Дунё: Охири кўринмаётган урушнинг беғубор қурбонлари

Дунё: Охири кўринмаётган урушнинг беғубор қурбонлари

Ўзбекистон қўшниси Афғонистон ўтган қирқ йил давомида урушлар гирдобидан чиққани йўқ.

Бу жабрдийда мамлакатда зўравонлик ва хунрезлик деярли ҳар куни рўй беради.

Кобулдаги туғруқхонага жангарилар ҳужуми хунрезликнинг сўнггиси эмаслигини ҳамма билади.

Йигирмадан ортиқ оналар ва чақалоқлар бу ҳужумда отиб ўлдирилди.

Энг бегуноҳ жонларга қасд қилинди. Айрим чақалоқларнинг дунёга келганига дақиқалар бўлганди, холос. Улар нишонга олинди.

Тўрт соат давом этган бу ҳужум "жаҳаннам оловига" менгзалди.

Улар орасида бир чақалоқ - Амина бу ёруғ дунёга келганига икки соат бўлганди.

Гўдак баданига икки ўқ урилди.

Оёқчасини йўқотишига бир баҳя қолди.

Аммо жони омон чиқди.

Унинг ҳали туғруқ азобларидан фориғ бўлмаган онаси эса бу ҳужумда қурбон бўлди.

Бу оиланинг хонадони...ҳамон даҳшатда.

Янги чақалоқнинг дунёга келиши байрам бўлиши керак аслида, аммо ғаму алам қўшилди.

Рафиуллаҳ ҳеч қачон туғруқхонада кўрганларини унутмаса керак.

"Хотиним ҳамон боласини қучоқлаган каби ётарди, чунки уни отишганидан кейин болани қучоғидан олишган...Барча оналар, менинг хотиним ҳам ётоқлари остига кириб олишганди. Жангарилардан беркинамиз деб ўйлашган..."

Яна бир қурбон 35 ёшда бўлган доя эди. Марям бу ерда иш бошлаганига энди икки ой бўлганди.

Унинг отасига кўра, жангарилар ҳужуми пайти Марям кўзи ёраётган она билан бирга бўлган.

"Мен ҳомиладор аёлни ўлим оғушига ташлаб кетолмайман. Мен кетсам бола ҳам она ҳам нобуд бўлади", деди. У ўз қарамоғида бўлган онанинг кўзи ёриб, бола туғилгач кетмоқчи бўлган. Худди шу маҳал ўққа учган..."

Омон қолган аксарият чақалоқларни бошқа шифохонага кўчиришди.

Сурат тагсўзи,

Оналари ўлдирилган чақалоқларни эмизиш учун бошқалар ёрдамга келишди

Оналари ўлдирилган чақалоқларни эмизиш учун бошқалар ёрдамга келишди.

''Мен бу қонли ҳужумда оналаридан айрилган гўдакларни эмизгани келдим. Тўрт ойлик чақалоғимни уйда қолдирдим. Бу чақалоқларга ҳам она меҳри керак. Мен фарзандларимиз жонига қасд қилиш каби қабиҳ жиноятдан ҳамон ўзимга келолганим йўқ", дейди Азиза Кермани.

Бу Афғонистоннинг ҳаёт ва ўлим доираси.

Мамлакат қирқ йилдан бери уруш ичида.

Бешикдан қабргача уруш...

Аксариятнинг ичида бир савол.

Бу азоб қачон тугайди?

BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002номери билан боғланинг.

Telegram каналимиз: @bbcuzbek