Ғарб ва Россия: Беларусь кимни нега қўрқитмоқда?

Беларусда
Сурат тагсўзи,

Беларусдаги намойишчиларнинг кўпчилиги Александр Лукашенко кетишини исташмоқда.

Беларусдаги президентлик сайлови ортидан юзага келган норозилик намойиши қатнашчилари на Россияни қўллашмоқда, на Ғарбни.

Беларусь воқеалари Ўзбекистон учун нимани англатади? - Мирзиёев, Путин, Лукашенко - BBC News O'zbek

Кўчаларга чиққан белоруслар, асосан, Президент Лукашенкодан норози, улар сайлов натижаларига ишонишмаяпти ва ҳукумат кучлари намойишчиларга шафқатсиз муносабат қилганидан ғазабдалар.

Бироқ, Беларусдаги воқеаларни Россия ҳам, Ғарб ҳам яқиндан кузатмоқда ва у ердаги жараёнга бир-бирининг аралашувидан хавотирда.

Беларусдаги шафқатсизлик. Видео:

Европа ҳадиги кимдан?

Германия канцлери Ангела Меркель Беларусдаги воқеалар юзасидан Россия президент Владимир Путин билан телефонда суҳбатлашди.

Reuters хабар агетлигининг ёзишича, Меркель хоним Беларусь ҳукумати зудлик билан тинч намойишчиларга қарши зўравонликни тўхтатиши ва сиёсий маҳкумларни озод қилиши зарурлигини таъкидлаган.

Айни хабарда урғуланишича, Ангела Меркель инқироз чуқурлашмаслиги учун Александр Лукашенко ҳукумати Беларусь мухолифати билан миллий мулоқот бошлаши зарурлигини ҳам таъкидлаган.

Президент Лукашенко олдинроқ Германия канцлери мен билан гаплашмоқчи, дея айтганди.

Афтидан, Меркель айни масалада ҳозирча Путин билан мулоқот қилишни мақбул топган.

Берлин вакиллари илгарироқ Беларусдаги воқеаларга Москва аралашиши эҳтимолидан ташвиш билдиришганди.

Тан олинмаётган ғалаба

Сурат манбаси, EPA

Сурат тагсўзи,

"Омон ўлдирмоқда, ЕИ ташвишда": Беларусда воқеалар қандай тугайди?

Президент Лукашенко ўз ғалабасини эълон қилиши ортидан Россия ва Ўзбекистон каби давлатлар раҳбарлари уни табриклашганди.

Аммо Буюк Британия, Канада ва кўплаб Европа Иттифоқи давлатлари Беларусдаги президентлик сайлови натижаларини, яъни Александр Лукашенконинг ғалабасини тан олмасликларини маълум қилишди.

Президент Трамп ҳам бу мамлакатдаги аҳволни даҳшатли, деб таърифлаган ва вазиятни кузатиб боришини билдирганди.

Президент Лукашенко кўпинча "Европанинг сўнгги диктатори" деб ҳам аталади.

Унинг 26 йиллик яккаҳоким бошқаруви остида Беларусда инсон ҳуқуқлари топталгани ва эркинликлар бўғилгани айтилади.

Минск ўтган чорак аср давомида Москвага энг яқин бўлган собиқ Совет давлати сифатида ҳам ном қозонган.

Ғарб ва Россия орасида

Сурат манбаси, Reuters

Сурат тагсўзи,

Лукашенко мухолифатни каламушлар, деб атади.

Бироқ Беларуснинг шарқида Россия бўлса, ғарбий сарҳадлари Европа иттифоқига туташ.

Лукашенконинг сайловда бош рақиби бўлган Светлана Тихановская ҳам ҳозир ЕИ ҳудудига қочиб ўтган.

Европа Иттифоқи давлатлари Беларусь масаласида чоршанба куни фавқулодда учрашувга йиғилишмоқчи.

ЕИ Ташқи ишлар вазирлари ҳали ўтган ҳафта "сайлов натижаларини сохталаштирган, зўравонлик ва шафқатсизлик учун масъул бўлган Беларусь расмийларига қарши" жазо чоралари қўллашга келишган эдилар.

Александр Лукашенно эса Россиядан ёрдам истаган.

Унинг айтишича, четдан ҳарбий таҳдид бўлган ҳолатда Владимир Путин кўмак кўрсатиш ваъдасини берган.

Ўтган якшанба Путин ва Лукашенко суҳбатлашиб, Беларусга нисбатан "ташқаридан кўрсатилаётган босим масаласини назарга олишни" гаплашишганди.

Россиядаги кремлпараст матбуот воситалари эса аллақачон Беларуснинг ҳам иккинчи Украинага айланиш эҳтимоли ҳақида ёзишмоқда.

Александр Лукашенко эса Беларусдаги ҳодисалар ортида ташқи кучлар турибди, дея бир неча бор ишора қилганди.

Лукашенко бу сафар Путин қўллови билан амалини асраб қолса, Беларусь Россияга янада яқинлашиши мумкин.

Ўз ўрнида, Ғарб ҳам Беларусдаги воқеалар ривожига Москва аралашуви эҳтимолидан хавотирда эканлигини яширмайди.

Европалик таҳлилчиларга кўра, Ғарб ҳозир белорусларга ўз эркинликларини қўлга олиш йўлида ёрдам бериш масъулиятини ҳис қилиши лозим.

Аммо бу жараёнда Россия билан ўртадаги геосиёсий ўйинларга белорусларни аралаштирмаслик керак.

Айни пайтда қатор саволлар очиқ:

Беларусдаги намойишлар манзарасида Россия президенти Владимир Путин қандай йўл тутади?

Александр Лукашенко яна неча йила "Европадаги энг сўнгги диктатура" бошида туриши мумкин?

Асосийси, Беларусь ҳозирги воқеалардан ҳар тарафлама мустақил демократия сифатида чиқадими?

BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг.

Telegram каналимиз: https://t.me/bbcuzbek