Уйғур қизи Бузайнаб: Бошқалар борса мен ҳам бораман - видео, Xitoy, uyg'urlar, musulmonlar, dunyo, yangiliklar

Сурат манбаси, Xitoy davlat TV si ko'rsatuvidan
Би-би-си суриштируви Хитой ҳукуматининг Уйғур ва бошқа миллий озчилик вакилларини ўзлари туғилиб ўсган Шинжон Уйғуристонидан жуда узоқда жойлашган ишлаб чиқариш корхоналарига ишга юбориш сиёсати инсонларни ўз илдизидан маҳрум қилиш ва аҳолини аралаштириш усули сифатида қўлланаётганининг далилларини топди.
Хитой ҳукумати Шинжондаги Уйғур ва бошқа миллий озчилик вакилларини мамлакатнинг бошқа ҳудудларига кўчириш билан бу ердаги мусулмон аҳоли зичлигини камайтиришни мақсад қилган.
Бу нарса Хитойдаги юқори амалдорлар учун тайёрланган тадқиқотда келтирилган, ушбу тадқиқот матнини кимдир адашиб Интернетда эълон қилиб юборган.
Хитой ҳукумати бундай мақсади борлигини инкор этади, Шинжондан одамларни Хитойнинг бошқа ҳудудларига юбориш билан қишлоқ жойларидаги қашшоқлик ва ишсизликни камайтиришни кўзлаганини айтади.
Аммо Би-би-сининг журналистик суриштирувидан маълум бўлишича, охирги йилларда бутун Шинжон бўйлаб ташкил қилинган қайта таълим лагерлари билан бирга инсонларни яшаш жойидан кўчириш билан Хитой ҳукумати уларнинг ҳаёт тарзи ва фикрлашини ўзгартириш сиёсатини амалга оширмоқда.
2017 йили Хитой давлат телевидениеси Шинжон жанубидаги қишлоқдан 100 кишини 4000 километр узоқликдаги Анхуи вилоятига ишга юбориш ҳаракатини расмийлар бошлаганлари ҳақида кўрсатув тайёрлаган.
Қишлоқ марказига стол-стул қўйиб, плакатлар осиб кўнгиллиларни кутишади.
Лекин ҳеч ким 4000 километр узоққа боришни истамайди.
Шундан сўнг расмий мулозимлар уйма-уй юриб, ота-оналар ва ёшлар билан суҳбатлашишни бошлайдилар.
Видеода 19 яшар Бузайнабнинг отаси қизини юборишни хоҳламагани кўринади.
"Ўз ихтиёри билан боришни хоҳлаётган кимдир бордир. Биз кунимизни шу ерда ҳам кўроламиз. Бизга шундай яшашга қўйиб беринглар", дейди Бузайнабнинг отаси.
Кейин амалдорлар Бузайнабнинг бевосита ўзи билан суҳбатлашадилар.
Агар шу қишлоқда яшайверса, уни турмушга узатишларини, турмушга чиққанидан кейин қишлоқдан кетолмаслигини айтишади қизга.
"Ҳозир кетасанми?", сўрашади Бузайнабдан.
Қистовга олаётган расмийлар ва суҳбатни тасвирга олаётган давлат телевидениесининг журналистлари бир-бир қараб қиз, "бормайман", дейди.
Босим тобора кучайиб бораверганидан кўзларига ёш олган Бузайнаб ноилож дейди:
"Бошқалар борса, мен ҳам бораман. Агар ҳеч ким бормаса, мен ҳам бормайман".
Сурат манбаси, Xitoy davlat TV si ko'rsatuvidan
Кўрсатув Бузайнаб ва бошқа қизларнинг оналари билан йиғлаб хайрлашиб ишга жўнаб кетишлари билан якунланади.
Хитой ҳукумати мунтазам равишда бу каби оммавий кўчириш дастурлари ихтиёрий эканини таъкидлаб келади.
Бироқ давлат матбуоти хабарлари ва Нанкаи Университетининг юқори лавозимдаги амалдорларга мўлжаллаб тайёрланган ҳисоботидан аён бўлишича, ўз оиласидан ажратилаётган одамларнинг норозилик билдиришларига изн берилмайди.
