Қирғиз-Ўзбек чегарасида қонли ҳодиса юз берган

Чегара
Image caption Чегарадан ўтиш-қайтишдаги муаммолар сабаб ҳамон кўпгина одамлар тақиқланган жойдан ўтишга ҳаракат қиладилар.

Қирғизистон Чегара хизмати ахборотига кўра, кеча Жалол-Обод вилоятининг Ўзбекистон билан чегарадош Сузоқ тумани чекка ҳудудида юз берган ҳодиса оқибатида бир Қирғизистон фуқароси жон таслим қилган, яна бири тан жароҳати олган. Расмий маълумотга биноан, қирғиз посбонлари Найман деб аталмиш қишлоқ яқинида Ўзбекистон томонга ўтишга уринаётган жувонни кўриб қолишган. Аёл Ўзбекистон фуқароси бўлган. Ҳарбийлар бу жойдан ўтиш мумкин эмаслиги борасида огоҳлантирган. Расмий ахборотда аёл чегарачилар сўзларига қулоқ солмай қўл телефонида қирғизистонлик қариндошларини ёрдамга чақиргани айтилади. Етиб келган беш нафар киши опаларини ўз ватанига ўтказиб юборишни талаб қилган. Рад жавобини олган йигитлар "жанжал кўтарган ва чегарачилар қуролини тортиб олишга уринган", дейилмоқда.

Чегарачилардан бири осмонга қаратиб огоҳлантирувчи ўқ отган. Сўнг одамларга қарата ўт очилган. Оқибатда чегара яқинидаги қишлоқда яшовчи Қирғизистон фуқаролари ака-ука Набижон ва Носиржон Тешабоевлар тан жароҳати олганлар. Улар Сузоқ туман касалхонасига ётқизилган. Тунда 46 ёшли Носиржон ҳушига келмай жон таслим қилган.

Қирғизистон Чегара хизматининг жамоатчилик ва оммавий ахборот воситалари билан алоқалар бўлими бошлиғи Жоодар Исақулов айтишича, рўй берган ҳодиса юзасидан ҳуқуқ-тартибот идоралари текширув ва тергов ишлари олиб бормоқда. Ҳозирча текширув натижалари ҳақида расмий ахборот йўқ. "Сузоқ" чегара маскани расмийлари текширув якунига қадар хизмат фаолиятидан четлатилган.

Айни пайтда мулозимлар "чегарачилар ҳарбий низом доирасида ҳаракат қилган, қўлидаги қуролни сақлаб қолиш ҳамда муштлашишни тўхтатиш мақсадида ўт очишга мажбур бўлган", деб айтган.

Кузатувчилар кейинги пайтларда Қирғизистон-Ўзбекистон чегарасида куч қўллаш ҳоллари одатий тус олаётганига эътибор қаратадилар. Шу ой бошида Қирғизистоннинг Боткен ва Ўзбекистоннинг Фарғона вилояти чегарасида қирғиз ҳарбийлари ўқидан бир Ўзбекистон фуқароси ҳалок бўлган, яна бири оғир тан жароҳати олган. Расмий хабарда улар чегарачилар буйруғига бўйсунмагани айтилган. Ўтган йил Ўш яқинидаги чегара чизиғида ўзбек ҳарбийлари қирғизистонлик йигитни отиб ташлаган. У ҳам чегара чизиғини ноқонуний равишда кесиб ўтгани ва ҳарбийлар огоҳлантиришига қулоқ тутмагани маълум қилинган. Сўнгги ойларда икки мамлакат чегарачилари ўртасида ҳам тўқнашувлар, тортишувлар юз берган. Оқибатда бир қирғиз аскари жароҳат олган. Бир неча ой муқаддам қирғизистонлик аскар бехосдан даладан қайтаётган бир ватандош аёлни отиб қўйган, жувон зудлик билан шифохонанинг жонлантириш бўлимига олиб келинган. Унинг ҳаёти сақлаб қолинган. Аксар бундай ҳолларда икки томон расмийлари текширув кетаётгани ва керак бўлса айбдорлар жазоланишини айтади. Аммо одатда текширув қандай якунлангани, қандай хулосалар қилингани, жазо жоиз бўлса ким қандай жазо олгани жамоатчиликка етказилмайди.