Келин ўғирлаш: Айзаданинг ўлими Қирғизистонни жунбушга келтирмоқда - Qirg'iziston, Markaziy Osiyo

  • Шоҳруҳ Соипов
  • Мустақил журналист, Ўш
Норозилик чиқиши иштирокчилари

Сурат манбаси, BBC Uzbek

Ўғирлаб кетилиб, ўлдирилган 27 ёшли қизнинг ўлими Қирғизистон жамоатчилигининг норозилиги ва милицияга нисбатан кескин танқидларга сабаб бўлмоқда.

Пойтахт Бишкек ва Ўш шаҳарларида Ҳукумат уйи ва Ички ишлар идоралари олдида норозилик намойишлари бўлиб ўтган.

Унда юздан ортиқ одам иштирок этиб, қиз ўғирлаш холати қайд этилганидан кейин, милиция тезкор чоралар кўрмагани учун танқид қилиниб, вазир истеъфоси талаб қилинган.

Бишкекда намойишчилар билан Бош вазир Улуғбек Марипов учрашиб, воқеа юзасидан тергов ишлари олиб борилаётгани, у президент назорат остида эканини айтган.

Президент Садир Жапаров ҳам ўзининг Фейсбук саҳифасида қотиллик юзасидан фикр билдирган.

"Айзада Қанатбековани ўғирлаб кетиш ва ўлдириш ҳақидаги хабардан чуқур қайғуга тушдим. Бизнинг жамиятда мажбурий никоҳлар давом этиши қабул қилиниши мумкин эмас. Айзада билан содир бўлган воқеа нафақат унинг оиласи, балки бутун мамлакатимиз учун катта фожиа. Қизларни ўғирлаш, уларни куч билан ҳибсга олиш ва эркига қарши турмуш қуришга мажбур қилиш ҳар доим фожиага олиб келади ", деб ёзган Президент Садир Жапаров.

"Айзадани ўғирлаш ва унга нисбатан шафқатсиз муносабатда бўлиш тарихдаги сўнгги ўғирлаш бўлиши керак. Бунга бугунги ривожланган жамиятда йўл қўймаслик керак. Бундай жиноятлар учун ҳамма жазоланиши керак. Мен Айзада Қанатбекова ишини шахсан ўз назоратимга оламан. Қирғизистоннинг барча фуқароларини агар қизларни ўғирлашга уринишни кўрсалар, бефарқ бўлмасликка чақираман. Ҳар бир қирғизистонликнинг ҳаёти ва эркинлиги барча нарсадан устундир. Мен Айзада Қанатбекова оиласига чуқур ҳамдардлик билдираман. Воқеа иштирокчилари қонунда белгиланган тартибда қаттиқ жазоланади ", дея ваъда берган Президент Жапаров.

Қиз олиб қочиш қурбони бўлган Айзада Қанатбекова, кеча Иссиқ-Кўл вилоятининг Балиқчи шаҳрида дафн этилган.

Воқеа тафсилоти

Сурат манбаси, BBC Uzbek

Айзада Қанатбекова 5 апрел куни тахминан эрталаб соат 7:30 да Бишкек кўчаларининг бирида номаълум одамлар тарафидан ўғирлаб кетилган. Интернетда Айзадани кўчада уч йигит мажбурлаб машинага ўтирғизгани акс этган видео тарқалган.

Олтинчи апрел куни қизнинг қариндошлари журналистларга ёрдам сўраб мурожаат қилишган.

Орадан бир кун ўтиб, 7 апрел куни Айзаданинг жасади Бишкек четидаги далада машина ичидан топилган. Маҳаллий чўпон уни кўриб, милицияга хабар берган.

Милиция маълумотларига кўра, қизни ўғирлашда гумон қилинган 36 ёшли эркак қизни бўғиб ўлдирган, кейин ўзини пичоқлаган ва воқеа жойида вафот этган.

Марҳум қотил, Россияда талон-тарожликда айбланиб, 6,5 йилга озодликдан маҳрум этилганлиги ва у илгари турмуш қуриб, икки фарзанди борлиги маълум бўлган.

Шунингдек, у тўрт йил олдин Қирғизистонга келиб, Бишкекда такси хизматида ишлагани ва сўнгги икки ой давомида машинада тунаб юргани, у бошқараётган машинани укаси ижарага олгани аниқланган.

Қиз ўғирлашга алоқадор уч шахс қўлга олиниб, тергов ишлари олиб борилмоқди.

Сурат манбаси, BBC Uzbek

"Тажрибали полковниклар, мутахассислар ва терговчилар иштирок этмоқда. Айни пайтда тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда", дейди Бишкек милициясининг тергов бўлими раҳбари Нурлан Утемисов.

Айзаданинг ўлими парламентда ҳам кўтарилган. Депутатлар Аида Қасималиева, Жанар Ақаев, Айнура Алтибаева, Эмил Тоқтошев ҳокимият ва милицияни воқеага бефарқликда айблаб, Ички ишлар вазири келиб, маълумот беришини талаб қилишган.

"Парламент конституция ёки сайлов тўғрисидаги қонунни кўриб чиқаётганда ҳаммамиз тўпланамиз. Аммо одам вафот этганида бефарқмиз. Парламент бу ишни ўз назоратига олади ва Айзаданинг онаси қайси бўлимга борганини, нима қилганларини аниқлашимиз керак. Милиция ишламаяпти, жамоатчиликнинг уларга нисбатан норозилиги кучаймоқда", деган депутат Аида Қасималиева.

