Тожикистонда қарилик гаштини сураётганлар ва сурмаётганлар

Расмий маълумотларга кўра, Тожикистонда энг кам пенсия 60 сомоний. Бу 13 АҚШ долларига тенгдир. Энг кўп пенсия эса, 300 сомоний, бу 70 долларга яқин. Лекин, 70 сомонийдан 300 сомонийгача бўлган пенсияни фақат кейинги ўн йилда нафақага чиққан қариялар олишади.

Агар бир кунлик оддийгина овқатланиш учун 10 сомоний кетиши ҳисобга олинса, 60 сомоний 6 кунлик тамаддига етади.

Тожикистонда аксарият кексаларни урф-одатга кўра фарзандлари боқишади. Лекин, ўғилларининг қўли калта бўлса, ота-оналар кекса ёшларида ўзлари ишлаб пул топишга мажбурлар. Тиланчилик қиладиганлар ҳам оз эмас .

Ўғиллар бор бўлсин

Image caption Фарзандлар бор бўлсин, аммо Тожикистонлик ўғилларнинг кўплари бугунда оила боқиш илинжида мамлакатдан ташқарида...

Саксон ёшни қоралаб қолган Болтабой Баротовнинг бутун умри болаларга таълим-тарбия бериш билан ўтган.

У бундан ўн тўрт йил олдин пенсияга чиққан. Оладиган пенсияси 67 сомонийдан бирозгина кўп. Бу АҚШ пулига чақилганда, 15 долларга тенг.

Отахоннинг айтишича оладиган пулига чойхоналарга чиқиб дам олади, у-бу тамадди қилади. Қолганига эса, уч ўғли қарашиб туради.

"Икки ўғлим Хўжанддаги машина ювиб-тозалаш жойида ишлашади, биттаси Россияга, Тюменга бориб ишлаб келади. Улар ҳар жума куни менга навбат билан йигирма сомонийдан бериб туришади", дейди фарзандларидан миннатдор ота.

Хўжанд шаҳрининг машҳур Пайшанбе бозори олдидаги майдон. Тахта ўриндиқлардан бирида олдида беш-олтита бозорлик халта, саксон ёшлардаги онахон рўмоли билан юзини қуёшдан тўсиб ўтирибди.

У Бобожон Ғафуров туманининг тоғли қишлоқларидан бирида яшашини, бозорга кириб кетган келинини пойлаб ўтирганини айтди.

Гулнисо исмли бу онахон йигирма йил бурун пенсияга чиққанини айтди. У энг оз даражадаги пенсия – олтмиш сомоний олар экан.

60 сомонийга 15 сомоний турадиган бир кило мол гўшти, донаси бир сомонийдан 20 та нон, 4 сомонийдан сотиладиган 5 кило гуруч ва уч-тўрт кило сабзи-пиёз, картошка сотиб олиш мумкин. Бошқача айтганда, олтмиш сомоний қоринни алдаш учун овқатланганда 6 кунга етади.

Лекин, Гулнисо бувини ўғиллари боқишади. Улар қишлоқда полиз, ерёнғоқ экишар экан.

Фақат Болтабой ота ё Гулнисо буви эмас, Тожикистондаги аксар кишилар кексаликларида фарзандлари қаровида бўлишади. Бу Тожикистонда азал-азалдан удум бўлиб келган.

Фарзандларга ҳам осон эмас

Image caption Кексалик гаштини сурганлар бор, сурмаганлар бор...

Лекин Болтабой ота бироз ўйланиб, фақат ўғиллари қўлига қараб ўтирмаслиги, ўзи ҳам меҳнат қилишини айтди.

"Мен помидорчилик билан шуғулланаман. Гул кўчати ўстириб сотаман. Ҳозир юз туп ҳамишабаҳор гулларим бор. Бугун ҳам гулларимдан олиб кетишди", дейди Болтабой ота.

Фарзандлари ёрдамидан умид узиб, ишлай деса кучи етмайдиган қариялар эса, чорасизликка мубтало бўлишади.

Ҳозирда Тожикистонда фарзандлари бўла туриб, қариялар уйига топширилаётган чол-кампирлар оз эмас.

"Хотиним иккимиз ишлаб топаётган пул тўртта боламизни боқишга зўрға етади. Ишдан кейин, дам олиш кунлари мардикорчиликка чиқишга мажбурман. Майли, одамлар кулишса-кулар дея, етмиш беш ёшли отамни қариялар уйига элтиб қўйдим", дейди Хўжанд шаҳрида яшайдиган 40 ёшли Шариф исмли киши.

Хўжанддаги 10 минг намозхон ибодат қиладиган Шайх Маслаҳатуддин жомеъ масжиди ҳовлисига кираверишда турган бу мункиллаган қария бошқа тиланчилар каби Худо йўлига хайр қилишни сўрамайди, диний мавзуда хиргойи қилганча тураверади.

