Қор кўчкиси оқибатида инсонлар қурбон бўлган

Тожикистон тоғлари
Image caption Тожикистон шимоли ва жанубини боғлайдиган довонлар баланд тоғликлардан ўтади

Тожикистоннинг шимоли ва жанубини боғлайдиган тоғ довонида рўй берган қор кўчкиси оқибатида камида саккиз инсон ҳаётдан кўз юмган.

Тожикистон фавқулодда ҳолатлар ва фуқаро мудофааси хизматидан маълум қилишларича, қор кўчкиси 17 март куни тушдан сўнг пойтахт Душанбени Хўжанд шаҳри билан боғлайдиган Анзоб довон йўлининг 74-километрида, Майхўра деб аталадиган тоғли мавзеда юз берган.

Йўл хизмати ишчиларининг айтишларича биринчи кўчки тушгач, йўловчилар ўзлари бораётган машиналардан пастга тушиб, яёв йўлга тушишган.

Устига улар кўчки тагида қолган машина ҳайдовчисига ёрдам беришмоқчи бўлишган.

Ана шунда тўсатдан иккинчи қор кўчкиси тушиб, йўловчиларни босиб қолган.

Тожикистон фавқулодда ҳолатлар ва фуқаро мудофааси хизматидан билдиришларича, кўчки камида 150 метр узунликда ва 15 метр қалинликда ўта тезликда тушган.

Худди шу сабабли йўловчилардан биронтаси ўз жонини асраш учун четга чиқа олмаган.

Фавқулодда ҳолатлар хизмати қутқарувчилари кўчки остидан саккиз жасадни чиқариб олганлар.

Қутқарув ишлари давом эттирилмоқда.

Кўчкининг ҳар икки томонида қолган юзлаб машиналар ҳайдовчилари ва йўловчилар йўл тозаланишини пойлашмоқда.

Кўчкидан йўлни тозалаш ишларига тожик ишчиларига Анзоб довонидаги туннел қурилишида ишлаётган эронлик йўлсозлар ёрдам беришмоқда.

Айни бир пайтда Шаҳристон довонида ҳам устма-уст кўчки тушишлар юз бермоқда.

Айний тумани йўлдан фойдаланиш хизмати бошлиғининг айтишича, кўчки тез тозаланмоқда ва машиналар ҳаракати учун имконият яратилмоқда.

Шаҳристон довонида кўчкилар оқибатида инсон ҳалокати юз бермаган.

Жорий ой бошида Тожикистон фавқулодда ҳолатлар ва фуқаро мудофааси хизмати мулозимлари аҳолини тоғли йўлларда, жумладан баланд тоғли Анзоб ва Шаҳристон довонларида кўчкидан эҳтиёт бўлиш борасида огоҳлантиришганди.

Бу хизмат мулозимларига кўра, бу йил тоғларга қор қалин тушган ва ҳаво исиши натижасида қор кўчиш ҳодисалари тез-тез юз бериши мумкин.