Қирғизистонда Манас ҳарбий базаси сақланиб қоладими?

Манасдаги ҳарбий база
Image caption Қирғизистондаги Манас ҳарбий базасидан Афғонистондаги амалиётлар учун таъминотлар етказилади

Қирғизистондаги ҳукумат ағдарилишидан сўнг Афғонистондаги ҳарбий амалиётлар учун муҳим бўлган Манас ҳарбий базаси келажаги борасида саволлар яна ўртага ташланмоқда.

Қирғизистондаги ҳарбий базалар устидан АҚШ ва Россия ўртасида рақобат ҳамиша мавжуд бўлган.

Россия АҚШ ҳарбий базасининг Қирғизистонда умуман бўлмаслиги тарафдори эканлигига шубҳа йўқ.

Мамлакатда коррупциянинг кенг қулоч ёйганлиги ва собиқ президент Аскар Акаев маъмуриятидаги бош-бошдоқлик президент Қурманбек Бакиевнинг уруғчилик ва таниш-билишчиликка асосланган ҳокимиятини қудратга олиб келди.

Бу галги норзиликлар эса ғоявий эмас ғазабга асосланган кўринади.

АҚШ ва Россия ўртасидаги жорий рақобат совуқ уруш давридагидек эмас, албатта. Россия Афғонистондаги амалиётларни таъминлашда ҳамкорлик қилмоқда.

Мамлакатда исломий ақидапарастлик муаммосига юз тутаётган Москва Афғонистонда яна Толиблар қўли баланд келишини хоҳламайди.

Лекин, бошқа тарафдан, Россия минтақада ўз таъсирини иложи борича кўпроқ сақлаб қолишга уриниб, баъзида АҚШга кўмак беради, баъзида эса минтақага интилишлари йўлида тўсиқ қўяди.

Ҳозирда АҚШ ва Россия муносабатлари у қадар ҳам ёмон эмас.

Икки ўртада ядро қуролларига қарши янги битим имзоланди. Президент Барак Обама Польша ва Чехияда қурилиши назарда тутилган ракеталарга қарши тизимлар режасидан воз кечди.

Обама маъмуриятидаги Миллий Хавфсизлик Кенгашининг Россия ва Овросиё бўлими раҳбари Майкл Макфоул фикрича, Қирғизистондаги "жорий ҳодисалар ортида Россиянинг қўли йўқ".

"Бу аксил-Америка ҳислари билан суғорилган тўнтариш эмас, буниси аниқ. Россия томонидан қўллаб-қувватланган тўнтариш ҳам эмас. Буни тасдиқловчи ҳеч қандай далиллар йўқ", - дейди Майкл Макфоул.

Лекин, шундай эса-да, ҳозирда Бишкекдаги назоратни қўлга олаётган гуруҳ Манас ҳарбий базаси келажагини қайта кўриб чиқмоқчи экани белгилари бор.

Муваққат маъмуриятда Конституцион ишлар бўйича масуъл этиб тайинланган Умурбек Текабаев "Рейтерс" агентлиги билан суҳбатда "Қурманбек Бакиевнинг қудратдан кетгани Россияни не қадар қувонтирганига гувоҳ бўлдик, энди АҚШнинг Қирғизистондаги ҳарбий базаси муддати қисқартирилиши эҳтимоли ҳам катта," деб айтган.

Лекин Манас базасининг келажагини ҳозирда аниқлик билан айтиб бўлмайди.

Муваққат ҳукумат раҳбари Роза Отунбаева Манас бўйича келишувни қайта кўриб чиқиш режалари йўқлигини айтди.

Муваққат ҳукумат қудратни сақлаб қолса, ҳозирда "Транзит базаси" дея юритилаётган база аслида мўмайгина молия манбаи эканлигини кўра билиши турган гап.

Президент Бакиев Манас масаласида АҚШ ва Россия ўртасида усталик билан ўйин олиб борганди.

Манас базасини ёпиш ҳақидаги эълонини Москвада қилиб, жаноб Бакиев Россия томонидан 2 миллиард АҚШ доллари қарз ажратилиши, шунингдек, базанинг мутлақо ёпилмаслигига рози бўлиб америкаликлардан фойдаланиш ҳақининг 17 миллион доллардан 60 миллионга қадар оширилишига эришганди.

Манас учун америкаликлар томонидан тўланаётган ҳақ ва бунга қўшимча 117 миллион ёрдам пули - кундалик тушум киши бошига атиги бир неча долларга тўғри келадиган Қирғизистон раҳбарияти учун назардан қочириш қийин бўлган маблағ.

Шунинг учун хорижий кузатувчилар фикрича, Манас базаси ўз фаолиятини давом эттиради.

Лондондаги Халқаро масалалар бўйича нуфузли тадқиқот марказидан Жеймс Никсейга кўра, Қирғизистонда содир бўлаётган ҳодисалар Манас базаси не қадар фаолиятини давом эттира олиши нуқтаи назридангина ғарб эътиборини ўзига тортмоқда.

"Манас тақдири юзасидан хавотирлар балки асоссиздир, чунки Қирғизистон ҳукумати молияга муҳтож ва шунинг учун ҳар қандай сиёсий босимни кўтаришга тайёр",- деди Жеймс Никсей.