Нанкаи Университети ҳисоботини Интернетда хорижда истиқомат қиладиган Уйғур тадқиқотчи кўриб қолган ва сақлаб олган. Хатони билиб қолган университет матнни ўчириб ташлаган.
Бу ҳисоботда ёзилишича, ишчиларни кўчириш - Уйғур озчилигини аралаштириш, фикрлашини ўзгартириш ва Уйғур аҳолиси зичлигини камайтиришга ёрдам беради.
Шинжондаги айрим мусулмон озчилик вакиллари аввал қайта таълим лагерларига, Хитой ҳукуматининг таъбирича, экстремизга қарши курашга, ундан кейин эса завод-фабрикаларга ишга юборилганлар.
Аммо кўпчилик лагерлардан эмас, ўзининг қишлоғидан тўппа-тўғри завод-фабрикаларга ишга юборилган. Тадқиқотда улар гуруҳларда, қўриқчилар ҳамроҳлигида қандай кўчирилиши, қандай сиёсий қайта тарбияланиши кўрсатиб берилган.
"Бу ўхшаши йўқ авторитар ҳужжат етакчи олимлар ва Шинжондаги ўта юқори доираларга гапи ўтадиган собиқ ҳукумат мулозимлари томонидан ёзиб чиқилган. Ва у ерда нималар бўлаётганидан далолат беради. Улар аҳоли зичлиги ва туғилишни ўзгартиришнинг янада каттароқ мақсадларини кўзлашмоқда. Менинг фикримча, бу жуда хавотирли. Бу, инсониятга қарши жиноят эмасми, деган фикрга етаклайди", дейди Коммунизм қурбонлари Мемориал жамғармасидан доктор Адриан Зенз.
Huafu ширкати ётоқхонаси
Бузайнабни Анхуи вилоятидаги Хуйбей шаҳридаги Huafu тўқимачилик фабрикасига юборилган. Би-би-си ижодий гуруҳи фабрика раҳбариятидан Уйғур ишчилари ҳақида маълумот сўраган. Фабрика дарвозасидаги қўриқчи коронавирус туфайли ишчилар уйларига қайтариб юборилганини айтди. Раҳбарият эса "компания шинжонлик ишчиларни ишлатмаётгани" ҳақида баёнот берган.
Биз Британияда Амазонда сотилаётган маҳсулотларни топдик, уларнинг таркибида Huafu ширкатининг калаваси бўлиши мумкин. Амазон мажбурий меҳнатга тоқат қилмаслигини айтди.
Пластик қуймалар ишлаб чиқариладиган корхона ёнида бир ишчи у ерда бир неча юз шинжонлик ишлаётганини тасдиқлади. Аммо хитойлик ходимлардан фарқли ўлароқ, шинжонликларнинг корхона ҳудудидан ташқарига чиқишларига рухсат берилмайди.
Ўз баёнотида Хитой Ташқи ишлар вазирлиги шундай деди: "Би-би-си тадқиқоти фақат муаллифнинг шахсий қарашларини акс эттиради - тадқиқотнинг аксар мазмуни фактларга тўғри келмайди".
Лекин бу баёнот ҳукумат кўз қарашини акс эттиради. Ҳукумат шундай тўхтамга келган: айрим уйғурлар ўз уйини ташлаб кетишни хоҳламайди, бу муаммони қаттиқ йўл-йўриқ, қатъий чоралар билан ҳал этмоқ лозим.
- Европа Иттифоқида уйғурлар Хитойда "геноцид"га учраётгани айтилди, Хитой уни "аср ёлғони" демоқда
- Канада парламенти Хитойнинг Уйғурларга муносабатини "геноцид" деб эълон қилди
- Хитойда уйғурлар, Шинжон ҳақида гапириш мумкинми?
- Хитой лагеридаги уйғурлар мунтазам жинсий зўравонликлардан шикоят қилдилар
- Уйғурлар: Хитойнинг геноцид қилаётгани тасдиқландими?
BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг.
Telegram каналимиз: https://t.me/bbcuzbek