Ўзбек-Тожик чегараси: Нега тожикистонликлар Ўзбекистонга ўта олишмаяпти? O‘zbekiston Tojikiston dunyo, yangiliklar

  • Мустақил журналист
  • Тожикистон
Ўзбекистон-Тожикистон чегараси

Сурат манбаси, kun.uz

Ўзбекистонга ўтиш учун ўзбек-тожик чегара-назорат ўтказиш масканларига бораётган юзлаб тожикистонликлар узоқ кутиш ва чегарачиларга илтимослари ўтмагач, умидларини узган ҳолда орқага қайтишмоқда. Улар орасида Ўзбекистон орқали Россияга учиш ниятида йўлга чиққанлар ва қариндош-уруғларини кўриш учун бораётган кишилар бор. Фақат қўлида чегарадан ўтиш учун асоси мавжуд кишиларгина Ўзбекистонга ўтишга муваффақ бўлишмоқда.

Тожик-ўзбек чегараси ўтган йилнинг 16 мартида коронавирус туфайли ёпилган эди.

Кузатувчиларга кўра, чегарада қаттиқ тартиб ўрнатилишига чегара-назорат масканларидан бирида ишлайдиган масъул шахснинг қўлга олиниши сабаб бўлган. Лекин буни расмий мақомотлардан тасдиқлашнинг иложи бўлмади.

Ҳолбуки, чегарадан ўтишга муваффақ бўлганларнинг айтишларича, бир неча кун олдин гарчи узоқ кутилса-да, кўпроқ тунги вақтда Ўзбекистонга ўтказишган. Лекин бунинг учун камида минг сомоний ( $90 АҚШ долларига яқин) пул беришга мажбур бўлишган.

Тожикистон Республикаси Давлат молиявий назорат ва коррупцияга қарши кураш агентлигининг Суғд вилояти бошқармаси бошлиғи Шараф Аваззода чегарадаги таъмагирликлар ҳақида ўзларига мурожаат этишганини айтди. "Лекин шикоят имзосиз ёзилгани учун қонунга кўра уни текширишнинг иложи бўлмади. Чегарадан ўтмоқчи бўлган бирон киши мендан пора талаб қилишяпти, деб айтмади", деди у.

Ўзбекистон томонида эса, таъмагирлик қилинмаган. Фақат Ковид-19 га тест топширилганлиги борасидаги ҳужжат талаб қилинган. Тест топширмаган ё муддати ўтиб кетган тест топширганлик ҳужжати бўлганлардан қайта тест олинган.

Сабаб фақат Ўзбекистонда чиптанинг арзонлигими?

Сурат манбаси, official

"Тожикистонда учоқ чиптаси қимматлиги туфайли Тошкент орқали учишга қарор қилдим. Мендан олдин Россияга кетган ҳамшаҳарларим шундай маслаҳат беришди. Танишларим Тошкентда чипта олиб қўйишган эди. Лекин чегарада яна ўша ҳамшаҳарларим маслаҳати билан бу ҳақда оғиз очмадим. Чунки чиптам борлигини билиб қолишса, чегарачилар минг сомоний эмас, икки-уч баравар пул олишаркан", деди Ўзбекистоннинг Тошкент ва Тожикистоннинг Суғд вилоятларини боғлайдиган Фотеҳобод-Ойбек халқаро чегара-назорат масканига ўзи айтмоқчи қирқ минутлик йўл босиб келган Элмурод исмли йигит.

Тожикистоннинг Истиқлол (собиқ Табошар) шаҳрида яшайдиган Элмурод гарчи чегарачиларга ўтиш учун пул берса-да, Тошкент-Москва рейси учун учоқ чиптаси нархи ўз юртидагига қараганда деярли икки баравар арзонга тушганини айтди.

У Telegram орқали гаплашар экан, ҳозир Москвада ишлаш учун ҳужжатларини тўғрилашга киришганини айтди. "Тўғри, пора бериш яхши эмас. Лекин мен ўша куни Москвага учиб келмасам, доимий ишимдан ажралган бўлардим", деди у.

Бироқ Россия билан бирга икки фуқаролиги бор тожикистонликлар учун чегарадан ўтишда муаммо йўқ.

- Мен укам билан Тошкент-Петербург рейсига чипта олгандик. Россия фуқароси эканлигимизни билишгач, тезда ўтказиб юборишди. Тожик чегарачилари ҳам, ўзбек чегарачилари ҳам бир тийин олишгнани йўк. Фақат аввал ўзбек томонида, сўнгра Тошкент аэропортида, яъни икки марта тест топширдик", деди телефон орқали суҳбатда Петербургга етиб олган Жаббор Расулов туманида яшайдиган Мадина.

