Россия: Мигрантлар керак, болалари керакмасми? Rossiya, migrant, Markaziy Osiyo

Россия мактабидаги бўш синфхона

Туғилиш кўрсаткичи йилдан-йилга пасайиб, ишчи кучига эҳтиёж қисман мигрантлар ҳисобидан ҳам барқарорлашиб турган Россияда мигрантларнинг болалари сони чекланиши таклиф этилди.

Кремль ҳар тўртинчи россиялик мигрантларга ёмон муносабатда эканлигини, уларнинг болалари эса мактабга бормаслигини билдирди.

Аввалроқ Президент Путин Россия мактабларида мигрант-болаларнинг улушини назорат қилишни таклиф қилган эди.

Унинг фикрича, мактабда хорижлик ўқувчилар қанчалик кўп бўлса, уларнинг рус маданияти ва тили муҳитига мослашиши шунчалик оғир кечади.

Уларнинг сони қисқартирилса, мамлакатнинг қадриятлар тизимига енгилроқ сингади, деб ҳисоблайди Россия Президенти.

Хукумат нимадан хавотирда?

Президент админстрацияси раҳбар ўринбосари Магомедсалам Магомедовнинг сўзларига кўра, 2020 йилда ҳар тўртинчи россиялик келгиндиларга салбий муносабатини билдирган.

"Негатив динамика мавжуд. Мигрантларга ёмон муносабатда бўлган инсонлар сони 7,5% га ўсган. Бу вазият миллатлараро муносабатларнинг айни ҳолатига таъсир қилади", - Магомедовдан иқтибос келтирди ТАСС.

Расмийга кўра, Россияда келгиндиларнинг ёпиқ анклавлари шаклланмоқда. Уларда мигрантларнинг болалари ўсишаяпти - мамлакатнинг бўлажак фуқаролари, улар билан ишлаш жуда муҳим бўлган қатлам.

Магомедов мигрант-болаларнинг билим олиш даражаси муаммосига эътибор қаратишни таъкидлайди ва у келтирган рақамларда 800 минг мигрант-болалардан фақатгина 140 минг нафари Россия мактабларига бориши айтилади.

"Қолганлари қаерда экани номаълум. Муаммо бор, бунга ўз ҳудудингиздан қаранг, кўрасиз", - деган мулозим.

Мигрант-болалар учун махсус тизим

Россия Маориф вазири Сергей Кравцов вазирлик мигрант болаларнинг индивидуал таълим эҳтиёжларини баҳолаш учун махсус тизим тайёрлаётганини маълум қилди.

Вазирга кўра, бу нафақат боланинг рус тилини билиш даражаси ва умумий таълим дастурини ўзлаштиришдаги юзага келиши мумкин бўлган муаммоларни очиб беради, балки у учун зарур бўлган таълим траекториясини, шунингдек, психологик ва педагогик ёрдам дастурини шакллантиришга ёрдам беради.

Маориф вазири ушбу тизим келгуси ўқув йилининг бошида илк синов тартибида ишга тушириш режалаштирилганини билдирган.

Россия ҳукумати ва ОАВларининг мигрантларнинг болалари мавзусига алоҳида эътибор қаратиши Россия ва Марказий Осиё мамлакатлари орасида авиақатновлар тикланиб, муҳожирлар Россияга қайта бошлаётган бир давр манзарасида янграмоқда.

BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг.

Telegram каналимиз: https://t.me/bbcuzbek