Қирғизистон: ота хорижда, бола кўчада

Бозор болалари
Image caption Қирғизистонда қаровсиз болалар сони охирги йилларда ортиб бормоқда

Қирғизистонда минглаб ота-оналарнинг хорижга иш излаб кетиши ортидан ватанда қаровсиз фарзандлар кўпайган.

Болалар уйлари ва мактаб-интернатларга эҳтиёж ўсган.

Эътибордан четда қолган аксар ўсмирлар нон топиш илинжида ҳар куйга тушади.

Мутахассислар ота-оналар жавобгарлигини кучайтириш заруриятини таъкидлайди.

Бозор болалари

Ўш яқинидаги қишлоқлардан бирида оқшом чўкаяпти.

Маҳаллий бозорда кечки савдо қизиган.

Нон сотувчи болалар - Аббосжон, Баҳромжон, Ҳасанбой ва Ҳусанбой ҳамда Илҳомжонларнинг қўли-қўлига тегмайди, оёқлари ер искамайди.

Улар ўтган-кетган ҳар бир харидорга пешвоз чиқади. Катта йўлда тўхтаган уловлар томон бир-биридан ўзиб югуради.

-Иссиқ нон, донаси ўн сўм, ўн беш сўмга иккита…

-Ёғли-мойли нон, оғзингизда қолади…

-Тоға меникини олинг, опа адашманг…

Каллаи саҳарлаб иш бошлаган ўсмирлар тунгача елиб-югуради. Мактаб, дарсга вақт ҳам, куч ҳам, хоҳиш ҳам қолмайди.

Санобар опанинг фарзандлари ҳам турмуш қийинчиликларини татиб ўсаётир.

Боқувчисиз қолган, устига-устак соғлигини йўқотган аёл икки ўғилчасини мактаб-интернатга, давлат қарамоғига беришга мажбур бўлган.

Таътил пайтида ҳам болалар тиниб-тинчимаган - дала, бозор-учар, томорқа, дегандай.

Каттаси яқинда мактабни битирди, қўшни шаҳарда нонвойчилик қилаяпти.

Кичик ўғли тўлиқ эмас ўрта маълумот билан чекланди.

Ўн беш ёшида деҳқончиликка чиқиб кетди.

"Куёвим Россияга иш излаб кетганда кенжа қизалоғим билан эндигина туғуруқхонадан чиққан эдик," - дея эслайди Санобар опа. - "Тўққиз йил деганда абгор ҳолда қайтиб келди. Қизини таниёлмади, қизчам ҳам ҳайрон – "бу ким, бизникига нега келди?" дейди. "Отанг", десам, бир унга, бир девордаги суратига қарайди."

Опа кўз ёшларини яширмайди.

"Мен уни қабул қиламан, болаларим кечирса бўлди – ахир шунча йил ота меҳрини кўришмади, не кунларни бошдан кечиришмади. Ўзим ҳам ёш туриб касалманд бўлиб колдим, қон босимим тез-тез ошади".

"Бизни ташлаб, қайга кетдинг…"

Image caption Отанг, десам бир унга, бир девордаги суратга қарайди

Чекобод қишлоғида жойлашган мактаб-интернат илмий бўлими мудири Йўлдошали Отахонов бундай ҳолларни кўп кўрган.

"Икки йил муқаддам бир жувон Россияга йўл олган ва ўша жойда турмушга чиққан. Уйда уч фарзанди қолган – икки ўғил ва тўртинчи синфда ўқийдиган бир қиз. Болалар пул тополмай охири нима қилибди? Ўша маҳалладаги пияниста, қиморбозларни уйларига қўя бошлабди. Улар ташлаб кетган беш-олти сўмга кун кечирибди," - ҳикоя қилади муаллим.

"Яхшики, бизнинг мактаб-интернатга олиб келишди болакайларни. Тасаввур қилинг, йўқса, уларнинг, айниқса, балоғатга етмаган қизалоқнинг тақдири қандай кечарди? Қанчадан-қанча ўсмирлар ёмон йўлга кириб кетаяпти. Уларнинг келажаги нима бўлади?", дейди Йўлдошали Отахонов.