Ўтган-кетганларнинг ўзлари унга хайр-садақа бериб кетишади.

Қаровчисиз қариялар

Суғд вилояти аҳолини ижтимоий ҳимоялаш бошқармаси бошлиғи Нуринисо Комилованинг айтишича, вилоят аҳолисининг деярли ҳар ўн нафаридан бири нафақада бўлиб, уларнинг асосий кўпчилиги пенсия олаётган қариялардир.

Унинг айтишича пенсияга чиққан бўлишига қарамасдан ҳамон ишлаётган қариялар оз эмас.

"Суғд вилояти аҳолини ижтимоий ҳимоялаш бошқармаси режа ва тадбирларга мувофиқ пенсия олувчиларга хизмат кўрсатиш сифатини яхшилаш, нафақани вақтида етказиб бериш , ижтимоий ҳимоялаш масалаларига оид аҳолини қабул қилиб, улар учраётган муаммоларни ҳал этишга интилиб келмоқда.

Ҳозир 2010 йилнинг 1 апрелигача вилоят аҳолини ижтимоий ҳимоялаш мақомоти рўйхатида 182 ярим минг нафарга яқин пенсия ва нафақа олувчилар мавжуд бўлиб, уларнинг ўртача нафақалари 86 сомонийни ташкил этади.

Айни бир пайтда пенсия олаётганлардан 11 минг нафардан кўпроғи халқ хўжалигининг турли соҳаларида ишлашмоқда. Бир йил мобайнида 3 минг 300 нафарга яқин кишига биринчи марта пенсия тайинланди ва 1200 кишининг нафақаси уларнинг аризалари асосида оширилди.

Шу вақт орасида нафақадаги 1889 киши вафот этди", дейди Нуринисо Комилова.

Лекин, Хўжанддаги "Прогрессив тараққиёт маркази" ноҳукумат ташкилоти раҳбари Умид Солиевнинг айтишича, қаровсиз қолаётган қариялар сони ортмоқда. Бундан икки йил олдин қаттиқ келган қишда мазкур ташкилот қаровчисиз қариялар аҳволини бир қадар бўлса-да, енгиллатишга ҳаракат қилган.

"Қиш совуқ келганди. Бизнинг "Совуқ қишга муносабат" деб аталган лойиҳамиз фавқулодда ҳолатлар доирасида бўлиб, пенсияга чиққан, лекин тирикчилик даражаси паст бўлган қарияларга ёрдам бердик. Биз уларга керосин ва керосинли ўчоқлар етказиб бердик. Чунки, электр энергияси, ёқилғи бўлмаганлиги боис қаровчисиз қолган қариялар овқат тайёрлаш ва ё овқатни иситиш имкониятига ҳам эга эмас эдилар", дейди Умид Солиев.

Эрта қариш ва бевақт ўлимлар

Айни бир пайтда кузатувчилар Тожикистонда эрта қариш кузатилаётганини айтишади. Бозорда юк тўла арава тортиб бораётган афтидан олтмишдан ўтган кишининг ёшини сўрайман. У қирқ беш ёшда эканини айтганда, кузатувчиларнинг сўзлари эсимга келади.

Исмини ошкор этишни истамаган шифокорлардан бирининг айтишича айниқса юрак хуружи, қанд касали, қон босими каби беморликлар элликдан ўтиб-ўтмаган одамларни ҳаётдан олиб кетмоқда. "Пенсияга чиқиб, биринчи пенсиясини олмасдан ўлиб қолаётган қариялар қанча", дейди у.

Қарияларнинг ўзлари эса, вақтида пенсияларини ола олмаётганликларидан шикоят этишади.

Суғд вилояти аҳолини ижтимоий ҳимоялаш бошқармаси бошлиғи Нуринисо Комилова нафақа вақтида етказиб берилмаслик ҳолларини инкор этмайди:

"Нафақа пулидан ҳаммаси бўлиб 6 миллион 500 минг сомонийга яқин қарз қолган бўлиб, жорий ойда у эгаларига етказиб берилмоқда", дейди Нуринисо Комилова.

Тожикистонда олдин пенсияга чиқиш ёши аёллар учун 55 дан, эркаклар учун 60 дан эди. Мустақиллик йилларида бу мутаносиб равишда 58 ва 63 дан деб белгиланди. Кузатувчилар фикрича, агар пенсия ёшига етмасдан ўлим ҳоллари кўпаяётганлиги ҳисобга олинса, пенсия ёши белгилашдаги олдинги қонунга кайтишга тўғри келиши мумкин.

Лекин, айни бир пайтда пенсия пули кўпинча вақтида етказилмаслиги боис пенсияга чиқиш ёши кўпайтирилиши борасида хавотирлар ҳам йўқ эмас.