Ўзбекистон: Мирзиёев четдаги мигрантларга қандай ёрдам бермоқчи? O'zbekiston yangiliklari

Шавкат Мирзиёев

Сурат манбаси, Alexander Shcherbak via Getty mages

Сурат тагсўзи,

Президент Мирзиёев четдаги муҳожирларга ёрдам бермоқчи.

Президент Мирзиёев меҳнат муҳожирларига ёрдам бермоқчи ва Инстаграм ҳам блокландими?

Президент Шавкат Мирзиёев 17 август куни хорижда меҳнат қилаётган фуқароларга муносиб шарт-шароитлар яратиш ва улар билан тизимли ишлаш юзасидан видеоселектор йиғилиши ўтказди.

Президент матбуот хизмати ушбу масала Ўзбекистон тарихида биринчи маротаба бундай форматда муҳокама қилинганини таъкидлаган.

Йиғилишда президент ҳар йили 600-700 минг аҳоли Ўзбекистон меҳнат бозорига кириб келиши, яратилаётган иш ўрни эса йилига 500 минггачани ташкил этиши, шу сабабдан, қарийб 200 минг кишининг бандлигини ташқи меҳнат миграцияси орқали таъминлашга тўғри келаётгани ҳақида гапирган.

Видеоселекторда бу табиий жараён экани, барча ривожланаётган давлатлар шундай босқичдан ўтгани тўғрисида сўз борган.

Шунингдек, йиғилишда хорижда меҳнат қилаётган ўзбекистонликларни ижтимоий, ҳуқуқий, моддий ва маданий қўллаб-қувватлаш масалалари муҳокама қилинган.

Меҳнат муҳожирларига йўл ҳақи, патент ва суғурта харажатлари учун 10 миллион сўмгача паст ставкада кредитлар ажратиш бўйича кўрсатмалар берилган.

Хорижда ишлаш истагида бўлган Ўзбекистон фуқаролари учун ўқув курслари, курслар ташкил этиш масаласи муҳокама этилган.

Сурат манбаси, courtesy

Сурат тагсўзи,

Пандемия Ўзбекистоннинг четдаги фуқаролари муаммоларини яққол кўрсатди.

Бундан ташқари Маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш вазирлигига ҳокимликлар билан бирга хорижга ишлашга кетганларнинг оиласидан доимий хабар олиб, ота-онасининг соғлиғи, фарзандларининг ўқиши ва бошқа эҳтиёжларига кўмаклашиш вазифаси ҳам қўйилган.

Марҳум президент Ислом Каримов меҳнат муҳожирларини «дангасалар» дея атаган эди.

Бироқ Ўзбекистондаги молиявий-ижтимоий вазият барқарорлиги, кўп ҳолларда, меҳнат муҳожирлари юборадиган пулларга боғлиқлиги айтилади.

"Бухоро ҳокими даволанмоқда"

Ижтимоий тармоқларда Бухоро вилояти ҳокими Карим Камоловнинг коронавирусдан вафот этгани тўғрисида фаразлар тарқалди.

Аввалроқ, Камолов коронавирус юқтириб олгани расман тасдиқланган эди.

Бироқ 17 август куни Бухоро вилояти ҳокимлиги матбуот хизмати ҳоким билан алоқадор миш-мишларни рад этган.

"Ижтимоий тармоқларда Бухоро вилояти ҳокими вазифасини бажарувчи Карим Камоловнинг вафот этгани ҳақида хабарлар тарқалмоқда. Бу хабарлар ҳеч қандай асосга эга эмас. Карим Камолов ҳозирда пойтахтдаги шифохонада даволанмоқда. Унинг саломатлиги малакали шифокорларнинг назоратида. Ижтимоий тармоқ фойдаланувчилари, блогерлардан ёлғон хабарлар тарқатмасликни сўраймиз" - дейилади хабарда.

Instagram ва VPN-иловалар

Маҳаллий Spot.uz нашри ўзбекистонлик iPhone телефонлари эгалари интернетда қўйилган тўсиқларни айланиб ўтишда ёрдам берувчи VPN-иловаларни ёппасига ўрнатаётгани ҳақида ёзган.

Нашрнинг маълум қилишича, август ойида Instagram тармоғидан фойдаланишдаги муаммолар борасида кўплаб шикоятлар юзага чиққан.

Оқибатда, ўзбекистонликлар AppStore'дан юклаб олаётган иловалар бешлигида энг юқори ўринларни VPN-иловалар эгаллаган.

Маълумки, июль ойида Facebook тармоги билан ҳам ўхшаш муаммолар юзага келган.

Расмийлар ҳозирга қадар бу ҳолатни изоҳламаганлар.

Ўзбекистонда 2018 йил сентябрь ойидан 2019 йил январига қадар ҳам Facebook ва YouTube сайтлари блоклаб қўйилган, кейинроқ бу тармоқлар яна муаммосиз ишлай бошлаган эди.

Доллар сотиш ҳажми ортди

2020 йилнинг январь-июль ойларида жисмоний шахслар томонидан сотилган чет эл валютаси миқдори 2,5 миллиард АҚШ долларини ташкил этиб, аввалги йилнинг мос даврига нисбатан 50 фоизга ёки 842 миллион долларга ошди.

Бу ҳақда Марказий банк ахборот хизмати маълум қилди.

"Жисмоний шахслар томонидан сотиб олинган валюта ҳажми эса 2 миллиард долларга тенг бўлиб, ушбу кўрсаткич ўтган йилнинг мос даврига нисбатан 3 баробар ошди. Натижада, ушбу операциялар бўйича ижобий сальдо (соф таклиф) 501 миллион долларга етиб, ўтган йилнинг мос даврига нисбатан 489 миллион долларга (ёки 49 фоизга) камайди" - дейилади расмий хабарда.

BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг.

Telegram каналимиз: https://t.me/bbcuzbek