Тошкентда сергаклик ила қилинган навбатдаги қабул

АҚШ генерали Девид Петреус ва Ўзбекистон Президенти Ислом Каримов(АҚШнинг Ўзбекистондаги элчилиги сурати)
Image caption Ўзбекистониннг АҚШ билан муносабатлари 2005 йилги қонли Андижон воқеалар ортидан совуқлашиб кетганидан сўнг кейинги икки йил ичида яна мустаҳкамлана бошлади.

АҚШ Марказий Қўмондонлигининг қўмондони генерал Дэвид Петреус сешанба куни Ўзбекистонга ташриф буюриб, президент Ислом Каримов билан музокаралар ўтказган.

Табиийки аксар кузатувчилар наздида музокаралар марказида аввало Афғонистон ва минтақавий хавфсизлик, жумладан, АҚШ ва НАТО қўшинлари учун транзит юкларнинг муҳим жўғрофий аҳамиятга эга Ўзбекистон орқали ўтишини тезлаштириш ва балки кенгайтириш каби масалалар туриши кутилган эса-да, ҳар икки томон ҳам бу ташриф ҳақида деярли маълумот бергани йўқ.

Петреус Президент Ислом Каримов билан учрашгандан сўнг, Тошкентдаги АҚШ элчихонаси генералнинг сафардан мақсадини изоҳлаш учун ўта қисқа ва қуруқ баёнот бериб, "АҚШ Марказий Қўмондонлиги Қўмондони сифатида генерал Петреус одатда ўзи масъул саналган мамлакатлардаги вазият билан яхшироқ танишиш мақсадида уларга ташриф буюриб туради," деган.

АҚШ элчихонасига кўра, генерал Петреус Президент Каримов билан ҳар икки томоннни қизиқтирган масалаларни муҳокама қилган.

Ўзбекистониннг АҚШ билан муносабатлари 2005 йилги қонли Андижон воқеалар ортидан совуқлашиб кетганидан сўнг кейинги икки йил ичида яна мустаҳкамлана бошлади.

Собиқ иттифоқчиларнинг яна қайтадан мустаҳкамланиб бораётган алоқалари минтақада ўз таъсирини сақлаб қолиш истагида бўлган бошқа суперкучларнинг доимий диққат марказида туради ва айни шу сабаб, Тошкент ҳар гал юқори лавозимли АҚШ мулозимларини сергаклик ила қабул қилади.

Петреус Тошкентга келишидан аввал қўшни Қозоғистон пойтахти Остонада турибоқ Ўзбекистонга ташрифи атрофида тарқалиши мумкин бўлган шов-шувларни тарқатишга ҳам улгурди.

Остонада журналистларга гапирган Петреус АҚШнинг Қозоғистон ва Ўзбекистонда ҳарбий база очиш режаси йўқлигини айтган.

Бироқ шундай бўлса-да, Тошкентнинг ўзгарувчан мавқеига кўп марта гувоҳ бўлган минтақадаги кузатувчилар Ўзбекистон раҳбарининг кутилмаган қарорлар қабул қилишга мойиллиги ҳақида гапиришади.

Генерал Петреус ўтган йили Ўзбекистонга икки марта ташриф буюрган эди.

Унинг ўтган йили феврал ойидаги биринчи сафаридан кейин Президент Каримов Афғонистондаги АҚШ ва НАТО қўшинлари учун ноҳарбий юкларнинг мамлакат орқали ўтишига рухсат берганди.

Кейинроқ эса Жанубий Корея авиаширкати томонидан бошқариладиган Навоийдаги халқаро аэропорт орқали ҳам транзит юклар олиб ўтишга рухсат берилгани маълум бўлган.

Аксарият кузатувчилар эндиликда АҚШ маъмурияти минтақадаги мамлакатлар орқали ҳарбий юклар олиб ўтилишига эришиш учун ҳаракат қилишини айтади.

Шу йил бошида Ўзбекистон раҳбари АҚШ билан муносабатларни янги даражага кўтаришга қаратилган ҳукумат қарорини тасдиқлади.

Мазкур ҳужжат ўзаро ҳарбий ҳамкорликни кучайтириш, Давлат котибаси Ҳиллари Клинтон хоним ташрифини уюштириш каби масалаларни кўзда тутар эдики, буни АҚШнинг Тошкентдаги дипломатлари на рад этмасада, тасдиқламади ҳам.

Америка Қўшма Штатларининг махсус элчиси Ричард Ҳолбрукнинг Ўзбекистонга сафари қарорда кўзда тутилган муддатда юз берди.

Бу мавзуда батафсилроқ