Жаҳон банки:'Россия меҳнат муҳожирлари сонини кўпайтириши керак'

Муҳожирлар
Image caption Ҳамма йўллар Москвага элтадими?...

Жаҳон банки Россия ҳукуматини мамлакатга меҳнат муҳожирларини кўпроқ жалб этишга чақирмоқда.

Жаҳон банкининг сўнгги маърузасига кўра, Россияда тобора қисқараётган ишчи кучининг ўрнини қоплаш учун яқин 20 йилда 12 миллион меҳнат муҳожири жалб этилиши лозим бўлади.

Банк мутахассислари фикрларича,Россия аҳолиси сони камайиб камайиб бораётгани иқтисодда салбий акс этиши мумкин.

Айни вақтда Россия расмийлари меҳнат муожирлари жалб этилиши лозимлигини тан олишсада, бироқ жамиятда муҳожирларга бўлган муносабат ҳамон мураккаблигича қолаётир.

Ирқчилик асосида муҳожирларга ҳужумлар сони ортиб бормоқда.

Жаҳон банки тадқиқотлари бўйича яқин 10 йил давомида Россияда йилига бир фоиздан меҳнатга лаёқатли аҳоли сони камайиб боради.

Image caption Изоҳга ҳожат йўқ...

Ҳисоботда айтилишича, демография муаммоси Россия иқтисодиётига жиддий зарба бермаслиги учун ҳам ҳукумат меҳнат муҳожирларига нисбатан муносабатини ислоҳ этиши керак бўлади.

Ўз навбатида Жаҳон банки хавотирлари Россия ҳукумати учун янгилик эмас.

Расмийлар демография муаммоси мамлакат иқтисодининг ўсишига салбий таъсири эҳтимолини эътироф этишади.

Бироқ Кремлдагиларнинг аксарияти, иқтисодни ўнглаш жараёнида Россия меҳнат муҳожирларига эмас, балки ички заҳираларига суянмоғи керак деган қараш шаклланган.

Қорни тўқнинг қорни оч билан иши борми?

Россия раҳбарияти муҳожирларнинг иқтисод учун бугун деярли ҳаёт - мамот масаласига айланганини очиқ бўлмаса ҳам эътироф қилишади, лекин Москва ҳокими Юрий Лужков ва ё Краснодар ўлкаси губернатори Александр Ткаченко каби сиёсатчилар меҳнат муҳожирлари оқимини камайтириш кераклигини урғулашади.

Айни вақтда Россия юқори федерация кенгаши аъзоси,собиқ Меҳнат вазири Александр Починокнинг таъкидлашича,Россия иктисоди учун меҳнат муҳожирлари сув ва ҳаводек зарур.

Унинг ишонишича, Россия тўлаконли иқтисодиётга эга бўлиши учун меҳнат муҳожирлари жуда зарур, хусусан, малакали муҳожирларга эҳтиёж катта ва мамлакат бутун дунё бўйлаб юқори малакали муҳожирларни қидириши, уларни Россияга келиб ишлашга жалб қилиши лозим.

Image caption Россияда Марказий осиёлик муҳожирлар сони камайгани йўқ

Асосан Марказий Осиё мамлакатларидан келган меҳнат муҳожирлари Россияда аксарият ҳолатларда кам иш ҳақи тўланадиган "қора ишлар"ни бажаришади ва деярли ҳар қадамда камситишга дучор бўлади.

Глобал иқтисодий инқироз Россияда меҳнат муҳожирлари аҳволини янада қийинлаштиргани айтилади.

Ҳукумат жорий йилда Россия ўз фуқароларини иш билан таъминлаш, уларнинг ҳуқуқларини ҳимоя этиш мақсадида муҳожирларга белгиланган квота микдорини анча камайтирган.

2010 йил бўйича бутун Россия буйича қарийб 2 миллион ҳорижликка ишлаш квотаси ажратилган.

Мутахасисларга кўра, биргина Москвада 2 миллионга яқин меҳнат муҳожирлари ишлаётгани ҳисобга олинса, ушбу квота миқдори ниҳоятда кам.

Федерал миграция хизмати раҳбариятига кўра, Россияда бугун 5 миллионга яқин хорижлик ишчилар меҳнат қилишади.

Улардан фақат 1,5 миллионигина меҳнат қилиш рухсатномасига эга.