Коронавирус -Ўш: “Андижонда тест топшириш учун бир кун тунадим” Koronavirus O'zbekiston Qirg'iziston

  • Шоҳруҳ Соипов
  • Қирғизистон
Салима опа

Сурат манбаси, BBC UZBEK

Сурат тагсўзи,

Андижонда тонгги соат 3 да бориб, эрталабки соат 7 гача навбат кутиб, ўшанда ҳам жанжаллашиб коронавирус тести натижасини олдим, дейди Салима опа.

Қирғизистонда коронавирусни юқтириб олаётганлар сони кўпайиши ортидан, чегарадан ўтаётган ўзбекистонликлардан бу дардга чалинмаганлиги ҳақида маълумотнома талаб қилинмоқда.

Сўнги бир ҳафтада Ўш яқинидаги "Дўстлик" чегарасидан ўтаётганлар сони кескин озайган. Бунга, 26 сентябрдан бошлаб Қирғизистон ҳукумати мамлакатга кирадиган чет элликлардан коронавирус йўқлигини тасдиқловчи Covid-19 тести қоғозини талаб қилишни бошлагани сабаб бўлган.

"Дўстлик" чегара ўтказиш бекатининг раҳбари Субатай Исманалиевнинг сўзларига кўра, янги чекловлар жорий қилинганидан бошлаб, чегарадан ўтаётган одамлар сони уч баробарга озайган.

"Тўрт кун ичида, чегарадан ўтаётган одамларнинг сони кескин озайди. Унгача кунига 15-18 минг одам ўтаётган бўлса, бугунги кунда беш мингача озайган. Бунинг сабаби, одамлар коронавирусга тест топшириб, унинг натижасини кутиши ва ташхис қоғози билан ўтиши деб ўйлаймиз", дейди чегара раҳбари.

Жорий йилнинг 16 мартидан бошлаб, коронавирус сабаб Ўзбек-Қирғиз чегарасидан ўтишга чекловлар киритилган эди. Касаллик хавфи озайиши ортидан, сентябрдан бошлаб икки давлат фуқароларига чегарани кесиб ўтишга рухсат берилган.

Қирғизистон давлат чегара хизматининг маълумотига кўра, Қирғиз фуқаролари Ўзбекистонга ўтаётганда ҳеч қандай қоғоз талаб қилинмайди.

Сурат манбаси, BBC UZBEK

Ўзбекистон фуқаролари эса ўз давлатига қайтаётганда охирги 14 кун давомида Қирғизистон ҳудудида бўлиши ёки сўнги 72 соатда коронавирус тестидан ўтиб, бу хасталикка чалинмаганлиги ҳақидаги ташхис қоғозига эга бўлиши керак, улар бу вазиятда карантинга олинмайди.

"Дўстлик" чегарасида сўнги тўрт кундан бери тегишли идоралар ҳамкорлигида алгоритм ишлаб чиқилиб, сиртдан келаётган одамлардан коронавирусга чалинмаганлиги ҳақидаги ташхис қоғозлари талаб қилинмоқда. Ташхис қоғози сўнги 72 соат давомида олинган бўлиши керак. Ундан ўтиб кетса яроқсиз ҳисобланади. Қирғизистон фуқаролари эса чегаранинг ўзида экспресс коронавирус тестидан ўтказилмоқда. Тест натижалари ярим соатда чиқарилади.

"Биз ҳозир чегарада Қирғизистонга кираётган фуқароларни бепул экспресс тестдан ўтказаяпмиз. Агар натижаси ижобий чиқса, "тез ёрдам" машинасида карантинга олиб кетилиб, текширилиб, қайта тестдан ўтказилади ва шифохонада даволанади", дейди Ўш шаҳар санитар-эпидемия назорат маркази бош шифокор муовини Мамарасул Ўмрузақов.

Муомаласини яхшиласин!

Сурат манбаси, BBC UZBEK

Сурат тагсўзи,

Коронавирусни юқтирмаганини тасдиқлайдиган ҳужжат талаб қилиниши чегарадан ўтиш-қайтишни озайтирди, дейди Субатай Исманалиев.

"Дўстлик" чегарасидан ўтиб, Ўшга келаётган ўзбекистонликлар ўзлари яшаб турган жойдан эмас, фақат Андижондаги клиникадан коронавирусни аниқлаш тестидан ўтишга мажбур бўлаётгани, у ерда эса узоқ навбат ва тест нархларининг қиммат эканидан шикоят қилмоқдалар.

Наманганлик Салима Қўнғирова Андижондаги ҳусусий тест марказида навбат кутиб бир тун ўтказганини, у ерда ишлайдиган ходимлар одамларга ёмон муомала қилаётганини айтади.

"Одам кўп, пули ҳам қиммат, 250 минг сўм. Ҳеч қандай чек бермади. У ҳам майли, биринчи навбатда муомаласини ўнгласин улар! Справка олиш учун бир тун қолдим ўша ерда. Тонгги соат 3 да бориб, 6 да навбатим келган бўлса, эрталабки 7 гача туриб, уруш билан олдим. Ўша ерда турган одамлар ҳам гувоҳ. Пулини бердиму деганидан кейин, менга зўрлик қилди, керак бўлса. Одам кўп, даҳшат", дейди суҳбатдошим.

