Муваққат қирғиз ҳукумати Москвадан ёрдам сўраш ниятида

Бишкекдаги норозиликлар
Image caption Бишкекдаги кенг норозиликлар натижасидан тузилган муваққат ҳукумат Москвадан ёрдам сўраш ниятида

Қирғизистон муваққат ҳукумати аъзоси Алмазбек Атамбаев раҳбарлиги остидаги ҳайъат Москвага ташриф буюрди.

Қирғиз мухолифатчилари Москвада иқтисодий ёрдам масаласини муҳокама этишлари айтилмоқда.

Аввалроқ Россия бош вазири Владимир Путин муваққат ҳукумат раҳбари Роза Отунбоева билан телефон орқали суҳбатда Қирғизистонга инсопарварлик ёрдам беражагини билдирганди.

Айни вақтда кузатувчилар, расмий Кремль Қирғизистон муваққат ҳукуматини деярли тан олганини урғулашмоқда.

Россия сиёсатчиларига кўра, муваққат ҳукумат аъзоси Алмазбек Атамбаев бошчилигидаги ҳайъат Москвада асосан иқтисодий масалалар, жумладан, Қирғизистонга сотилаётган Россия нефт маҳсулотларига бўлган бож миқдори мавзусини муҳокама этиш ниятида.

Қирғизистон муваққат ҳукумати аъзолари билан Россия расмийларидан кимлар учрашиши ҳозирча номаълум.

Россия Ташқи ишлар вазирлигининг махсус вакили Андрей Нестеренко Қирғизистондаги воқеалар Бишкек ва Москва муносабатларига таъсир кўрсатмаганлигини маълум қилган.

Айни вақтда аксар шарҳловчилар Россиянинг Қирғизистон муваққат ҳукуматини деярли тан олганини айтмоқдалар.

Россия президенти Дмитрий Медведев ва бош вазир Владимир Путин Қирғизистонда ҳокимиятининг ағдарилишига президент Бакиев йўл қўйган хатолар сабаб бўлганига ишора этишганди.

Москвадаги МДҲ Институтининг эксперти Андрей Грозиннинг фикрича, Қирғизистондаги воқеалар борасида президент Дмитрий Медведев ва бош вазир Владимир Путин билдирган баёнотлар янги қирғиз ҳукуматини Кремль амалда эътироф этганини англатади.

"Қурманбек Бакиев республика энергетика иншоотларини хусусийлаштириш жараёнида Москва манфаатларини умуман эътиборга олмагани, шунингдек, Россия Қирғизистонга берган имтиёзли қарз ва ёрдам пуллари қаерга сафрлаганини маълум этмагани Кремлдагиларни қаттиқ ғазаблантирган. Шу қаторда Манасдаги Америка базасини ёпиш қарорига қарамасдан, Америка ҳарбийларининг у ердан чиқарилмагани ҳам, Кремелнинг Бакиевдан юз ўгирганига сабаб бўлди", - деб айтди Андрей Грозин.

Сиёсатчилар шунингдек, янги ҳукуматнинг ташқи сиёсати тубдан ўзгармаслигини айтишмоқда.

Таҳлилчиларга кўра, Қирғизистон янги ҳукумати шу вақтгача Бишкек юрғизган кўп йўналишли ташқи сиёсатни давом эттиради.