Президент Бакиев: 'Мен ўт очишга буйруқ бермаганман!'

Қирғизистон Президенти Қурмонбек Бакиев хавфсизлик кучларига намойишчиларга қарата ўт очишга буйруқ бермаганлигини айтган.

Жаноб Бакиев бу ҳақда Би-би-сига берган эксклюзив суҳбати чоғида билдирган. Cуҳбатнинг аудио матни билан қуйида танишишингиз мумкин:

Мултимедиа ўйнаш бу қурилмада дастакланмайди

Қирғиз президентининг айтишича, биринчи бўлиб ўзи ишлаб идорасига қарата ўқ отилган ва ўт очганлар халойиқ орасида бўлган қуролли мерганлар бўлишган.

Жаноб Бакиевга кўра, уларнинг мақсадлари ҳокимиятни қўлга киритиш бўлган.

У Оқ Уйни ҳимоя қилаётган қўриқчилар биринчи бўлиб ўт очмаганликлари, улар оломон бинога бостириб киришга уринган пайтдагина қонун доирасида ҳаракат қилиб, ўточар қуролларини ишга солганликларини билдирган.

Агарда мухолифат раҳбарлари ҳибсга олинишмаганида, қон ҳам тўкилмасди-ку, деган саволга жавоб бераркан, жаноб Бакиев улар давлат тўнтаришига ҳозирлик кўраётганликлари учун ҳам қўлга олинганликларини айтган.

Президент Бакиев ҳозир Қирғизистон жанубида эканини тасдиқлаб, аммо Жалол-Ободда ўзининг куч тўплаётганига оид хабарларни рад этган.

У ўзининг ҳақиқий кучи қирғиз халқи экани ва доимо унга таяниб келганлигини урғулаган.

Жаноб Бакиев агарда мухолифат музокаралар таклифи билан чиқса, буни рад этмаслигини ҳам баён қилган.

Бундан кейинги мавқеи ҳақида сўралганда, қонунга амал қилувчи, доимо конституция доирасида ҳаракат қилишга уринган инсон экани ва шу сабаб, қонун мезонларида ҳамкорлик қилишга тайёр эканини айтган.

Ўз ўрнида, президент Қурмонбек Бакиев Россия радио станцияларидан бирига берган суҳбатида қонли тўқнашувлар ва янги муваққат ҳукумат ташкил топганига қарамай, ўз мағлубиятини тан олмаслигини ҳам айтган.

Қирғиз президенти, шу билан бирга, "президент эса-да, ҳақиқий қудратга эга эмаслиги"ни ҳам тан олган.

Кун аввалида мухолифат раҳбари Роза Отунбоева парламентни тарқатиб юбориб, келаси олти ой ичида бўлиб ўтажак президентлик сайловларига қадар амал қилувчи муваққат ҳукуматга бошчилик қилишини баён қилганди.

'Талончиларга қарши ўт очилади'

Қирғизистон муваққат Ички ишлар вазири Болот Шерниёзов лозим бўлган тақдирда талончиларга қарши ўт очишга рухсат берганлигиниган айтган.

Жаноб Шерниёзов бу ҳақда Қирғизистон Давлат телевидениеси орқали қилган жонли мурожаати чоғида билдирган.

Унга кўра, талончиликларнинг олдини олиш учун милиция кучлари ва маҳаллий мухолифат аъзолари биргаликда қўриқчилик ҳам қилишади.

Бугун эрталаб пойтахт Бишкекдан олинган хабарларда юзлаб талончиларнинг дўконлар ва президент Бакиевнинг идораларини талашга тушиб кетганликлари хабар берилганди.

Яна Қирғизистоннинг жанубий минтақаларида ҳам шундай ҳолатлар юз бераётганига оид хабарлар бор.

Сўнгги ташмачиликлар қирғиз ҳукуматининг истеъфосига олиб келган чоршанба кунги қонли тўқнашувлар ортидан кузатилмоқда.

Вужудга келган мазкур вазият манзарасида муваққат ҳукумат раҳбари Роза Отунбоева ҳам кун аввалида берган матбуот анжуманида талончиликларнинг олдини олишга ваъда берганди.

Махсус ҳайъат

Қирғиз муваққат ҳукумати раҳбари Роза Отунбоева ўтган икки кун ичида юз берган фожеавийлари дохил барча шов-шувли ҳодисаларни текшириш учун махсус ҳайъат ташкил этилишини билдирган. Қирғизистонда юз берган сўнгги қонли тўқнашувларда ўнлаб кишилар ўлдирилгани, юзлаб кишилар тан жароҳати олганликлари айтилади.