Биргина Ўш шаҳрида 1200 дан зиёд болакай отаси, онаси ёки ҳар иккиси олисдалиги боис қариндош-уруғлари қарамоғида қолган.

Катталарнинг эътиборсизлиги сабаб анча ўсмир ўқишни ташлаб юборган, қинғир ишларга аралашиб қолган.

Етим ёки қаровсиз болалар меҳнатини суиистеъмол қилиш, уларни таҳқирлаш ҳоллари ҳам қайд қилинган.

Мурғаклар ҳуқуқлари ҳар қадамда поймол этилаяпти

Ҳар қандай бола ҳар қандай шароитда ҳам ота-она бағрида бўлиши керак, деб ҳисоблайди аксар мутахассислар.

"Ота-она берадиган тарбия, меҳр-мурувватни ҳеч ким беролмайди. На маҳалла-куй, на мактаб. Ҳа, ҳаёт тақозоси билан падари бузрукворлар, волидалар хорижга кетиб қолаяпти. Аммо бутун жавобгарликни айнан ўшалар - ота-оналарга юклаш даркор", дейди мактаб-интернат илмий бўлими мудири Йўлдошали Отахонов.

Отахонов назарида давлат идоралари ҳам ота-оналар жавобгарлигини ошириш чоралари кўриши лозим.

"Токи ўша одамлар қонунларни билсин, жавобгарлигини ҳис қилсин. Керак бўлса, ота-оналик ҳуқуқидан маҳрум қилиш, даркор. Болаларни қонуний ҳуқуқларидан мосуво этишга ҳеч кимнинг ҳаққи йўқ. Яшаш ҳуқуқидан, ўкиш, билим олиш, соғлиқни сақлаш, дам олиш ҳуқуқидан", дейди у.

Афсуски, воқелик салбий намуналарга тўла.

Болалар ўз уйларига шошсин

Хориж тажрибасига тақлид қилган Қирғизистон бир неча йил муқаддам кичик-кичик оилавий болалар уйлари очишга киришди.

Аммо бундай муассасалар ҳали кенг тарқалиб улгурмаган.

Ўш шаҳар таълим бошқармаси бошлиғи Абдували Болтабоев ахборотича, шаҳарда икки оилавий болалар уйи мавжуд бўлиб, ҳар бирида ўн уч нафар ўғил-қиз тарбия олаётир. Ушбу масканлар тўла давлат томонидан таъминланади.

«Ота» (директор) ва «она» (одатда тарбиячи) га ҳам маош тўланади.

Миттилар болалар боғчаларига, ўсмирлар мактабга қатнайди.

"Оилавий болалар уйлари яхши нарса, қаровсиз фарзандларга бошпана ва тарбия беришда қўл келар эди. Бундай уйларни кўпайтириш учун асосий тўсиқ – турар-жой йўқлиги. Ахир каттагина бино керак бўлади – болалар учун ётоқ хоналари, дарс тайёрлаш хоналари, ўйнаш жойлари", дейди мулозим.

Суҳбатдош айтишича, мактаб-интернатларга эҳтиёж ҳам сезилмоқда. Мустақилликнинг дастлабки йилларида хусусийлаштириш жараёнида бир неча бундай муассасалар йўқолиб кетди.

"Шаҳарда бир интернат, вилоятда яна бир ҳамда икки махсус интернат қолган, холос. Ҳозирги шароитда болаларни у жойларга юборишни хоҳловчилар кўпайди – кўплаб ота-оналар хорижга кетаяпти, муҳтож хонадонлар талай. Аммо биз талабни қондира олмаяпмиз", дейди Болтабоев жаноблари.

Қирғизистонда қаровсиз болалар тақдири билан шуғулланувчи идоралар, жумладан нодавлат ташкилотлар оз эмас.

Гап амалда ҳар бир болакай қалбига йўл топиш, уни ҳаёт неъматларидан баҳраманд этишда, дейди масаладан бохабар одамлар.