Виртуал оламда бахтини топганлар

Тожикистонлик бахтиёр жуфт
Image caption Гулноз ва Улуғбек иттифоқига интернет сабабчи

Тожикистонда интернетдан фойдаланиш кенг тус олгани сайин бу восита орқали танишиб бахтини топаётганлар ҳам кўпаймоқда.

Тожикистонда шаҳарлар ва туман марказларида интернетдан фойдаланадиган асосан ҳали қирқини қаршиламаган кишилар орасида "Синфдошлар", "Майл.ру", "Скайп" каби танишув сайтлари кенг оммалашган.

Аммо, интернет орқали танишувларга ишончсизлик билан қаровчилар ҳам кам эмас.

Интернет орқали танишиб, бахт топган жуфтликни Душанбеда топиш осон бўлмади.

Улуғбек ҳам, Гулноз ҳам Душанбеда туғилиб вояга етишган.

Уларнинг интернет орқали танишувлари бу восита Тожикистонда эндигина кузатилаётган бир пайтда, 2000-йиллар бошига тўғри келган.

Ҳозирда уларнинг мактаб ёшидаги ўғли ва жажжи қизалоқлари бор.

Улуғбек Тожикистон ва Ҳиндистон ўртасидаги шартнома асосида Ҳиндистонга ўқишга борганида Душанбедаги ватандошлари билан интернет орқали мулоқот қилишни ўрганган.

"Талабалик палласи. Гарчи ўша вақтлар интернет Тожикистонда бунчалик тараққий қилмаган эди. Лекин, Тожикистондаги хорижий ташкилотларда интернет йўлга қўйилганди. Уч ойлаб дарс бўлмаган вақтда биз бекор эдик, эрталабдан кечгача интернет билан эдик. Ўшанда Тожикистонда "Сомонком" сайти бор эди. Ана шу восита орқали оилам билан ҳам танишганман," - дейди Улуғбек.

Гулноз ўша йилларда Оғахон жамғармасида ишлаган.

"Мана шу сайт 2001 йилда ишга тушганида, бу бутун Душанбеда бир катта янгилик сифатида катта шов-шувга сабаб бўлганди, Душанбедаги ва хориждаги ёшлар шу орқали танишиша бошлашганди, мен ҳам кўплаб дўстлар орттирдим," - дея эслайди Гулноз.

Гулноз ўз такдири Улуғбек билан боғлиқ эканини ҳаёлига келтирмаган.

Интернет танишувига миллий удумларга ёт восита сифатида қарайдиганлар ҳам Тожикистонда талайгина "Биз дўст сифатида танишдик ва дўст сифатида мактуб ёзишардик. У киши Ҳиндистондан қайтгандан сўнг Тожикистонда қандай иш топиш мумкинлиги ҳақида сўрардилар. Мен у кишига маслаҳатлар берардим. Қайси хорижий корхоналарда иш борлиги ва қандай корхоналар очилиши ҳақида ёзардим."

Улуғбек икки йил давомида хат ёзишган Гулнознинг ташқи қиёфасини тасаввур қилолмаганини кулиб гапиради.

Икки йил давомида қиз суратини жўнатавермаган экан.

"Қайтишимга уч ой қолганида укаси билан тушган суратини сайтга қўйди," - дейди Улуғбек.

Лекин, улар орасидаги оила қуриш ҳақидаги қатъий қарор Душанбега қайтганидан сўнг, ярим йилча шу ерда юзма-юз суҳбатлар ортидан пайдо бўлган.

"Виртуал тарзда бир-биримизга ёзиб турамиз, лекин бир-биримизни кўролмаймиз. Бу сунъийдир. Биз ҳаетда бирга бўлиб, кўз-кўзга тушиб, ҳамнафас, ҳамсуҳбат бўлган лаҳзадан бошлаб чуқурроқ хулоса чиқара бошладим... Чунки ҳаёт мураккаб," - дейди Улуғбек.

Гулноз Улуғбекнинг иккинчи турмуши. Улуғбек ёшлик хатолари билан аввалроқ биринчи оиласидан ажрашганини айтади.

У интернет унга Гулноздек қизни таништирганига шукроналар келтиради.

Гулноз эса интернетнинг шарқ аёллари учун ўзига хос қулайлиги борлигини урғулайди.

"Мен ҳам қардош Қирғизистон, Ўзбекистон ва Тожикистон қизлари сингари уятчан эдим. Нима десам экан, ҳар ҳолда юзма-юз суҳбатлашишга интернет мени тайёрлади десам хато бўлмайди. Одамнинг ёзишмаларидан ҳам кўп нарсани билиш мумкин. Биз тил ўрганиш мақсадида инглиз тилида ёзишардик. Жавоблар билан тасаввурларим ойдинлашди," - дейди Гулноз.

