Дайжест. Россия, мигрантлар: Ўзбекистонликлар нега ҳалиям келолмаяпти? Россия уларнинг келишига қандай янги қонунларни ҳозирлаяпти? - Rossiya, Putin, O‘zbekiston, dunyo, yangiliklar

Аэрофлот самолёти

Сурат манбаси, Getty Images

  • Авиақатновлар тикланди: қарорда бору ҳали амалда йўқ
  • Қатнов тиклангач, талабаларга ҳам рухсат тегди
  • Патент олишда яна янгилик кутилмоқда
  • Мигрантларни ишга кимлар чақира олади?

Айни пайтда Ўзбекистондан Россияга минглаб кишилар меҳнат муҳожирлигига келиш учун чегаралар очилишини кутишмоқда. Россия эса уларни бирданига киритмоқчи эмас.

Рейс қачон қўйилади?

Россия-Ўзбекистон орасида мунтазам авиақатновлар яна йўлга қўйилиши арафасида. Расмий манбаларда келтирилишича, ўзбекистонликлар ҳозирча хафтада бир марта мунтазам рейсда Россияга кириш учун асос талаб қилинмаган ҳолда кириб келишлари мумкин бўлади. Хафта давомида ўзаро қатновчи чартер рейслар йўловчилар ташишда давом этади. Бу рейсларда Ўзбекистон фуқароларининг Россияга кириш учун маълум асоси талаб қилиниши сақланиб қолмоқда.

Бу ҳақдаги хабарлар Россия расмийси Татяна Голикованинг ОАВ ходимларига берган интервьюсидан кейин ўтган хафтада кенг тарқалганди. Аммо бу борада расмий асос ҳали чиқмаганди.

Куни кеча 1 апрель 2021 йилдан бошлаб Ўзбекистон ва Тожикистон фуқароларининг Россияга кириши ҳақидаги Россия хукуматининг қарорига тўлдириш киритилгани эълон қилинди. Аммо ҳозирча мунтазам рейслар қўйилгани йўқ.

«Мунтазам рейслар қўйилгач, ўзбекистонликлар фақат самолёт орқали, фақат ўз мамлакатларидан ва фақат ҳафтада 1 та белгиланган рейсда коронавирусга топширилган тест жавоби билан Россияга кела олишади», - дея изоҳ берди мигрантлар учун бепул юрист Валентина Чупик Фейсбукдаги саҳифасида.

Россия Ўзбекистон билан қатновлар тикланиши бир пайтда эълон қилинган Тожикистон 4 апрель куни 180 йўловчили мунтазам рейсни амалга оширгани маълум қилинди.

Ўзбекистоннинг айрим интернет-нашрлари ҳалигача қатновнинг йўлга қўйилмаганини келишувлар амалга оширилмагани билан изоҳлашмоқда.

Талабалар ҳам кутиб қолди

Сурат манбаси, official

Россия Фан ва олий таълим вазирлиги матбуот хизмати Россия ҳукумати қатор давлатлардан бўлган талабалар РФ ҳудудидаги олий таълим муассасаларида ўқишни давом эттириш учун мамлакатга келишига рухсат берилганини хабар қилди.

Хабарда билдирилишича, РФ ҳукуматининг 31 март куни қабул қилинган фармойишига кўра, Ўзбекистон, Тожикистон, Венесуэла, Германия, Сурия ва Шри-Ланкадан бўлган талабалар, аспирантлар, ординатор ва тайёрлов факультетлари тингловчилари ўқишни давом эттириш учун Россияга қайтиши мумкин бўлади.

Бу маълумот Ўзбекистон ва Россия ўртасида ўзаро авиақатновларнинг тиклангани ҳақидаги хабардан сўнг эълон қилинди. Бу вақтда ўзбекистонлик талабалар апрел ойидан йўлга қўйилиши кутилаётган мунтазам рейсларда Россияга кириш имкониятига эга эдилар.

Патент энди электрон бўладими?

Россия Марказий осиёлик мигрантларни янги қонун лойиҳалари билан кутиб олмоқда.

Россия ИИВ томонидан берилган патентларни электронлаштириш (пластик карта) ҳақидаги таклиф ҳукумат ҳуқуқий порталида 16 апрелгача муҳокамага қўйилган.

ИИВнинг билдиришича, патентлар электрон ахборот ташувчисисиз (чип) чиқарилади. Агар таклиф қабул қилинса, патентларнинг сохталаштиришга чек қўйилиши ва патент олиш тизими осонлашиши билдирилган.

«Патентларнинг электрон ташувчи билан чиқарилиши патентга шикаст етиши (сувга тушиш, букланиб қолиш ва ҳ.к)дан ҳам сақлайди. Агар ҳозирги патент тизимининг ўзини муҳокама қилмай, фақат шаклини гапирадиган бўлсам, пластик карта бўлиб чиқариладиган патентларни синиб қолиши/йўқолиши каби ҳолатларда қайта чиқарилиш тезлиги муҳим. Электрон ахборот ташувчиси бор янги патентлар йўқолган/шикастланган патентни тез алмаштириш имконини бериши мумкин», - дея фикр билдирди мигрантлар ҳуқуқлари ҳимоячиси Зарнигор Омониллаева.

Юристга кўра, бу жараёнда муҳими патент эгалари патентга тўловлари, чеклари ва патентнинг амал муддатлари каби маълумотларини мустақил олишда қийналишларига чек қўйиши мумкин.

«Янги шаклдаги патентлар билан тўлов чекларини сақлаб юриш мажбурияти йўқ қилинса, патентнинг маълумотларини олиш эркинлаштирилса мигрантларнинг ҳам, ИИВ ходимларининг ҳам иши осонлашарди», дея таклиф билдирди юрист.

Россия қўшни мамлакатларга ўз чегараларини қисман очиш билан бирга чет эл фуқароларини Россияга ишга жалб қилишнинг янги тартибини кўрмоқда.

Фақат "миллиардер" ташкилотларга мумкин

Россия Федерацияси ҳудудига коронавирус инфекцияси кириши ва тарқалишининг олдини олиш бўйича Тезкор штаб томонидан мамлакатга чет эл фуқароларини ишга жалб қилиш бўйича Ҳаракатлар алгоритми тасдиқланган.

Ушбу Aлгоритмга мувофиқ, чет эл фуқароларини ишга жалб қилиш учун иш берувчи ташкилот бир қатор талабларга жавоб бериши керак.

Яъни, иш берувчи ташкилотлар миллий, федераль ёки минтақавий лойиҳаларни амалга оширишда иштирок этиши, штатдаги ходимлари сони камида 250 нафар бўлиши, даромади 2 миллиард рублдан ортиқ бўлиши ва солиқлардан қарзи бўлмаслиги лозим.

Иш берувчи ташкилотларнинг чет эл фуқароларини ишга жалб қилиш бўйича буюртмалари, талабномалари, меҳнат мигрантларини Россияга олиб кириш билан боғлиқ жараёнларнинг амалга оширилиши «Работа в России» порталида бериб борилади, дея маълумот берилди маҳаллий нашрларда.

Шунингдек, меҳнат мигрантлари учун транспорт, овқатланиш, турар жой ва карантин жойларини ташкил этиш иш берувчи ташкилот томонидан таъминланиши кераклиги билдирилган.

BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг.

Telegram каналимиз: https://t.me/bbcuzbek