Ўзбекистон томонидан тасдиқланган ҳужжатга эга Тошкентга даволаниш учун бораётганлар, яқин қариндоши вафот этгани ё оғир беморлиги борасида шошилинчнома кўрсатганлар, чегаранинг у ё бу томонида турмуш ўртоғи яшайдиган кишилар никоҳдан ўтганлиги борасидаги гувоҳномаларни кўрсатиб чегарадан ўтишмоқда. Худди шундай Ўзбекистон олий ўқув юртларида ўқийдиган тожикистонлик талабалар ва Тожикистонда таълим олаётган ўзбекистонлик ёшларга ҳам чегарадан ўтиш ижозати берилган. Ё Тожикистон Республикасининг коронавирус олдини олиш ва унга қарши кураш штаби ижозатномаси кўрсатилганда ҳам, чегарадан ўтиш мумкин.

Лекин яна бир шарт бор - бу тоифадаги кишилар албатта Ковидга тест топширишлари зарур. Ва албатта у манфий чиқиши, муддати эса,72 соатдан ўтиб кетмаган бўлиши шарт!

Қораси ўчган воситачилар

Сурат манбаси, courtesy/arxiv

- Мен Тошкентга ўтиб, самолётга чипта олиб, Новосибирскка учиб кетмоқчи эдим. Чегара олдида воситачилар бор, улар ёрдам беришади, дейишганди. Лекин воситачиларнинг қораси ўчиб кетибди. Чегарада нимадир бўлганмиш, аллакимни ушлашибдими-ей, шунинг учун энди пулинг бўлсаям, ўтолмайсан, дейишди. Энди уйга қайтиб, ўзимиздан учишга пул қидираман. Бизда чипта нархи икки баравар қиммат, деди чегарага иккинчи куни келиб қайтиб кетаётган, Гулистон шаҳрининг Консой шаҳарчасида яшашини айтгган Мирзабек.

"Мен бир нарсага ҳайронман, - деди Мирзабек. - Душанбедан Тошкентга самолётлар учяпти-ку. Нега Тошкентга самолётда истаган одамнинг бориши мумкин бўлган ҳолда, бошқа чегара манзилларидан ўтказишмайди? Устига бизга Душанбе жуда олис. Ҳа, Хўжанд-Тошкент автобусини қайта йўлга қўйишса, бўлмайдими?"

Ҳозирда Ўзбекистон ва Тожикистон орасида бешта автомобил ва тўртта темирйўл чегара-назорат ўтиш маскани кечаю кундуз ишлайди. Еттита автомобиль чегара-назорат ўтиш маскани фақат кундузи очиқ.

Бу чегара-назорат ўтиш масканлари Ислом Каримовнинг узоқ йиллик президентлигидан сўнг Ўзбекистон раҳбарлигига Шавқат Мирзиёев келгач, икки мамлакат орасида совуқлашиб кетган муносабатлар илиқлашгач, қайта очилганди. Лекин коронавирус уларнинг фаолиятини чегаралаб қўйди.

Гарчи кейинги кунларда чегарадан жуда оз миқдордаги кишилар ўтказилаётган бўлса-да, ҳалигача юзлаб кишилар Ўзбекистон томонга ўтиш умидидан воз кечишгани йўқ. Фақат Фотеҳобод- Ойбек ва Турсунзода шаҳри яқинидаги "Дўсти" каби энг йирик чегара-назорат ўтиш масканида эмас, балки бошқа масканларда Ўзбекистонга ўтиш учун келаётган одамлар камайган эмас. Масалан, Панжакент ва Самарқанд вилоятини туташтирувчи "Саразм-Жартепа" чегара-назорат ўтиш масканида Россияга Самарқанддан учиш учун отланган ўнлаб кишилар Панжакент шаҳри маъмуриятига мурожаат қилишга мажбур бўлишди. Шаҳар раиси уларга муаммоларини ҳал қилиб беришга ваъда берган. Лекин муаммо ҳал қилиндими-йўқми, маълум эмас.

Жорий йилнинг июнь ойида Тожикистон ва Ўзбекистон президентлари Душанбеда учрашиб, ўттиздан ортиқ шартнома имзолашар экан, тожикистонликлар чегараларнинг очилишига умид қилишганди.

Лекин аввал Ўзбекистонда, кейин Тожикистонда коронавируснинг иккинчи тўлқини авж олиши умидларни чиппакка чиқарди.

"Аммо чегарадаги вазият ҳисобга олинганда, ҳеч бўлмаганда, чегарадан ўтишни юмшатиш иложи топилса бўларди", дейди маҳаллий таҳлилчи Аҳмад Бобожонов.

"Бунинг учун ҳукуматлар кўпчилик талаб қилаётган Ўзбекистон ва Тожикистон ўртасида қатнайдиган автобуслар қатнови йўлга қўйилишини ўйлаб кўришлари зарур!", деди кузатувчи.

BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг.

Telegram каналимиз: https://t.me/bbcuzbek