Дайжест. Россия, мигрантлар: Дам олиш кунлари Россияга! Вирус кўп давлатда ишлаш хавфли эмасми? Муҳожирлар қачон эмланади? Ўзбекистон - O'zbekiston Rossiya

Тошкент Москва рейси самолёти

Сурат манбаси, official

  • Россия-Ўзбекистон орасида яна бир мунтазам рейс қатнови
  • Сохта чипталардан қандай сақланиш мумкин?
  • Коронавирус билан боғлиқ вазият ташвишли
  • Россияга ишга келганлар COVID-19 га қарши эмланадими?

Шанба-якшанбадаги мунтазам рейслар

Тошкентдан Москвага яна бир мунтазам рейс тикланди. У барча ўзбекистонликлар учун очиқ.

«2021-йилнинг апрел ойидан бошлаб, ҳар шанба куни Тошкент - Москва - Тошкент йўналиши бўйича мунтазам авиақатновлар қайта жорий этилади, дея хабар берди Uzbekistan Airways расмий сайти.

Хабарга кўра, мазкур йўналиш бўйича парвоз учун Россияга келишдан аввал 3 тақвим кунидан ошмаган ҳолда ПСР-тест (рус ёки инглиз тилида) ўтказиш талаб қилинади.

Мазкур рейсга Ўзбекистон Республикасининг барча фуқаролари ва Россия Ҳукуматининг 16.03.2020-йилдан 635-п фармойиши асосида Россияга киришга чеклов қўйилмаган Ўзбекистонда доимий яшаш ҳуқуқига эга чет эл фуқаролари киритилиши мумкин.

Сохта чипталардан огоҳлантирув

Сурат манбаси, official

Кейинги пайтларда ижтимоий тармоқларда Россияга ишга кетиш учун сохта хужжатлар ва сохта авиачипталарга алданиб қолаётган ўзбекистонликлар ҳақида маълумотлар кўпайиб бораяпти.

Uzbekistan Airways расмий сайти ўзбекистонликларни сохта чипталар сотувчиларига алданиб қолмасликлари учун ҳушёр бўлишга чақирди.

"Тушунмовчиликларнинг олдини олиш учун чипталарни тезлаштириб харид қилиш хизматларини таклиф қилувчи шубҳали шахсларга мурожаат этмаслигингизни сўраймиз. Чиптада кўрсатилган ва сиз тўлаган нархни таққослашингизни қаттиқ тавсия этамиз", дея йўловчиларни огоҳлантиради авиакомпания.

Шу билан бирга авиакомпаниянинг расмий сайтидан харид қилинган авиачипталар учун 3% чегирма ваъда қилмоқда.

Бундан аввал "Аэрофлот" компанияси ҳар якшанба кунлари Тошкент-Москва йўналишида мунтазам рейсларни амалга оширишини эълон қилганди.

Хафтанинг бошқа кунлари эса Россия-Ўзбекистон орасида чартер рейслар ўзаро қатновларини давом эттиради.

Вирус Туркиядан келаяптими?

Сурат манбаси, official

Россияда COVID-19 билан боғлиқ кўрсаткичлар пасаяётганига қарамай, эпидемиологик вазият ҳамон ташвишли бўлиб турибди. Россияликлар касалланишлар кўпайиши мумкинлигидан огоҳлантирилмоқда.

Бош вазир Михаил Мишустин Татяна Голиковага 9 апрелдан Роспотребнадзор, олимлар ва шифокорлар билан биргаликда аҳолини коронавирусдан ҳимоялашнинг қўшимча чораларини тайёрлашни буюрди.

Расмий рақамларга кўра, Россияда коронавируснинг 103 та британча ва 10 та жануби-африкача штаммлари қайд этилган. Экспертлар бу борада рақамлар янада кўп бўлиши мумкинлигини айтишган.

Росспотребнадзор раҳбари Анна Попова вируснинг янги штаммлари асосан Туркиядан юқтирилиб келинаётганини билдирган.

Таъкидлаш керакки, Россияда 3 та COVID-19 вакцинаси ишлаб чиқарилаётганига қарамай, аҳоли орасида вакциналаш жараёни суст бораётгани кузатилмоқда.

Бугунга келиб, мамлакатда вирус қайд этилишининг кунлик кўрсатгичи 8200 атрофида, жами эса 4 ярим миллиондан ошиқ. Даволанганлар 4 миллион атрофида, вирус билан боғлиқ ўлимлар сони эса 100 мингдан зиёдни ташкил этмоқда.

Таҳлилчиларга кўра, айни пайтда Россиянинг Ўзбекистон билан авиақатновларни тиклаётгани ўзбекистонликлар орасида COVID-19 ортиши ҳавфини ошириши мумкин.

Россияликлардан ортса, ўзбекистонликларга

Сурат манбаси, BBC uzbek

Россияга келаётган ўзбекистонлик меҳнат муҳожирлари коронавирусга қарши сақланиш воситалари - тиббий ниқоб, антисептиклар ва шахсий гигиена воситалари билан таъминланиши ҳақида хабар қилинди.

Албатта, бу маълум талаблар асосида йўлга чиққан ишчилар учун экани билдирилган. Масалан, Омск вилоятидаги қурилиш ташкилотига ишга юборилган 129 нафар ўзбекистонликка тиббий воситалар бепул тарқатилган.

Россияга келаётган ўзбекистонликларнинг COVID-19 га қарши вакциналаниши ҳақида ҳозирча аниқ бир маълумотлар берилганича йўқ.

Россия расмий ОАВлари россиялик иш берувчиларга мигрантларни коронавирусга қарши эмлаш мажбурияти юкланмаслигини ёзди.

Журналистлар коронавирусга қарши оператив штабдан бу борада эҳтиёж борлигини сўрашганида унга жавобан расмийлар Россия ҳозирда ўз фуқароларини вакциналашни амалга ошираётганини билдирган.

BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг.

Telegram каналимиз: https://t.me/bbcuzbek