Нуфузли Толибон раҳбари қамоқдан озод этилган

Толибон
Image caption Карзай ҳукумати Толибонга ёнбосишларга бориш сиёсати ҳақида гапириб келмоқда

Би-би-си Афғонистонда Толибон ҳаракатининг етакчи қўмондонларидан бири қамоқдан озод этилганини аниқлаган. Акбар Оғо Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг уч ходимини гаровга олгани учун 16 йиллик жазо муддатини ўтаётган эди.

Унинг озод этилгани эълон қилинмаган, аммо Акбар Оғонинг дўстлари унинг президент томонидан авф этилганини айтганлар.

Бу борада президент Карзай сўзчиси ҳеч нарса дея олмаслигини айтди. Қўмондон Акбар Оғо Кобулдаги илк хорижликлар ўғирланишини режалаштирганди.

У 2004 йилда БМТнинг уч ходими - шимолий ирландиялик бир аёл ҳамда косоволик ва филлипинлик икки эркакни - ўғирлаш билан Толибоннинг Жайш ул-Муслимийн гуруҳини танитган эди.

Акбар Оғо араб жангарилари билан аввалдан яқин алоқаларга эга ва БМТ ходимларини гаровга олиш билан ўз гуруҳига Форс кўрфазидан маблағ тўплашга умид қилганди.

Алалоқибат, у ва унинг шериклари ҳибсга олиниб, узоқ йиллик қамоқ жазоларига ҳукм этилган эди.

Мана энди Би-би-си унинг қамоқдан жимгина озод этилганини аниқлаган.

Акбар Оғонинг дўстларига кўра, президент Карзай уни Кобулдан чиқмаслик шарти билан озод қилган.

Бу ҳақда эълон қилинмаган, аммо БМТнинг Афғонистондаги собиқ раҳбари Кай Айди Толибон қўмондонининг озод этиш режалари ҳақида уни хабардор этишганини айтди.

Кай Айди бу масалани президент билан муҳокама этмаганини айтган.

Афғонистон Инсон Ҳуқуқлари Комиссияси вакилларидан бири кўплаб жангарилар сирли равишда авф этилаётгани ва уларнинг аксари ё пулдор ёда нуфузли шахсларга қўшилаётганини айтди.