Хуллас, 2003 йилда тўй бўлиб ўтган. Бугунда Улуғбек Тожикистон телевидениесида бошловчиликдан ташқари, мустақил оммавий ахборот воситаларини қўллаб-қувватлашга қаратилган нодавлат ташкилот раҳбари.

Тожик эркакларининг иш излаб Россияга йўл олиши қизлар учун эр топишни янада қийинлаштирган Гулноз хорижий ташкилотда ишлайди. "Болаларим каттагина бўлиб қолган, энди Англия ёки Америкада ўқишимни давом эттирмоқчиман" - дейди у.

Улуғбек болаларини олиб қолиб, аёлини ўқишга жўнатишга ҳеч қандай қаршилиги йўқ. "Интернет бор-ку," - дейди у кулиб.

"Сенга ҳам айтмасам..."

Интернетда бахт топаётганлар Тожикистонда фақат Улуғбек ва Гулноз эмас. Аввалига фуқаролар уруши, кейин меҳнат мухожирлиги оқими қизларнинг турмушга чиқиш масаласини катта муаммога айлантирган.

Гулчеҳра ҳам ўттиз ёшидан ўтиб, бахтини топмаган қизлардан эди.

Лекин, интернет орқали танишув унинг ҳаётини ҳам ўзгартириб юборди.

"Аслида интернет орқали танишувдан доимий дўстлик изламагандим. Мени кўрмаётган ва билмаган кишига кўнглимни ёриш мақсади бор эди, холос. Мени тушунган, маслаҳат бера оладиган ва айни вақтда мен уялмайдиган киши билан суҳбатдош бўлиш ниятида эдим," - дейди Гулчеҳра.

Гулчеҳра шу тариқа АҚШда яшовчи ва асли келиб чиқиши ҳиндистонлик бўлган йигит билан танишиб, бир ойча виртуал мулоқотда бўлган.

"Муштарак жиҳатларимиз кўп экан," - дейди Гулчеҳра.

Сўнг йигит бир ҳафтага Тожикистонга келган ва Гулчеҳра уни ўз дўстлари, оила аъзолари ва Тожикистон билан таништирган.

"Бизнинг суҳбатларимиз эса чат ва телефон орқали давом этаверди. Натижада мен ҳам Америка визасини олдим ва Америкага бордим. У ерда ярим йил қолдим. Янада дўстлигимиз мустаҳкамланди. Оила қуриш ҳақида ўйлаяпмиз," - дейди Гулчеҳра.

Кўп ёш тожикистонликлар учун интернет танишишнинг энг қулай воситаларидан бирига айланиб бораётир У оила қуриш қарорига келишдан олдин бир-бирини яқиндан кўриш, дийдорлашиш муҳим бўлганини таъкидлайди.

Чунки интернетда танишганлар бир-бирини таҳқирлаган ҳоллар ҳақида кўп эшитганман," - дейди у.

"Мингтаси билан гаплашган қизга уйланмайман"

Интернет орқали алдовлар ҳақида ҳам хусусан Душанбеда кўпчилик билади.

Тожикистон олийгоҳларидан бирида таълим олаётган Раҳим интернет орқали танишган душанбелик қизларнинг айримлари ўзларида ҳақида ёлғон маълумот берганларини айтади.

Масалан, унга кўра, баъзи қизлар ўзларини бой-бадавлат кўрсатишган, аммо аслида бу ҳақиқатдан йироқ бўлиб чиққан.

"Мен ўзим интернет орқали гаплашиб тураман. Москвадаги бир қиз келгин деб чорлайверди. Хатто йўлкирангни ҳам жўнатаман деди. Лекин, у ким, нима эканлигини билмасам, қандай қилиб таваккал қилиб бораман," - дейди Раҳим.

Айни дамда интернетга тожик удумларига ёт воситадек қарайдиганлар ҳам талайгина.

Новвойхонада ишлайдиган кулоблик Муҳаммад эса "суратини интернетда кўз-кўз қилган ва мендан ташқари ҳам мингта йигит билан гаплашган қизга ҳеч ҳам уйланмайман" дейди.

Тожикистоннинг марказий шаҳарларида интернет ҳақида билувчилар кўпчилик бўлгани билан қишлоқларда интернет ҳақида тасаввурга ҳам эга бўлмаган кишилар аксариятни ташкил қилади.

Янгича технологияларни тожикистонликлар ўзлаштиришда давом этар эканлар, шаҳарларда виртуал оламдан ўз жуфтини топиш тобора прагматик бир усулга айланиб бормоқда.

Сиз ҳам Интернетдан ўз бахтингизни топганмисиз? Ўз ҳикоянгиз билан ўртоқлашишни истасангиз, биз билан боғланинг.

Фикр ва мулоҳазаларингиз учун SMS рақамимиз:

+447786201124

Би-би-си Ўзбек хизматининг электрон манзили: uzbek@bbc.co.uk