Дайжест. Россия: Гулчеҳра Бобоқулова озодликка чиқади, 1200 $ га билет олган йўловчилар нега рейсга қўйилмади? Rossiya, Putin, O‘zbekiston, dunyo, yangiliklar

Коронавирусга қарши эмлаш

Сурат манбаси, Reuters

"Британча штаммдан ҳам хавфли"

Россияда коронавируснинг "жанубий африкача" штамми топилди, хабар қилинди Роспотребнадзор расмий сайтида.

"Вируснинг британча варианти учун 28 та, Жанубий Aфрикага мансуб вариант учун иккита изолятор мавжуд. Бразилия вариантига тегишли изоляция аниқлангани йўқ", дейилади нашрда.

Хабарномада мутахассислар вируснинг 16 та бошқа мутациясини топганликлари қўшимча қилинган.

Роспотребнадзор раҳбари Aнна Попова 10 март куни ҳолатигача Россияда Жанубий Aфрикадан вирус намуналари бўлмаганлигини маълум қилди.

"Британча", "Жанубий Aфрикача" ва "Бразилча" штаммлари асл ва бошқа штаммларга қараганда анча юқумли ҳисобланади.

Коронавирус штаммларининг биринчиси Буюк Британияда 2020 йил сентябрда, иккинчиси октябрда, учинчиси 2021 йил январида топилганди.

Илмий жамоатчилик яратилган вакциналар улардан ҳимоя қилиш-қилмаслиги тўғрисида ҳали бир фикрга келмаган.

Рейсга қўйилмаган йўловчиларда сохта ҳужжатлар бўлган

Сурат манбаси, BBC Uzbek

12 март куни Самарқанддан Москвага учувчи "Шереметьево-Самарқанд-Шереметьево" йўналишидаги махсус (чартер) рейс қайтишига йўловчиларнинг бир қисми қўйилмаган ва фуқаролар ижтимоий тармоқларда ўз норозиликларини билдирганлар.

"Uzbekistan Airports" АЖ Ахборот хизмати бу масалага расмий муносабат билдирган.

"Биринчидан, "Uzbekistan Airports" АЖ тасарруфидаги 11 та халқаро аэропортнинг бирортасига билет сотиш ваколати берилмаган. Иккинчидан, пандемия шароитида ташкил қилинаётган чартер парвозлари учун ҳам билетларни хорижий давлатларнинг (қайси давлат рейси эканига қараб) авиакомпаниялари орқали сотилади. Ва авиакомпания вакиллари иштирокида рўйхатдаги шунингдек ҳужжатлари талаб даражасида тақдим этилган йўловчиларгина парвоз қила олади", дейилади расмий муносабатда.

Шунингдек, матбуот хизмати 12 март кунги "Шереметьево-Самарқанд-Шереметьево" йўналишига (131 йўловчидан) 29 нафар йўловчининг парвоз қилишига рухсат берилмаганига асосий сабаб, Аэрофлот авиакомпанияси томонидан талаб қилинган ҳужжатларнинг тўлиқ тақдим этилмаганлиги, сохта ҳужжатларнинг ҳавола қилингани аниқланганини билдирган.

Эслатиб ўтамиз, 2020 йилнинг март ойидан буён, Россиядаги пандемия тарқалиши хавфи ортидан жорий этилган карантин чекловлари боис, Ўзбекистон фуқароларининг бу мамлакатга киритилиши маълум чекловлар асосида амалга оширилмоқда. Ишлаш ниятида бўлган юзлаб ўзбекистонликлар эса Россияга кира олишмаяпти.

Қотил энага Ўзбекистонга депортация қилинади

Сурат манбаси, Ria novosti

Москвада ногирон қизалоқни бошини узиб, метро ёнида кўтариб юрган ўзбекистонлик Гулчеҳра Бобоқулова озодликка чиқиши мумкин.

Собиқ энага 5 йил давомида Қозондаги руҳий касалликлар шифохонасида мажбурий равишда шизофрениядан даволанди. Бобоқулованинг озодликка чиқиши ҳақидаги хабар аллақачон баҳсларга сабаб бўла бошлади.

Шифокорлар беморнинг ҳавфсизлигига ишонишмоқда, жамоатчилик эса қатъий назоратга олиниши тарафдори.

2016 йил 29 феврал куни 4 ёшли қизалоқни бошини танасидан узиб, хонадонни ёқиб юборган Гулчеҳра Бобоқулова воқеаси жамоатчиликни ларзага келтирганди. Ўзбекистонлик муҳожир ўзи қараётган қизчанинг кесилган боши солинган сумкани кўтариб таксида «Октябрьское Поле»га борган ва у ерда бақирганча ўзини портлатиш таҳдидини қилган. Уни полиция тутиб маҳкамага олиб кетган, шу куниёқ ваҳшиёна қотиллик ҳам маълум бўлганди.

Гулчеҳра Бобоқулова судгача ҳибсда сақланди. Экспертиза уни руҳий касал деб топди ва мажбурий даволанишга юборилди. Кейинчалик, мигрант аёл Ўзбекистонда ҳам 1999 йилдан руҳий касал сифатида ҳисобда тургани маълум бўлди. Аёл энага бўлиб ишга киришда бу маълумотни бекитганлиги айтилади.

Сўнгги маълумотларга кўра, Гулчеҳра Бобоқулова озодликка чиқиши билан Ўзбекистонга депортация қилиниши кутилмоқда.

BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг.

Telegram каналимиз: https://t.me/bbcuzbek