'АҚШ Ўзбекистон ва Қозоғистонда ҳарбий база ташкил этмоқчи' эмас

АҚШ  Қуролли кучлари Марказий қўмондонлиги қўмондони генерал Дeвид Петреус
Image caption АҚШ Марказий Қўмондонлиги қўмондони сифатида генерал Петреус одатда ўзи масъул саналган мамлакатлардаги вазият билан яхшироқ танишиш мақсадида уларга ташриф буюриб туради

Қозоғистон ва Ўзбекистон расмийлари билан учрашаркан, АҚШ Қуролли кучлари Марказий қўмондонлиги қўмондони генерал Дeвид Петреус, бу мамлакатларда ҳарбий база барпо этиш режалари йўқлиги ҳақида айтган.

Генерал Девид Петреус Остонада Қозоғистон Ташқи ишлар вазирлиги ҳамда Мудофаа вазирлиги раҳбарлари билан учрашган.

Қозоғистон расмийларига кўра, Америка ва Қозоғистон Мудофаа идоралари ҳамкорликни режалаштирмоқдалар, жаноб Петреуснинг Остонадаги сафари вақти Қозоқ ҳарбийларини АҚШ Қуролли кучлари ҳарбий-ўқув марказларида тайёргарликдан ўтказишга келишиб олинган.

Матбуот анжуманида Генерал Девид Петреуснинг айтишича, АҚШ ва Қозоғистон ҳарбийлари 2010 йилда 100 атрофида ҳарбий ўқув машқлари ўтказишни режалаштирмоқдалар.

Америка генерали ўнлаб Қозоғистон зобитларининг АҚШда ҳарбий тайёргарликдан ўтганини маълум қилган.

Журналистларнинг ҳарбий база ҳақидаги саволига жавобан генерал Девид Петреус АҚШ Ўзбекистонда ҳарбий база очиш ҳақида ўйламаётганини айтган.

"Биз Ўзбекистонда Америка ҳарбий базасини очишни муҳокама этиш ниятида эмасмиз", деб айтди генерал Петреус.

6-апрел куни Тошкентда генерал Девид Петреус Ўзбекистон Президенти Ислом Каримов билан учрашган.

АҚШнинг Ўзбекистондаги элчилиги маълум қилишича, "АҚШ Марказий Қўмондонлиги қўмондони сифатида генерал Петреус одатда ўзи масъул саналган мамлакатлардаги вазият билан яхшироқ танишиш мақсадида уларга ташриф буюриб туради".

Хабар қилинишича, Президент Каримов ва генерал Петреус ўртасидаги мулоқотда АҚШ-Ўзбекистон алоқалари ва Афғонистондаги аҳвол ҳақида сўз борган.