Қирғизистон: Таласда намойишчиларга қарши резина ўқ отилди

Қирғиз милицияси махсус кучлари
Image caption Қирғиз милицияси махсус кучлари резина ўқ ва кўздан ёш сиздирадиган газ билан намойишчиларни тарқатишга уринган

Қирғизистон шимоли-ғарбидаги Талас вилояти ҳокимлиги биносига бостириб кирган ва вилоят губернаторини гаровга олишга уринган мухолифат намойишчиларга қарши милиция резина ўқ ва кўздан ёш сиздирадиган газ отган.

Қирғизистон мухолифати раҳбарларининг маълум қилишларича, мамлакат шимоли-ғарбидаги Талас вилоятида бир гуруҳ мухолифат намойишчилари ҳокимият биносини босиб олиб, вилоят губернаторини гаровга олишга уринган.

"Демократия ва Фуқаровий Жамият учун" ҳаракатининг фаоли Шомил Муроднинг айтишича, мингга яқин одам Таласда вилоят ҳокимияти биносини ўраб олган.

Улардан бир гуруҳи бинони ишғол этган.

Қирғиз мухолифатининг раҳбари Омурбек Текебаев ҳокимият биноси ишғол этилганини тасдиқлаган.

Бироқ Қирғизистон Ички ишлар вазирлиги вилоят ҳокимиятининг босиб олингани ҳақидаги хабарни рад этган.

Ички ишлар вазирлигига кўра, бир гуруҳ пиянисталар бинога киришган ва сўнгра уни тарк этишган.

Сешанба куни эрталаб мухолифат тарафдорлари коммунал хизматлар тўловларининг қимматлашувига қарши эътироз билдиргани ва вилоят губернатори Болотбек Бейшенбековнинг истеъфосини талаб қилгани Талас марказига йиғилганди.

Маҳаллий матбуотга кўра, ҳокимият биноси ўнгида йиғилганлар мухолифат сиёсатчиси Шерали Абдилдаевни "халқ губернатори" этиб тайинлаганлар.

Қирғизистон Бош вазири Дониёр Усенов вилоят губернаторининг гаровга олингани ҳақидаги хабарни рад этди, бироқ мухолифат намойишчилари гуруҳи ҳокимият биноси ичкарисида эканини тасдиқлади.

Жаноб Усенов сўзларига кўра, "ҳозир ташқарида бинони босиб олишга уринаётган кўп одамлар бор" ва ҳукумат Таласдаги вазиятни изга солиш мақсадида қўшимча 100 милиция кучларини юборишга қарор қилган.

Image caption Таласдаги норозилик намойиши иштирокчилари Президент Бакиев истаъфосини талаб қилганлар

Гувоҳларга кўра, Талас шаҳрининг асосий майдонида мингтача намойишчи йиғилган.

Намойишчилар Президент Қурманбек Бакиевнинг суратини ёқиб юборгани хабар қилинган.

Улар Президент Бакиев истеъфосини талаб қилишган.

Мухолифат мамлакат хавфсизлик хизматларига мурожаат қилиб, намойишчиларга қарши куч қўлламасликка чақирган.

Ушбу тартибсизлик Қирғизистон ҳукумати билан мухолифат ўртасидаги таранглик ортган пайтга тўғри келган.

Охирги ҳафталарда Қирғиз мухолифати ҳукуматни мустақил матбуотга босимни кучайтиришда айбламоқда.

Кечга яқин Қирғиз расмийлари Талас вилоят ҳокимлиги биноси ўз назоратларига ўтгани ҳақида хабар қилганлар.

Бироқ гувоҳлар резина ўқ ва кўздан ёш сиздирадиган газ қўллаган милиция кучларини сиқиб чиқариб яна бинони эгаллаганлари ҳақида хабар беришган.

Бишкекда ўтган матбуот анжуманида Бош вазир Дониёр Усенов айтишича, намойишчилар ўқотар қуролларни қўлга киритишга, қамоқхонадан маҳбусларни қўйиб юборишга уринганлар.

Жаноб Усенов сўзларига кўра, Таласдаги норозилик чиқиши ташкилотчилари ва иштирокчилари ҳибсга олинганлар.

Бишкекдаги Би-би-си мухбири хабар қилишича, Қирғиз мухолифати лидерларидан Ўмурбек Текебаев ҳибсга олинган.

Яна қатор мухолифат раҳбарлари ҳибсга олингани ҳақида хабарлар олинган.

Кечга яқин Қирғизистон билан телефон алоқаси деярли узилган.

Қирғизистонлик мобил телефон эгалари SMS-хабар олиш ёки узатиш имконсизга айлангани ҳақида билдиришган.

Интернетга киришга тўсиқ қўйилгани ҳақида хабар беришган маҳаллий журналистлар.

Уларга кўра, ҳукумат мана шундай қаттиққўл чоралар билан мухолифат бутун мамлакат бўйлаб уюштириши ҳақида эълон қилган йирик миқёсли норозилик чиқиши олдини олишни кўзлаган.