Қирғизистонда мухолифат фаолига оғир жароҳат етказилди

Абдиқаим Қангелдиев
Image caption Абдиқаим Қангелдиев Қирғизистонда калтакланган илк журналист эмас

Ўтган шанба Қирғизистоннинг Ўш шаҳрида инсон ҳуқуқлари ташкилоти бошлиғи, мухолифатдаги "Бирлашган халқ ҳаракати"нинг таниқли вакили Абдиқаим Қангелдиев номаълум кимсалар томонидан калтаклаб кетилган.

Темир парчаси билан калтакланган мухолифатчининг аҳволи оғирлиги айтилмоқда.

Маҳаллий милиция жиноят иши очган.

Инсон ҳуқуқлари ташкилотлари кейинги пайтларда Қирғизистонда мухолифат вакиллари ҳамда эркин матбуотга босим ниҳоятда кучайганини таъкидлашади.

"Қонунчиликни муҳофаза қилиш ва қўллаб-қувватлаш" номли инсон ҳуқуқлари ташкилотининг бошлиғи, Қирғизистон Бирлашган халқ ҳаракати ижроқўми раисининг Ўш вилояти бўйича ўринбосари Абдиқаим Қангелдиев ўз уйи яқинида ҳужумга дучор бўлган.

47- ёшли арбоб юз ва бош қисмларига етказилган жиддий тан жароҳатлари билан касалхонага ётқизилган.

Маҳаллий милиция Жиноят кодексининг "қуролли безорилик" моддаси билан жиноят иши қўзғаган.

Мухолифатчи ҳаётига қасд қилганлар ҳозирча аниқланмаган.

Ўш шаҳар Ички ишлар бошқармаси матбуот хизмати ахборотича, милиция уч тахминни кўриб чиқмоқда. Жумладан, ҳодиса жабрланувчининг касбий фаолияти билан ҳам боғланмоқда.

Тасдиқланмаган маълумотларга биноан, сўнги вақтларда Абдиқаим Қангелдиевга бир неча бор мухолифатдаги фаолиятини тўхтатиш таклиф қилинган.

Ҳуқуқ-тартибот тизимлари мухолифатнинг яқин кунларга режалаштирилган чиқишлари билан қизиққан.

Кузатувчилар кейинги пайтларда Қирғизистонда мухолифат ҳамда эркин матбуот вакилларига босим кучайганини урғулайди.

Охирги тўрт йил мобайнида, айрим матбуот воситалари ахборотига кўра, 60 журналист, давлат тизимлари маълумотига кўра эса, 25 нафар журналист жабр тортган.

Сўнги ойларда бир неча ахборот воситаси ва эътиборли сайт, жумладан, "Фергана.ру"га тўсиқ қўйилган. Аксар кузатувчилар фикрича, турли кўринишдаги тазйиқ ҳоллари оқибатида мустақил фикрловчи одамлар орасида ҳадик, қўрқув ҳисси пайдо бўлган.

Қирғизистон матбуотида ўткир чиқишлар кескин камайган.