Қирғизистон: Хунрезликка 10 йил тўлди (видео)

Қирғизистон: Хунрезликка 10 йил тўлди
Сурат тагсўзи,

Қирғизистон: Хунрезликка 10 йил тўлди

Мустақил Қирғизистон тарихига қора доғ бўлиб муҳрланган Ўш ва Жалолобод қонли воқеаларига 10 йил тўлди.

Президент Сўўрўнбай Жээнбеков Ўш шаҳрига келиб, хунрезликда ҳалок бўлганларни ёд этган.

Ўшда аксарият 10 йил аввал кечган бу қонли кунлар ҳақида турфа сабабларга кўра гапиришни истамайди.

Асрлар бўйи бирга яшаган ўзбек ва қирғиз қардош халқлари орасида юз берган низо оқибатида расман 442 нафар инсон ҳалок бўлгани айтилади.

Қурбонларнинг аксарияти ўзбек миллатига мансуб қирғизистонликлардир.

Ўш шаҳрининг "Черемушки" мавзеси хунрезликда олов ичида қолган ҳудудлардан бири. Бу ерда бир нечта уйларга ўт қўйилиб, одамлар вахшийларча ўлдирилган.

Мустақил манбаларга кўра, айнан шу ернинг ўзида 50га яқин одам нобуд бўлган.

Одинахон опа ҳикояси

Сурат манбаси, BBCUZBEK.COM

Сурат тагсўзи,

"Бу кунларни биз кўрдик, набираларим кўрмасин"

Одинахон опа 10 йил аввал юз берган воқеани кўзида ёш билан эслайди.

У воқеада ҳалок бўлган келинидан ёдгорлик қолган набирасини олдига олиб ўзини овунтиради. Қонли воқеада яраланган ўғли ҳам ногирон бўлиб қолган.

"Уруш бўлганига ҳам 10 йил тўлибди. Ой билан кун ўтаркан. Яхшилик кунлар ҳам келаркан, Худога шукр. Лекин барибир ўша кун хаёлимда қайталаниб туради", дейди онахон.

"Биз уйда эдик, оломон бостириб кирди. Улар олдига биринчи бўлиб ўзим чиқдим. Кимдир менга автомат тақади, лекин менга тегмади, бир шапати ҳам урушмади. Ҳовлини ўртасига итариб юборди. Ҳеч нарсани эшитмадим. Келинимни отганини ҳам, боламни дод деганини ҳам билмадим. Улар чиқиб кетгандан кейин уйга кирсам, иккаласини ҳам отиб қўйишибди. Энасидан қолган, ўша пайтда уч ярим яшар бўлган болалар ҳам катта бўлиб қолишди. Ўғлим ярим жон бўлиб қолди. Ҳаёт давом этаяпти. Худодан сўрайман, ўша кунлар қайталанмасин. Болаларининг ҳам кўнгли ярим, йиғласа йиғлайман, кулса бирга куламан. Шундай катта бўлишаяпти. Бу кунларни биз кўрдик, набираларим кўрмасин", дейди онахон.

Қуролланган оломон онахон уйига ўт ҳам қўйиб чиқиб кетган. Уй воқеадан сўнг давлат тарафидан халқаро ташкилотлар кўмагида қайта тикланган.

Келажакда футболист бўлишни орзу қилган Мансурбек, ўн йил аввалги қонли воқеани эслай олмайди. У бу йил 14 ёшга тўлади. Ҳозирда рус мактабининг 8 синфида ўқийди.

"Мактабда ўртоқларим ўзбек, қирғиз ва ўрис. Уч миллат бирга ўқиймиз. Ҳаммамиз бирга ўйнаб, кулиб, бирга юрамиз", дейди Мансурбек.

Ўш ва Жалолобод шаҳарларида уч кун давом этган қонли тўқнашув пайтида минглаб инсонлар ўз уйларини ташлаб кетишга мажбур бўлган.

Асосан ўзбеклардан иборат ўн мингдан ортиқ одам Ўзбекистон ҳудудидаги вақтинчалик лагерларда жон сақлаган.

Шаҳарнинг турли мавзеларида оломон қуршовида қолган икки миллат вакиллари, бир- бирларини қутқариб, ўз уйларида сақлаган.

Хайрулло ака ҳикояси

Сурат манбаси, BBCUZBEK.COM

Сурат тагсўзи,

"...миллатчилик ғоясини йўқ қилиш керак"

Хайрулло ака 10 июнь куни қўшниси билан кўчада кетаётиб қуролланган гуруҳга дуч келади ва оломон ичида қолиб кетади.

"Қўшним Қубат, хотини ва қизи билан шу ерда туғруқхонадан келаётган эдик. Жума куни, тушлик пайти эди. Мошиналар турган жойда, оломон ичида қолганман, уриб тепишган эди...Қирғиз қўшним ажратиб олган ва тубдиспансер тарафга олиб бориб қўйган. У ерда 4 кун ётганмиз. Врачлар бизни сақлаб қолган. Кейин 20дан ортиқ ўзбеклар "Отхона" деган хавфсизроқ жойга кетганмиз", дея эслайди суҳбатдошим.

Унинг сўзларига кўра, қонли воқеадан сўнг ён қирғиз қўшниси уйи орасидаги деворга нарвон қўйишган. Агар яна шундай воқеа қайталаниб, оломон уйга бостириб кирса девор оша бир-бириникига ўтиш учун.

Хайрулло ака бугунги кунда ўзбек ва қирғиз халқлари орасида ҳеч қандай муаммо йўқлигини, бирга тинч яшаётганини айтади.

"Маҳаллада қўшни қирғизлар билан яхши, ҳамжихатликда яшаймиз. Тўй маъракада қарашамиз, ошу чойга бирга борамиз. Иллат шу илмга, ўқишга қизиқиш йўқлигидан. Мактабда яхши ўқитиб, келажакка тайёрлашимиз керак. Биз Шўро одамимиз, бир-биримизни тушанамиз, муаммо бўлмайди. Лекин ҳозир ўсаётган янги авлод бу нарсани тушунмаяпти. Булар тушиниши учун боғча ва мактабда онгига сингдириш керак, миллатчилик ғоясини йўқ қилиш керак", дейди у.

Сурат манбаси, BBCUZBEK.COM

Сурат тагсўзи,

"Оқсоқоллар ҳам озайиб бормоқда. Улар ёшларни тартибга чақириб туришарди"

Жўлўмун Маматалиев оқсоқол ҳам ёшларнинг тарбиясига эътибор қаратиш кераклигини, уларни назорат қилишда оқсоқолларнинг роли муҳим эканини урғулайди.

"Ўзбек ва қирғизлар бир оиладек яшаб келган. Ҳозир ҳам аввалгидек интимоқликда(иттифоқликда) яшаяпмиз. Бироқ ёшларнинг қони суюқ, орасида тарбиясизлари бор. Оқсоқоллар ҳам озайиб бормоқда. Улар ёшларни тартибга чақириб туришарди", дея фикр билдиради 87 ёшли оқсоқол.

BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг.

Telegram каналимиз: @bbcuzbek