Толибон хорижий валюта муомаласини тақиқлади, энди Ўзбек сўми ҳам ўтмайди Afg'oniston Tolibon

Сурат манбаси, Getty Images
Толибон Афғонистон ҳудудида хорижий валюталардан фойдаланишни тақиқлади.
Ушбу қадам барбод бўлиш ёқасига келиб қолган мамлакат иқтисодиётини янада издан чиқарадиган қадам сифатида баҳоланмоқда.
"Иқтисодий вазият ва мамлакатнинг миллий манфаати барча Афғонлардан ҳар бир савдода Афғоний валютасидан фойдаланишни тақозо этмоқда", дейди Толибон.
Толибон Афғонистон устидан ҳокимиятни қўлга киритганидан кейин мамлакатга халқаро молиявий кўмаклар тўхтатилди, оқибатда иқтисодий вазият оғирлашди.
Афғонистон бозорларида АҚШ долларидан кенг фойдаланиларди.
Шунингдек, Афғонистоннинг қўшнилари билан чегара ҳудудлари, хусусан, Покистон билан чегарасидаги савдо-сотиқда ҳам долларда олди-берди қилинади.
Покистон чегарасига яқин ҳудудларда Покистон рупийсидан, Амударёга яқин ҳудудлардаги савдо-сотиқда Ўзбекистон сўмидан ҳам фойдаланиб келинади.
"Исломий Амирлик барча фуқароларни, дўкондорлар, савдогарлар, бизнесменлар ва кенг жамоатчиликни бундан кейн барча олди-бердисини Афғонийда(Афғонистон миллий валютаси) амалга ошириш ва хорижий валютада савдо қилишдан тийилишга кўрсатма берди дея баёнот берди Толибон сўзчиси Забиҳуллоҳ Мужоҳид.
"Фармонни бузган ҳар қандай шахсга қонуний чора кўрилади", дейилади баёнотда.
Ҳисоблар музлатилган, жамғармалар тўхтатилган
Шу йил августида Толибон мамлакат назоратини қўлга киритгани ортидан Афғонистоннинг хориждаги бир неча миллиард долларга тенг маблғи АҚШ Федерал Резерви ва Европа марказий банклари томонидан музлатилди.
"Биз ишонамизки, бизнинг Толибонга қарши санкцияларимизни сақлаб қолиш, бироқ айни пайтда Афғон халқига инсонпарварлик кўмакларини қонунийлаштириш ҳаётий аҳамиятга эга", деб айтган АҚШ Молия вазири ўринбосари Уолли Адейемо АҚШ Сенатининг Банк қўмитаси мажлисида.
Афғонистонда нақд пул муаммоси кучайиб борар экан, Толибон хориждаги музлатилган маблағларини "эритиш"ни сўраб мурожаат қилди.
Ҳозир Афғонистонга хорижий кўмакларнинг ҳам аксари тўхтаган.
Давлат харажатларининг тўртдан уч қисми четдан молиялаб келинган.
Йил бошида Халқаро Валюта жамғармаси Афғонистон бундан кейин ресурсларидан маҳрум бўлишидан огоҳлантирган, Жаҳон Банки мамлакатдаги лойиҳаларни молиялашни тўхтатган эди.
Ўтган ой Халқаро Валюта жамғармаси Афғонистон иқтисодиёти 30 фоиз торайиши дан огоҳлантирган, миллионлаб одам қашшоқликка юз тутиши, инсонпарварлик инқирози юзага келишини айтган.
ХВЖ Афғонистоннинг иқтисодий мушкуллиги қўшни мамлакатлар, Туркия ва Европага қочқинлар оқимини кучайтириши мумкин деган башорат берган.
Бу йил Афғонистон қаттиқ қурғоқчилик билан ҳам рўпара келди, буғдой ҳосилининг аксарини йўқ қилди, нарх-наво қимматчилиги юзага келди.
БМТнинг Озиқ-овқат дастури қурғоқчилик, уруш ва Ковид миллионлаб Афғонларни очарчиликка мубтало этиши эҳтимолидан огоҳлантирди.
Ғарб давлатлари Афғонистонда инсонпарварлик фалокати рўй бериши олдини олишни исташларини айтсалар-да, расман Толибонни Афғонистоннинг қонуний ҳукумати деб эътироф этишдан бош тортиб келадилар.
- Афғонистон қўшнилари Теҳрон анжуманини ўтказдилар
- Толибон Москвада: Афғонистонга ёрдам берамиз, лекин ҳозирча Толибонни тан олмаймиз
- Расмий Тошкент дипломатияси ёки Ўзбекистон барибир ютадими?
- Афғонистон иқтисодий инқирозидан қўшнилари зарар кўради - Халқаро Валюта Жамғармаси
- Нима муҳим - Толибонми ёки Афғон халқи?
BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг.
Telegram каналимиз: https://t.me/bbcuzbek