Тожикистон: Фоҳишабозлик ва бу муаммо ортидаги сабаблар

Шахси номаълум фоҳишалар
Image caption Фоҳишалик ортидаги сабаблар турлича...

Тожикистоннинг марказий шахарларида окшомлари йўл ёқасига чиқиб ўз таналарини таклиф этадиган аёллар орасида вояга етмаган қизларни ҳам учратиш мумкин. Уларнинг аксари жинсий зўрланишлари ортидан шу йўлга кирганликллари маълум.

Турмушга чиқиши қийин бўлган ва бирор касбга эга бўлмаган қизлар кун кўриш учун фоҳишалик қилишлари урғуланади.

Тожикистондаги нодавлат ташкилотлари ходимларига кўра, улар вояга етмаган қизлар тақдирини изга солиш йўлида иш олиб боришмоқда. 16 дан ошиб, ошмаган қизлар...

Душанбенинг Қорабоев кўчаси ва Диагностика маркази кесишган жойда, Карабало шифохонаси ёнидаги катта чорраҳа бўйида ва яна ўнлаб нуқталарда оқшомлари ўзига хос бозор бўлади.

Аниқроғи, ўн-ўн беш нафардан тўпланиб олган аёллар ўз таналарини сотишга чиққанликларини мижозлардан яширмайдилар. Энг ачинарлиси, уларнинг орасида вояга етмаган қизларни ҳам учратиш мумкин.

"Аврора" ўсмир-ёшлар нодавлат уюшмаси раиси Сабоҳат Аҳмедова айнан вояга етмаган фоҳиша қизлар билан боғлик махсус лойиҳани бошқарган.

Сабоҳатнинг айтишича, лойиҳанинг мақсади қизларни ҳалол йўл билан пул топишга ўргатиш бўлган. Лойиҳага 42 қиз жалб этилган экан.

-Биз 12 дан 18 ёшгача булган қизларни олдик. Лойиҳага жалб этилган қизларнинг барчаси таносил касалликларига дучор бўлган эди. Биз қизларга репродуктив саломатликнинг аҳамиятини тушунтиришга ҳаракат қилдик. "Оила қуриш, фарзандли бўлишни истаган пайтингизда саломатлигингизни тамоман йўқотсангиз нима бўлади", дея савол қўйдик,- дейди Сабоҳат Аҳмедова.

Вояга етмаган танафурушлар, бошқа фоҳишалар сингари Душанбедаги етоқхоналарда, арзон ижара уйларда яшашади. Улар узлари қўйган баҳо бир кечага 100 сомонини (тахминан 22 доллар) савдо жараёнида 60-70 сомонигача тушириш мумкин.

Бир неча соатга ёки бир неча эркак битта аёлни олиб кетишганда мижозга арзонроққа тушаркан. Фоҳишалар ўз ишларини ҳам хавфли ҳисоблашади.

"Олиб кетилиб, ўлдириб кетилган ҳоллар бўлган, шунинг учун шеригимиз олиб кетилган машина номерини эслаб колишга ҳаракат қиламиз", дейишади улар.

Муаммонинг илдизи каерда?

Image caption Сабоҳат Аҳмедова вояга етмаган фоҳиша қизлар билан боғлик махсус лойиҳани бошқарган

Сабоҳат Аҳмедова лойиҳадаги қизлар ўқитилгани, маълум касбга йўналтирилганлигини урғулайди. Унинг айтишича, иш жараёнида ёш қизларнинг фоҳишаликка киришгача бўлган ҳаёт йўли билан ҳам танишишга тўғри келган. -Лойиҳадаги 42 нафар қизнинг ҳаммаси ўз уйларида зўрланган эди. Масалан, онаси иккинчи марта турмушга чиққан. Ёш эри... ёки отаси муҳожирликка ишга кетган, онаси эса, ким биландир учрашади, ўзи билан ўзи овора, болалар эса, эгасиз колади. Бундан қандайдир амаки ёки бошқа биров фойдаланади. Бола эса, кийингиси, егиси, эътиборда бўлгиси келади,-дейди Сабоҳат Аҳмедова.

Тарих фанлари номзоди Зебунисо Сатторова болаларнинг, хусусан қизларнинг тарбияси бузилиши аввало улар улғаяётган оила муҳити билан боғлиқ эканини урғулайди. Олима меҳнат муҳожирлиги кўплаб оилалардаги файзни йўқотганини айтади.

