Толибон Афғонистони: Ўғил ва қиз талабалар ўртасида парда тортилади Afg'oniston Tolibon Ayollar

Veiled students at the Shaheed Rabbani Education University in Kabul.

Сурат манбаси, EPA

Сурат тагсўзи,

Кобулдаги Шаҳид Раббоний маориф университетида юзини тўсган талаба қизлар Толибон сиёсатини қўллаб-қувватлаб намойиш ташкил қилдилар.

Афғонистонда ҳокимиятни қўлга олган Толибон олий ўқув юртларида қандай тартиб-қоида жорий этилишини эълон қилди.

Афғон университетларида эркаклар ва аёллар ажратиладилар, янги кийиниш қоидалари жорий этилади.

12 сентябр куни Афғонистоннинг Олий Таълим вазири Абдул Боқий Ҳаққоний пойтахт Кобулда ташкил этилган матбуот анжуманида мамлакат олий маорифидаги янгиликларни эълон қилган.

Вазир Абдул Боқий Ҳаққоний хотин-қизларнинг таълим олишига рухсат берилишини маълум қилган, бироқ аёллар аввалгидек эркаклар билан ёнма-ён ўтирмайдилар.

Ўқитиладиган фанлар қаттиқ кўриб чиқилиши билдирилди.

Толибон Афғонистонни бошқарган 1996-2001 йиллари хотин-қизларнинг мактаб ва университетга боришлари тақиқиланган эди.

Толибон бундан кейин аёлларнинг билим олиши ёки ишлашини тақиқламаслигини айтади. Бироқ улар қудратни қўлга киритган 2021 йил 15 августидан бошлаб тиббиёт соҳасидан бошқа касбдаги аёлларни уйда қолишга чақирган, бу талаб мамлакатдаги хавфсизлик вазияти яхшилангунча кучда қолишини айтишган.

12 сентябрдаги олий таълим вазирининг маориф соҳафсидаги янги эълони Толибон Кобулдаги Афғонистон президенти саройи устида ўзларининг оқ байроғини осган кунга тўғри келган, буни кўпчилик Афғонистон янги маъмуриятининг ўз фаолиятини бошлагани сигнали сифатида қабул қилган. Толибон сайланган ҳукуматдан назоратни ўт ой тортиб олган эдилар.

Янги маориф сиёсати аввалгисидан кескин фарқ қилади, бу ўзгаришлардан Толибон олий таълим вазири заррача афсусда эмаслигини билдирган.

"Жинслар қўшилган таълим тизимини тугатаётганимизда ҳеч бир муаммо йўқ. Халқимиз мусулмон ва улар буни қабул қиладилар", деб айтган Абдул Боқий Ҳаққоний.

Бу орада аёллар алоҳида, эркаклар алоҳида ўқитиладиган бўлса, хотин-қизлар таълим олишдан бебаҳра қолишади, чунки қизларга алоҳида сабоқ берадиган аёл ўқитувчилар йўқ, деган фикрлар билдирилган. Аммо жаноб Ҳаққоний аёл ўқитувчиларимиз сони етарли, агар етишмаса, муқобил йўллари топилади, деб айтган.

"Бу ҳаммаси университетларнинг имкониятларига боғлиқ. Биз эркак ўқитувчиларнинг парда ортидан дарс ўтишларидан ёки технологиялардан фойдаланишимиз мумкин", деб айтган олий таълим вазири.

Ўғил ва қиз болалар мактабларда ҳам ажратиладилар, бу аллақачон бутун Афғонистонда кенг қўлланиладиган амалиёт ҳисобланади.

Университет аёл талабаларининг ҳижобга ўранишлари талаб қилинади.

Бироқ жаноб Ҳаққоний аёл юзини қўшимча бекитиш талаб қилиниш-қилинмаслигини очиқламаган.

Янги вазир айтишича, Толибон университетларда ўқитиладиган фанлар "бизнинг исломий, миллий ва тарихий қадриятларимизга мос исломий мундарижага эга, айни пайтда бошқа мамлакатлар билан рақобатлашишимизга қодир қиладиган фанлар" бўлишини хоҳлайди.

Янги маориф вазирининг эълонидан бир кун олдин Толибоннинг гендер сиёсатини қўллаб-қувватлайдиган аёллар Кобулдаги Шаҳид Раббоний маориф университетида намойиш ташкил қилганлар.

Қора кийган ва юзларини қора ниқоб билан тўсиб олган, қўлларида Толибоннинг оқ байроқларини тутган юзлаб аёллар янги режимнинг бутун Афғонистон бўйлаб хотин-қизларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш талаблари билан ташкиллаштирилган катта сондаги норозилик намойишларини тарқатиб юборгани олқишланган маърузаларни тинглаганлар.

Толибон қудратдан ағдарилган 2001 йилдан буён Афғонистонда саводсизликни йўқотиш йўлида катта ютуқларга эришилган.

ЮНЕСКО яқинда эълон қилган ҳисоботга кўра, мактабга қатнайдиган қизларнинг сони 0 дан 2,5 миллионга чиққан.

Охирги 10 йилда аёллар саводхонлиги икки баробар кўпайиб 30 фоизни ташкил этган.

Толибоннинг янги ҳукумати аввалги Хотин-қизлар ишлари бўйича вазирликни Нуқсон ва Фазилат вазирлиги деб ўзгартирган.

Кўпларнинг хавотирича, Нуқсон ва Фазилат вазирлиги кўчаларга қўйиладиган диний полиция учун масъул вазирлик бўлади.

Толибоннинг аввалги ҳокимиятдалиги замонида диний полиция одамларни кузатган ва шариат талаблари бўйича одоб-ахлоққа риоя этилишини назорат қилган.

Талабдагидек кийинмаган аёллар калтакланган, нега эркак ҳамроҳсиз кўчага чиққани суриштирилган.

Афғонистондаги кўплаб профессионал аёлларнинг мамлакатни тарк этганлари хабар қилинади.

Машҳур қўшиқчи Ориёна Саййид АҚШ транспорт самолётида учиб кетган, таниқли режиссёр Саҳро Каримий Украинага чиқиб кетгани айтилди.