Отунбоева хонимга кўра, Қирғизистонда юз берган инсоний талофатларнинг ҳаммаси собиқ қирғиз ҳукумати ва фаоллари олиб борган қатағонлар натижасидир.

"Хьюман Райтс Вотч" халқаро инсон ҳуқуқларини сақлаш ташкилоти ҳам сўнгги баёнотида ана шундай даъват билан чиққанди.

Айрим мухолифат аъзолари сўнгги ҳодисалар арафасида берган суҳбатларида сўнгги йилларда Қирғизистондаги вазият Лола Инқилобидан аввалгисидан ҳам бир неча баробар ёмонлашгани, журналистларга қарши таъқиблар кучайиб, мамлакатда "оилавий диктатура" шаклланганини айтиб келишаётганди.

Уларга кўра, президент Бакиев даврида "ҳукуматга қарши гапирганлар қувғинда, қамоқхонада ёки чет давлатларга бош олиб кетишга мажбур бўлишган".

Қатор халқаро ташкилотларнинг ҳисоботларида ҳам сўнгги йилларда Қирғизистонда камида уч журналистнинг ўлдирилгани факт ҳам ўлароқ келтирилганди.

Чегаралар ёпилган

Ўзбекистон қонли тўқнашувлар ортидан мухолифат назоратни ўз қўлига олган қўшни Қирғизистон билан чегарасини ёпиб қўйган. Бу ҳақда Рейтер ахборот агентлиги хабар берган.

Қирғизистон Чегара хизмати матбуот воизидан келтирилган иқтибосда айтилишича, "ўзбек томонининг сўрови билан ўзаро чегарадан аҳоли ва нақлиёт қатнови тўхтатиб қўйилган".

Қирғизистоннинг Қозоғистон билан чегарасида эса, қатнов қисман чекланган.

Аввалроқ расмий Кремл Бош вазир Владимир Путиннинг қирғиз муваққат ҳукуматининг раҳбари сифатида Роза Отунбоева билан телефон орқали суҳбатлашганини маълум қилганди.

Россия Бош вазири матбуот воизига кўра, "Отунбоева хоним жаноб Путинга Қирғизистондаги вазият мутлақ ўз назорати остида экани"ни айтган.

Матбуот воизи Дмитрий Петровнинг айтишича, қирғиз муваққат ҳукумати раҳбари, шунингдек, мамлакати жуда оғир иқтисодий шароитда экани сабаб, яна ёрдамга эҳтиёжи борлигини ҳам билдирган.

Кремль Қирғизистондаги ҳодисаларда иштироки йўқлигини расман баён қилганди.

"Халқ ҳукумати"

Қирғизистон мухолифатига кўра эса, қонли тўқнашувларда 60 дан ортиқ киши қурбон бўлиши ортидан ҳозир "халқ ҳукумати" ташкил этилмоқда.

Мамлакат собиқ Ташқи ишлар вазири Роза Отунбоева Би-би-си билан суҳбатида аллақачон янги мудофаа, ички ишлар вазири тайин этилгани ва муваққат ҳукуматга ўзи бошчилик қилишини маълум қилган.

Унга кўра, янги муваққат ҳукумат таркибига кирган вазирлар халқ орасида яхши таниш ва "инқилоб"га жиддий ҳисса қўшган инсонлардир.

Муваққат ҳукумат раҳбари парламентни тарқатиб юбориб, президент ва Вазирлар маҳкамаси ваколатларини ўз зиммасига олишини айтган.

Отунбоева хонимнинг айтишича эса, муваққат ҳукумат ярим йил қудратда бўлади, шундан сўнг президентлик сайловлари чақирилади ва конституция ҳам қайта ёзилади. Жорий президент маъмурияти бекор қилинади ва алал-оқибат муваққат халқ ҳукумати қўл остига ўтади.

Қирғизистон собиқ Ташқи ишлар вазирининг бугун кечроқ парламентда ҳам чиқиш қилиши кутилмоқда.

У тўқнашувларда қурбон бўлганлар хотираси абадийлаштирилиши ва оилаларига товон пули, турли хил имтиёзлар берилишини ҳам қўшимча қилган.

Ҳозирча аниқ санаси тайин этилмаган бўлса-да, мамлакатда миллий мотам куни эълон қилинишини ҳам билдирган.

Унга кўра, сўнгги норозилик намойишларига сабаб бўлган коммунал хизматлар нархлари аввалги ҳолатига қайтарилади. Электр токи қиймати арзонлаштирилади.

Отунбоева хоним, шу билан бирга, жорий пайтда Қирғизистоннинг турли ҳудудларида кузатилаётган талончиликларнинг олдини олишга ҳам ваъда берган.