"Афсуски, Бурулайнинг ўлими ҳеч кимга сабоқ бўлмади. Демак, жиноятчилар жазоланмади. Қиз ўғирлаганни жазолаш учун янги қонун керак. Қизни ўғирлашга ёрдам берганлар ҳам жиноятчи сифатида жазоланиши керак. Ҳеч қандай келишув, аризани қайтириб олиш деган нарса бўлмаслиги керак. Мен ҳамкасбларимни қонунни кучайтиришга даъват этмоқчиман. Ушбу ҳодиса тўлиқ ва тезкор текширилсин. Жамоатчилик тўлиқ хабардор бўлсин. Тезкор ишламайдиган милиция ходимларининг иши ҳам диққат кўриб чиқилиши керак ", дея урғулаган яна бир депутат Эмил Тоқтошев.

"Иложсизликдан Туркияга кетмоқчи эди"

Сурат манбаси, BBC uzbek

Айзаданинг тутинган опаси ва ҳамкасби Би-би-сининг Қирғиз хизматига "у умидсизликка тушиб қолганидан, ўзини таъқиб қилаётган боладан қутулиш учун Туркияга кетаётган эди" деб айтган. Суҳбатдош хавфсизлик сабаб исмини ошкор қилмасликни сўраган.

"Айзада билан йигит ўтган йили учрашиб юришган экан. Кейин, у боланинг руҳий ҳолатига шубҳа қила бошлагач, у "бўлди, менга яқинлашма", деб қочиб юрган. Аммо бола унинг орқасидан эргашиб, таъқиб қила бошлаган. Айзада жуда яхши қиз эди. У неча марта боладан қочиб юрди, биз уни кўрмаслик ёки билиб қолмаслиги учун неча марта уйга олиб бориб, беркитиб юрдик. Бир куни ишдаги раҳбаримиз бола Айзадани ўғирлаб кетишига оз қолганда, кўриб қолибди. Уни машина билан орқасидан қувиб бориб, олиб келишди. Биз "Айзада, бундан қутулолмайсан, бошқа жойга, Россия ёки Туркияга кет", деганмиз. Қирғиз-Турк Манас университетини тамомлаган. У Туркия билан шартнома тузиб, 16 апрелда учиб кетиши керак эди. Унинг қўлида чиптаси ҳам бор эди", дейди хавфсизлик юзасидан исми ўзгартирилган Миргул.

У Айзада йўқолганидан кейин, ҳамкасблари ва қариндошлари билан қидирув ишларини олиб борганини, милиция эса ариза ёзилганига қарамай, лаёқатсиз бўлганини айтади.

"Маълумотни интернетда эълон қилгандан сўнг, туман ички ишлар бўлимига қўнғироқ қилиб, сўраб турдик. Сизлар аризани қаерга ёзгансизлар, бизга ундай маълумот келмади, дейишди. Бошқа туман ички ишлар бўлимларига маълумот етмабди. Аризани қабул қилган туман ички ишлар бўлимининг ҳаракатларидан норози бўлдик".

Айзада ўғирланган куни кеч онасига қўнғироқ қилиб, Бишкек яқинидаги Қора-Болта шаҳрида эканини, бироздан кейин уйга боришини айтган. Бироқ уйга келмаган ва телефон рақами ўчган.

"Аёллар ҳимоя қилинмайди"

Сурат манбаси, BBC uzbek

Оиладаги зўравонликлардан жабрланган аёллар ҳуқуқларини ҳимоя қилиб келаётган Муҳайё Абдураупова, эркаклар тарафидан аёлларга нисбатан босимлар, тахқирлашлар одатий тус олганини айтади. У ўзи ҳимоя қилаётган аёлларнинг биронтасининг ишида ҳам ижобий натижага эришмаганини урғулайди.

"Узоқ йиллар давомида оилавий зўравонликдан жабр кўриб келган аёллар келишмовчилик сабаб эрларини уриб, ўлдириб қўяди. Улар аксарият ҳолларда узоқ муддатга қамоқ жазосига ҳукм қилинади. Бирдек жиноят қилган аёл билан эркакнинг қамоқ жазо муддатини солиштирсак ҳам тенгсизлик бўлиб, яъни аёлларга кўпроқ, эркакларга эса озроқ берилар экан. Мен ҳимоя қилган бир аёлга 9 йил, Ўзганда ўгай онасига пичоқ санчиган эркакка эса етти ярим йил жазо муддати тайинланган. Яна бир эркакка эса икки ярим йил бераяпти, гўёки хотинига қўққисдан пичоқ санчиб олибди. Шунингдек, аёллар тарафидан содир этилган жиноятлар ҳам милиция тарафидан зудлик билан оммага ёйинланади, эркакларнинг жиноятлари эса яширин, тергов бўлгани ҳам билинмай, иш ёпилади", дейди ҳимоячи аёл.

Бу каби масалаларни ҳал этиш учун, одамлар мавжуд муаммоларни қўрқмай оммага олиб чиқиб, давлат идораларига, парламент депутатларига етказиш ва жамият назоратини кучайтириш кераклигини таъкидлайди ҳимоячи Муҳайё Абдураупова.

BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг.

Telegram каналимиз: https://t.me/bbcuzbek