Сурат манбаси, BBC UZBEK

Сурат тагсўзи,

"Биз ҳозир чегарада Қирғизистонга кираётган фуқароларни бепул экспресс тестдан ўтказаяпмиз," дейди Ўш шаҳар санитар-эпидемия назорат маркази бош шифокор муовини Мамарасул Ўмрузақов.

Унинг сўзларига кўра, тест олаётган жойда хавфсизлик чоралари ҳам кўрилмаган.

"Тестни коронавирусга чалинганлар ётадиган касалхонанинг олдида олаяпти. Касаллик хаводан юқаяпти деяпти, булар эса ўша ерда тест олаяпти. Агар ҳақиқий, қонуний бўлса, коронавирусга чалинганларни қизилда ёзиб, муҳр қўйяпти, нимага "тез ёрдам" билан ўша ернинг ўзида карантинга олмайди? Уларни одамларга қўшяпти. Касалликни олдини олиб, сонини озайтириш мақсад бўлса, карантинга олиш керак эди. Олмади. Вирус чиққанларни улар текширишмади. Ҳаммани қўйиб юборди", дея таажубланади, Ўзбекистонда ўқишга кираолмаган фарзандларини Ўшдаги университетга ўқишга олиб келаётган Салима опа.

Бир кун аввал Ўшга келиб, ўқишини битириб, Қўқонга қайтаётган Баҳодиржон Меҳмоналиев ҳам коронавирусга тест топшириш жараёнида турли кўнгилсизликларга дуч келганини, у ердаги порахўрлик ҳақида сўзлайди..

"Чегарага 2 кун аввал келгандим, Андижонда тест топшириб келасан дейишди. У ерга бордик, навбат жуда ҳам кўп экан, 500 тага яқин. Натижаси 2-3 кунда чиқади деди. Нархи 250 минг сўм экан, 300 минг сўм берсангиз, сизга дархол, 2-3 соатда натижасини чиқариб беради. Биз шунақа қилиб олдик. Чегарадан шу ташхис қоғозини кўрсатиб, ўтдик. Чегарада кўпчиликни, қўлида қоғози билан келса ҳам, айб топиб, орқага қайтариб юборяпти. Масалан, исмингни бир ҳарфи ўзгарибди деб ёки бу қоғоз ўтмайди деб, чегарадан хоҳласа ўтказаяпти, хоҳламаса ўтказмаяпти. Мен барчасини текшириб, қоғозни нуқсонсиз олдим, шунинг учун чегарадан бемалол ўтдим" дейди 27 ёшли талаба.

Сурат манбаси, BBC UZBEK

Сурат тагсўзи,

Фақат бир жойда тест топширасан деяпти, дейди Баҳодиржон

Суҳбатдошим Баҳодиржон ҳам Андижондаги тест топшириш марказидаги хавфсизлик чоралари ёмон эканини, ҳаттоки ўзининг ташхисига ҳам шубҳада эканини урғулайди.

"Андижонда фақат бир жойда тест олаяпти. У ерда муомаласи жуда ёмон, қўпол. Ҳамма мажбур ўша ерга бораяпти. Фақат ўша, бир жойдан тест топширасан деяпти. У ерда тест жараёни ҳам ишонарли эмас. Чунки 300-400 та одам навбатда турган бўлса, тест олиш жараёни ҳеч кимни қониқтирмаяпти. Ўзимнинг ҳам тест ташхисим юз фоиз яхши чиққан деб билмайман. Сабаби, ҳамма одамни тестини текширмасдан, яхши деб қоғоз бераяпти. Улар қоғоз қилиб, пул ишлаяпти холос. Ортиқча пул тўласангиз, олти соатда натижасини чиқариб бераяпти. Агар пулини бермасангиз, балки бир-икки кундан кейин ҳам чиқиши мумкин, навбатга қараб.

Тест ташхисига шубҳамиз бор, 100-200 одамни ичидан ижобий натижа чиққанлар ҳам бўлди, уларга, бу қоғозни олиб, уйинга кет деб, коронавирус аниқланганларни ҳам ўша ердан қўйиб юборишаяпти. Ҳеч қандай касалхонага олиб бориш бўлмаяпти. Мен фарғоналикман, лекин у ерга бор демаяпти. Фақат шу Андижондан ўтасан, ўша ерники ўтади, дейишаяпти".

Унинг фикрича, фақат бир жойда, кўп одамни тўплаб, коронавирусга тест олиш нотўғри. Одамларга имконият яратиб бериш керак.

"У ерда вирус, соғ одамга ҳам юқади. Бор одамникини ҳам йўқ деб чиқараяпти. Тест топшириш жойларини кўпайтириш керак. Нархларини тушириш керак. Чунки, 250 минг сўм жуда ҳам қиммат. Ҳозир чегарадан савдогарлар эмас, қариндош-уруғини кўргани, зарурият юзасидан ўтаётганлар кўп. Улар учун 250 минг сўм жуда қиммат", дейди қўқонлик талаба.

BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг.

Telegram каналимиз: https://t.me/bbcuzbek