати, ичишга суви йўқ одамлар оз эмас".

"Улар мусофирлар тоифасига киради, чунки айни пайтда уйига кета олмайди, уларга ҳам ёрдам кўрсатиш керак".

"Имомлар оғир вазиятга тушиб қолган биродарларимизни ҳозирги вазиятда қўллашни, қарзларидан кечишни, ижара нархларини пасайтиришни сўрашмоқда" - дейди муфтий Албир Крганов.

Ҳайит қандай бўлади?

Диний уламолар олдинда яна бир масала турганини айтишади.

Бу - Рамазон ҳайитини қандай ўтказиш.

"Бу ҳақда гапиришга ҳали вақтли, аммо ҳамма нарсага тайёр туриш керак" - дейишади дин пешволари.

Агар вазият яхши томонга ўзгармаса, ҳайит намози ҳам жоме масжидлардан онлайн трансляция қилиниши мумкин.

Дарвоқе, Рамазон ойида Россия мусулмонларининг интернетдан бу қадар унумли фойдаланаётганликларининг асоси - мамлакатда интернет тезлигининг яхшилиги ва нархларининг ҳамма учун чўнтакбоп эканлигидадир.

BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг.

Telegram каналимиз: @bbcuzbek