Карзай: 'Мен Ғарбга қарши қаттиқ кетмоқчи эмасдим'

Ҳиллари Клинтон
Image caption Расмий Вашингтон чоршанба кунги нутқи учун афғон президентидан изоҳ беришини талаб қилган

Чоршанба кунги аксилғарб мазмунидаги нутқидан хавотирга тушган расмий Вашингтонга изоҳ бераркан, Афғонистон Президенти Ҳомид Карзай "бунчалар қаттиқ кетиш ниятида бўлмагани"ни айтган.

Жаноб Карзай чоршанба куни Ғарб давлатлари элчихоналарини Афғонистондаги сўнгги президентлик сайловларида кузатилган оммавий қаллобликлар ортида турганликда айблаганди.

Афғон президентининг айтишича, улар ўзи ва ҳукуматини заифлаштириш учун сайлов мулозимларини пора билан сотиб олишган ва қўрқитишган.

Оқ Уйнинг наздида афғон президентининг сўзлари ташвишланишга лойиқдир.

Шу сабабдан ҳам, АҚШ Давлат департаментига кўра, расмий Вашингтон уларга ойдинлик киритилиши истагида бўлган.

Ташаббус президент Ҳомид Карзайнинг ўзидан чиқди. Афғон раҳбари АҚШ Давлат котиби Ҳиллари Клинтонга қўнғироқ қилиб, у билан 30 дақиқача сўзлашди.

АҚШ Давлат департаменти матбуот воизининг билдиришича, ўзаро мулоқот амалий бўлган.

Унга кўра, президент Карзай суҳбат чоғида икки давлат орасидаги алоқаларга содиқ қолиши ва халқаро ҳамжамиятнинг мамлакати учун қилаётган ишларини қадрлашини айтган.

Америкалик бошқа бир юқори мартабали мулозимнинг билдиришича, афғон раҳбари Клинтон хонимга бунчалик қаттиқ кетиш мақсадида бўлмаганини ҳам айтган.

Бироқ Ҳомид Карзайнинг сўнгги чиқиши расмий Вашингтонда унинг қанчалар ишончли ҳамкор эканига оид хавотирларни уйғотган.

Жорий пайтда Америка Афғонистонда энг катта сондаги, яъни 100 мингга яқин аскарига эгадир.

Америкалик нуфузли мулозимларнинг айтишларича, жаноб Карзай ўтган август ойидаги зиддиятли президентлик сайловларининг аламларини унута олмаган кўринади.

Улар бу билан Клинтон хонимнинг ўша пайтда Ҳомид Карзайга президентликдан кетишини сўраб, қилган мурожаатига эътибор қаратишади.

Яна талофатлар

Воқеаларнинг бошқа бир ривожида эса, Афғонистондаги Олмония кучлари янглишиб, беш афғон аскарини ўлдириб қўйишган.

Ҳодиса мамлакат шимолида Толибон жангарилари билан кечаётган жанг маҳалида юз берган.

Олмон кучлари Афғонистонда НАТО кучлари сафларида хизмат қилишади.

Уларга кўра, тўхташ ҳақидаги буйруқларига риоя этмай, қўриқчиларига яқинлашган иккита зирҳли машинага қарата ўт очишган.

Олмон ва афғон ҳарбийлари жорий пайтда Қундуз шаҳри яқинида толибларга қарши жанг олиб боришмоқда.

Ушбу минтақада сўнгги пайтларда жангариларнинг ҳужумлари кучайган.

Жума куни Олмония ҳарбийлари худди шу ерда уч аскарларини ҳам бой беришганди.