-Эркакларимиз Россияга бориб пул жўнатаяпти. Бу билан оилаларимиз моддий фаровонлиги ошаяпти. Лекин, уларнинг фарзандлари ота меҳридан, айниқса, қизлар қаттиққул оталар тарбияси, назоратидан четда қолишаяпти,-дейди Сатторова хоним.

Зебунисо Сатторова эрларининг узоқда эканлигида аёллар болаларига бепарво қолган ҳоллар ҳам борлигини таъкидлайди.

-Шундай воқеани ҳам биламан, энди бу нарса ҳакида гапириш жуда ҳам ноқулай, отаси меҳнат муҳожиратида, онасининг олдига келиб юрадиган ўйнаши уйидаги балоғатга етмаган қизни булғаб қўяди,- деб афсусланиб гапиради суҳбатдош. Хотин-қизлар ҳаёти билан яқиндан таниш, хотин-қизлар ишлари бўйича фаол Сатторова хоним аёлларнинг бозорларга берилиб кетганлиги, баъзан эса, юк олиб келиш учун ҳафталаб хорижда бўладиган оналарнинг қизлари тарбияси ҳақида қайғуришини билдиради. Фоҳишаликдан бошқа иш йўқми? Марказий Осиёнинг аксар давлатлари, хусусан Тожикистонда ҳам эркак билан муносабатда бўлган киз, у зўрланган бўладими ёки ўз хоҳиши билан шу йўлга кирадими, бу гап эл орасида ёйилгандан сўнг унинг муваффақиятли турмушга чиқиши қийин. Баъзи кузатувчилар худди шу ҳолат қизларнинг ўз яшаш ҳудудларидан бош олиб кетишлари ва фоҳишалик кўчасига киришларига сабаб бўлишини айтишаади. Лекин, Сабоҳат Аҳмедова аввалига енгил пул топиш билан шуғулланган қизларнинг бир нечаси турмушга узатилганлигини айтади.

-19 қизни биз муваффақиятли ўқитдик, ишга жойлаштирдик. Улардан бир қисмини эса, эрга бердик. Ота-оналар уларни ана шу йўлдан қутқариш йўлида биз билан мунтазам алоқада бўлишди. Қолган қизларимиз эса, бир эмас, бир неча касбга ўқишди. Аммо, уларнинг ҳаммасида ҳам рисоладагидек ҳаётни бошлашга шароит йўқ эди. Масалан тикувчиликка ўқиган қизни тикув машинаси билан таъминлаш лойиҳамизда йўқ эди ёки биз пардозхона асбобларини сотиб олиб беролмасдик,- дейди суҳбатдош.

Тожикистон хотин-қизлар қўмитаси ходимаси олиб борилган кузатувларга таяниб айтишича, ёш фоҳишаларнинг бир нечаси отаси иккинчи хотин олганига қасдма-қасд шу йўлни танлаганликларини айтишган. Воситачи аёлнинг айтишича, бир қизча касал онасига дори олиш учун танафурушликка чиққанлигини айтган экан. Лекин, кўп ҳолларда зўрланган қизларнинг ўз яшаш ҳуддуларидан қочиб кетиб пойтахт ё-да, марказий шаҳарларда фоҳишалик қилаётганлари маълум.

Тожикистон Ички ишлар вазирлиги матбуот котиби Маҳмудулло Асадуллоевнинг охирги маълумотларга таяниб маълум килишича, 1 апрелдан 2 апрелга ўтар кечаси жинсий зўрлаш билан боғлик 2та ариза тушган. -Бизга ариза билан мурожаат этган аёлнинг маълум қилишича, унинг уйда йўқлигидан фойдаланиб оқшом соат ўнларда 1994 йилда туғилган вояга етмаган қизи зўрланган. Бу ҳақда жиноий иш қўзғатилган ва айбланувчи қўлга олинган,-деди Маҳмудулло Асадуллоев

Бир қатор кузатувчиларга кўра, мамлакатда кечган ички урушдан кейинги қашшоқлик фақат иқтисодий эмас, балки ахлоқий муаммоларни ҳам келтириб чиқараяпти.

Бу мавзуда батафсилроқ