Андрей Грозин:'Москванинг Роғундан ҳафсаласи пир бўлган'

Президент Медведев ва Президент Раҳмон
Image caption Сўнгги пайтларда Душанбе ва Москва муносабатлари совуқлашган

Келаси ой Москвага сафар қилиши кутилаётган Президент Каримовнинг Президент Медведев билан Марказий Осиёдаги гидроиншоотлар қурилишини муҳокама қилиши тахмин этилмоқда.

Президент Медведев ўтган йил бошида Тошкентга сафари чоғида Ўзбекистоннинг ушбу лойиҳалар борасидаги хавотирларига қўшилган, аммо кейинроқ Қирғизистондаги Қамбарота ГЭСи учун кредит ажратиш ҳақидаги келишувни маъқуллаган эди.

Президент Медведевнинг ушбу қадамлари, кузатувчиларга кўра, Тошкентда бир-бирига қарама-қарши ҳаракатлар сифатида талқин этилган ва Москванинг минтақадаги асл мақсадлари борасида саволларни пайдо қилган.

Президент Назарбоевнинг шу ой ўрталарида Тошкентга сафари чоғида Роғун борасида минтақада муроса оҳангини топиш йўлидаги уриниши муваффақиятсиз тугагач, ҳозирда таҳлилчилар барча кўзлар Москвага қараганини айтишмоқда.

Вазият ўзгармоқда

Тожикистон мамлакат учун стратегик аҳамиятга эга бўлган Роғун ГЭСи қурилиши борасида аввал-бошдан Россиянинг ҳам молиявий ва ҳам сиёсий дастагига умид қилган эди.

Аммо Москвадаги Мустақил Давлатлар Ҳамдўстлиги институтидан Андрей Грозиннинг фикрича, ҳозирда Кремлнинг тожик лойиҳалари ҳақидаги фикри ўзгарган.

"Ҳозирда Кремлдан Тожикистоннинг ҳар қандай ташаббусини сўзсиз қўллаб-қувватлашни кутиб бўлмайди", -дейди россиялик таҳлилчи Би-би-си билан суҳбатда.

Унинг сўзларига кўра, Москвада Роғун лойиҳасидан кўпчиликнинг ҳафсаласи пир бўлган.

"Бу Русал ширкати дуч келган муаммолардан бошланди, кейин эса давлат миқёсига кўтарилди. Тожикистоннинг Россиянинг 201-дивизиясига муаммо туғдириш ҳаракатлари, рус тилига чекловлар ва матбуотдаги аксилроссия кайфиятларининг кучайиши россия-тожик алоқаларининг совуқлашиб кетишига сабаб бўлди", - дейди Андрей Грозин.

Россия минтақадаги йирик гидроиншоотлар қурилишида ўзининг сармоя ва технологиялари билан иштирок этишга тайёрлигини билдирган, аммо бу борада минтақавий келишувга эришилиши кераклигини шарт қилиб қўйган эди.

Бироқ Қозоғистондан фарқли ўлароқ, Россия ҳозирга қадар Ўзбекистоннинг ушбу лойиҳалар юзасидан халқаро экспертиза ўтказиш талабини очиқ қўллаб-қувватламаган.

Андрей Грозинга кўра, Президент Назарбоевнинг Тошкентда қилган баёнотидан сўнг, Кремлнинг бу каби талабни қўллаб-қувватлаш эҳтимоли ортган.

"Ўйлашимча, Кремл халқаро экспертиза ўтказилишига қарши эмас. Умуман, Россия Роғун лойиҳасига Ўзбекистонни жалб этишдан манфаатдор. Яъни бу ГЭСнинг ишлаш тартиби у ёки бу давлатга босим ўтказиш воситаси бўлмаслигига Ўзбекистонда ҳеч қандай шубҳа қолдирмаслик керак", - дейди россиялик таҳлилчи.

Сиёсий савдолашув

Андрей Грозиннинг ишонишича, минтақадаги йирик гидроиншоотлар қурилиши Москванинг Тошкент билан муносабатларида муҳим савдолашув омилига айланиб бормоқда.

"Президент Назарбоев Ўзбекистонни бекорга қўллаб-қувватлагани йўқ, Қозоғистон раҳбари учун Тошкентнинг Оврўпода Хавфсизлик ва Ҳамкорлик Ташкилоти раҳбарлари саммитини ўтказишдаги иштироки муҳим эди", - дейди жаноб Грозин.

Унинг фикрича, Москва ҳам халқаро экспертиза ўтказиш талабини қўллаб-қувватлаш эвазига Тошкентдан баъзи ён беришларни кутиши мумкин.

"Бу МДҲ тизимларида фаолроқ иштирок этиш ёки Россия бизнесига яхшироқ шароитлар яратиб бериш сингари шартлар бўлишини мумкин", - дейди россиялик таҳлилчи.

Унга кўра Кремл эртами, кечми, Ўзбекистонда ҳокимият ўзгаришини яхши билади.

"Бундай шароитда Ўзбекистондан узоқда бўлиш келажакда бу мамлакат билан муносабатларда жиддий муаммоларга асос яратиш, демакдир. Оврўполикларнинг ўз юзларини йўқотиб бўлса ҳам, Ўзбекистонга қарши жазо чораларини шоша-пиша олиб ташлашидан ҳам шуни тушунса бўлади. Ҳозир ҳеч ким Ўзбекистон билан муносабатларни бузмоқчи эмас. На Россия, на Хитой, на Америка ва на Оврўпо",- дейди Кремлга яқин МДҲ институти таҳлилчиси.