БМТ Бош котиби сув-энергетика масаласида минтақага ёрдам бермоқчи

Пан Ги Мун
Image caption БМТ Бош котиби Марказий Осиёдаги энг долзарб сув-энергетика муаммоси ечимида минтақага ёрдам бермоқчи

Қирғизистонга ташрифи чоғида БМТ Бош котиби Пан Ги Мун минтақа мамлакатлари ўртасидаги сув-энергетика масалалари бўйича мулоқотни ташкиллаштиришда БМТ кўмагини ваъда қилган.

Марказий Осиё минтақасидаги сув-энергетика муаммоси ва иқлим ўзгариши оқибатидаги эҳтимолий хавфлар жаноб Пан ва қирғиз раҳбари орасидаги музокараларнинг бош мавзуси бўлган.

"Мен минтақадаги табиий захиралардан биргаликда фойдаланиш Марказий Осиёнинг барча давлатлари манфаатларига мос деган фикрдаман. Албатта, ушбу масалаларни муҳокама қилган пайтда гап мустақил давлатлар ҳақида кетаётганини инобатга олиш керак. Ва ҳар бир мамлакат мустақиллиги ҳурмат қилиниши шарт," деб айтган Пан Ги Мун жаноблари.

БМТ раҳбари Марказий Осиё давлатлари ўртасида сув-энергетика масалалари юзасидан ўзаро келишмовчиликларнинг олдини олиш ва ҳамкорликка эришиш мақсадида ўз ёрдамини таклиф қилган.

Пан Ги Мун, шунингдек, маҳаллий журналист ва инсон ҳуқуқлари ҳимоячиларига қарши сўнгги пайтларда маҳаллию халқаро матбуот воситаларида акс-садо топаётган ва кўплаб нодавлат ташкилотлари фаоллари қоралаган ҳаракатларга ҳам ўз эътиборини қаратган.

"Инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш - БМТ учун энг муҳим масалалар қаторига киради. Мен президент Бакиев билан музокараларим чоғида инсон ҳуқуқлари, матбуот ва сўз эркинлиги ҳимоя қилиниши, бу нарса кафолатланиши шартлигини таъкидладим," деб айтган жаноб Пан Ги Мун.

БМТ Бош котиби Қирғизистондаги қийноқлар масаласига ҳам тўхталиб ўтган. Ҳамда қирғиз ҳукуматини бу хусусда халқаро қонунлар доирасида ўз зиммасига олган мажбуриятларини бажаришга ундаган.

Намойишлар

Image caption Намойишчилар "Журналистларни хавфдан асранг!" деган шиорлар ёзилган плакатларни кўтариб олишган

Пан Ги Мун қирғиз раҳбарияти билан музокаралар олиб бораётган пайтда БМТнинг пойтахт Бишкекдаги ваколатхонаси қаршисида журналистлар ва нодавлат ташкилотлари фаоллари иштирокида норозилик намойиши уюштирилган.

БМТ Бош котибининг махсус вакили улар билан учрашишга ваъда берган.

Намойишчилар "Журналистларни хавфдан асранг!", "Озодлик радиосига озодлик!" деган шиорлар ёзилган плакатларни кўтариб олишган.

Махсус милиция бўлинмаси намойишни тарқатиб юборишга муваффақ бўлган. Хабарларга кўра, намойишчиларни тарқатиш жараёнида ҳеч кимга зиён етмаган.

БМТ Бош котиби Пан Ги Муннинг Қирғизистон парламентидаги чиқиши олдидан Бишкекдаги Жокоргу Кенеш биноси атрофида ўнлаб намойишчилар милиция кучлари билан тўқнашишган.

Гувоҳларга кўра, милиция парламент биноси олдида тўпланган намойишчиларни орқага суришга, Жокоргу Кенеш атрофини ўраб олишга муваффақ бўлган.

Намойишчилар Қирғизистон ҳукуматининг сиёсатидан ўз норозиликларини БМТ раҳбарига етказиш ниятида бўлганлар.

Марказий Осиё мамлакатлари бўйлаб сафар қилаётган БМТ Бош котиби Пан Ги Мун Туркманистондаги учрашувларидан кейин Бишкекка етиб борган.

Унинг Ўзбекистон, Тожикистон ва Қозоғистонга ҳам ташриф буюриши кутилмоқда.

БМТдаги манбаларга кўра, Пан Ги Мун Марказий Осиёга сафари чоғида ушбу мамлакатлар раҳбарлари билан минтақавий ҳамкорлик, қуролсизланиш, атроф-муҳит ҳамда ижтимоий ва иқтисодий масалаларни муҳокама этади.