Россия: Мигрантлар 67 ёшли аёлни жинсий зўрлаб ўлдирганликда айбланмоқда - видео, янгиликлар

Маҳаллий аҳоли ётоқхона ташқарисида норозилик намойишини уюштирди.

Сурат манбаси, Altgazeta.ru

Сурат тагсўзи,

Маҳаллий аҳоли ётоқхона ташқарисида норозилик намойишини уюштирди.

Москва вилоятида 3 нафар муҳожир 67 ёшли аёлни зўрлаб, ўлдирганликда айбланмоқда.

Мигрантлар ётоқхонаси ёнида 200 га яқин маҳаллий аҳоли вакиллари тўпланиб қўзғолон кўтаришган. Улар қотиллар тезда жазоланишини ва ётоқхонани ёпиб ташлашни талаб қилиб, акс холда бинони ёқиб юбориш билан таҳдид этишган.

Воқеа жойига маҳаллий ҳукумат вакиллари, Хавфсизлик хизмати ходимлари етиб келиб, ётоқхона ОМОНчилар билан ўраб олинган.

Икки мигрант терговда

13 сентябрь куни Москва вилоятидаги Сергиев-Посад ҳудудидаги ўрмонда қўзиқорин тераётган 67 ёшли аёл жинсий зўрланиб, сўнг ўлдирганлиги аниқланган.

Қисқа соатлар ичида Тергов қўмитаси уч нафар марказий осиёлик мигрантларни айбдор сифатида маълум қилган ва тожикистонлик икки киши қўлга олинган.

Россия Тергов қўмитаси мазкур ҳолат юзасидан жиноий иш қўзғатилиб, тергов-суриштирув ишлари олиб борилаётганини маълум қилди.

Тергов қўмитаси вилоят бошқармаси ходими Ольга Врадий маҳаллий матбуотга жинсий зўрлик ва қотилликда айбланаётганлар Тожикистоннинг 1988 ва 1984 йилда туғилган фуқаролари эканлигини очиқлаган.

«Айни пайтда гумондорлар билан терговчи шуғулланаяпти», дейди Тергов қўмитаси ходими.

Ётоқхонани ёқиш таҳдиди

Сурат манбаси, Altgazeta.ru

Сурат тагсўзи,

Намойишчиларни назорат қилиш учун махсус кучлар жалб қилинди.

Қотиллик содир бўлган Бужаниново қишлоғининг 200 га яқин аҳолиси маҳаллий ҳокимиятнинг собиқ биноси олдига тўпланишган. Хабарларга кўра, бу ер ҳозирда меҳнат муҳожирларининг ётоқхонасига айлантирилган.

Ётоқхона атрофида тўпланган маҳаллий аҳоли вакиллари қотилликдан ғазабларини намойиш қилишган. Йиғилиш ва норозилик намойишига марҳуманинг ўғли ташаббус кўрсатгани, қўшнилар ва ҳамқишлоқлар уни қўллаб-қувватлагани билдирилган.

Маҳаллий аҳоли хукумат вакиллари билан учрашишни, Ички ишлар вазирлигидан бу жиноят ишини тез тергов қилишни, шунингдек мигрантлар ётоқхонасининг ёпилишини талаб қилишган. Ётоқхонани ёқиб юбориш билан таҳдид ҳам қилишган.

Норозилик чиқишларида аҳоли вакиллари маҳаллий ОАВга «бу ерда мигрантлар яшаётгани учун ҳамма вақт ҳавотирда» яшаётганликларини билдиришган. Баъзилари эса бу фожеага қадар ётоқхонадаги муҳожирлар томонидан шу ерлик ўсмир қизларга тегажоқлик қилинганликлари ҳолатлари бўлиб турганини айтишган.

Бинони ОМОН ўраб олган

Намойишда қатнашган маҳаллий блогер Андрей Трофимовнинг айтишича, аҳоли бир неча соатлаб тарқалмаган. Воқеа жойига хукумат вакиллари, Хавфсизлик кучлари етиб келган ва ОМОН ходимлари ётоқхона биносини ўраб олишган.

Сергиев-Посад шаҳарчаси раҳбари Михаил Токарёв Бужениноводаги мигрантлар ётоқхонасини ёпмоқчи эканлигини маълум қилган.

«Биз маҳаллий аҳоли талабларини бажарамиз. Бугун ётоқхона эгаси билан учрашиб, уни ёпишни талаб қиламиз», - деб ёзди Токарев ижтимоий тармоқлардаги саҳифасида.

Бу воқеа қисқа вақт ичида ижтимоий тармоқларда тарқалмоқда ва аксар контентларда қотиллик гумондорларининг Марказий осиёлик мигрантлар эканига урғу берилган ҳолда, уларга нисбатан кескин нафратли муносабатларга сабаб бўлаяпти.

Сўнгги хабарларга кўра, мигрантлар билан боғлиқ мазкур воқеани ижтимоий тармоқларда фаол ёритаётган блогерлар миллатларо низо тарқатаётганликда айбланмоқда.

BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг.

Telegram каналимиз: https://t.me/bbcuzbek