Қирғиз муваққат ҳукумати раҳбари президент Бакиевнинг ўғли бошчилик қилган Инновация, инвестиция ва тараққиёт агентлиги ва президент котибияти тарқатиб юборилишини ҳам эълон қилган.

Унга кўра, Америка ва Россиянинг Қирғизистонда жойлашган ҳарбий базаларига зиён етмайди. Франс-пресс ахборот агентлигининг хабар беришича, Америка ҳарбий учоқларининг парвозини тўхтатиб қўйган.

Бишкек бугун бироз осойишта

Бишкекда бўлган мухбиримизнинг хабар беришича, Қирғизистон пойтахтида ўтган тунда ҳам отишмалар кузатилган. Дўконларга ўт қўйилган.

Юзлаб намойишчилар дўконма-дўкон юриб, у ердаги молларни талашни бошлашган.

Аммо пайшанба куни тонгда Қирғизистон пойтахти Бишкекда нисбатан осойишталик ҳукмрон эди. Афтидан, қирғиз мухолифати чоршанба куни қонли тўқнашувларга саҳна бўлган ҳукумат биноларини ўз назорати остига олган.

Ассошайтед-пресс ахборот агентлигининг хабарларига кўра, Миллий Хавфсизлик агентлиги ҳам мухолифат назорати остига ўтган.

Бишкекда бўлган мухбиримизнинг хабар беришича, марказий ҳукумат биносини вайрон этиш ҳаракатлари давом этмоқда. Бинонинг ўзи ўт ичида экани айтилади. Сатҳга яқин ерда митинг кечаётгани хабар берилади.

Янги мудофаа вазирининг айтишича, мамлакат қуролли кучлари ва чегара қўшинлари буткул янги ҳукумат томонига ўтган.

Чоршанба кунги тўқнашувлар ортидан Бош вазир Дониёр Усенов бошчилигидаги ҳукумат истеъфо берган, президент Бакиев мамлакатда фавқулодда ҳолат ва комендантлик соати эълон этишга уринганди.

Пайшанба куни эса, Жалол-Обод вилояти губернаторига иқтибосан президент истеъфо бераётганига оид хабарлар ҳам пайдо бўлганди.

Қирғизистон жанубида нима гап?

Бугун Жанубий Кирғизистоннинг Боткен ва Ўш вилоятларида ҳокимият тинч йўл билан мухолифат қўлига ўтган. Бу ерда вазиятнинг осойишта экани айтилади.

Ўш шаҳрида бир неча минг киши иштирокида бўлиб ўтган митинг ортидан шаҳар ҳокими ўз лавозимида қолдирилган. Губернатор халқ томонига ўтганини билдирган. Ўшдаги сўнгги вазият ва бўлиб ўтган митинг ҳақида минтақадан мухбиримиз Мўмин Беҳзод хабари:

Мултимедиа ўйнаш бу қурилмада дастакланмайди

Шунингдек, президент Бакиевнинг она юрти Жалол-Обод вилоятида ҳам митинг бўлиб ўтган. Митинг қарама-қарши руҳда кечган. Пойтахт Бишкекдан келган мухолифат лидери Топчўбек Тургуналиевнинг муваққат ҳукуматни қўллаш борасидаги таклифи митинг иштирокчилари аксариятининг танқидларига сабаб бўлган.

Ўз ўрнида вилоятдаги вазиятни назорат этиш учун Координацион кенгаш ҳам тузилган.

Митинг иштирокчилари ҳозирги асосий вазифа тинчлик, барқарорлик, миллий ва миллатлараро тотувликни сақлаш эканини урғулашган.

Маҳаллий ахборот воситаларида ҳам президент Бакиевнинг Жалол-Ободда экани тахмин этилади.

Аммо Жалол-Обод вилояти Ички ишлар бошқармаси матбуот хизмати бошлиғи Би-би-си билан суҳбатида президент Бакиев бориши эҳтимоли бўлган барча масканлар мухолифат аъзолари назорати остида эканини айтган.

Маҳаллий кузатувчилар назарида, Бакиев шаҳарда бўлсаям яширин ҳолатда бўлиши мумкин ёки у ердан чиқиб кетган.

Лекин шуниси аёнки, Қирғизистон жанубида муваққат ҳукумат де факто тан олинган.

Жанубий Ўш, Жалол-Обод ва бошқа шаҳарларда банклар, ўқув юртлари, болалар боғчалари, халқаро ташкилотлар идоралари ва қатор савдо дўконлари очилмаган.

Милиция эса, янги Ички ишлар вазири буйруғига асосан, "талончилик ва миллатлараро зиддиятларнинг олдини олиш йўлида" фаолият олиб бормоқда.

Бу мавзуда батафсилроқ