Роза Отунбаева: 'Бакиевда мамлакатни тарк этиш имкони бор''

Президент Бакиев
Image caption Президент Бакиев 2005 йилда иқтидорга келган эди

Ўзини муваққат ҳукумат раҳбари дея тақдим этган Роза Отунбаева агар Президент Бакиев истеъфога чиқса, унинг хавфсизлигини кафолатлашини ва мамлакатни тарк этишига изн беришини айтган.

"Бакиевда мамлакатни тарк этиш имкони бор," деб айтган Роза Отунбаева журналистларга. - "агар истеъфога чиқса, биз фақат унинг хавфсизлигини таъминлашга кафолат берамиз."

Бироқ жаноб Бакиев яна бир бор истеъфо бермаслигини таъкидлаган.

У мухолифат томонидан таъсис этилган муваққат ҳукумат мамлакатда барқарорликни тиклашга таъминлашга қодир эмаслигини айтган.

Роза Отунбаева эса Бакиев кучлари афтидан таслим бўлишга тайёр эмаслигини айтган.

"Бугун шаҳар марказидаги учта жамоат жойи миналардан тозаланди. Мен буни ваҳима тарқатиш учун эмас, балки Бакиев ҳукуматининг таслим бўлиш нияти йўқлигини билдириш учун айтаяпман," деган Роза Отунбаева.

Бугун авваалроқ четлатилган Қирғизистон президентининг икки иниси ва ўғлига нисбатан жиноий иш қўзғатилганди.

Бу ҳақда Қирғизистон муваққат ҳукумати томонидан тайинланган мамлакат бош прокурори Бейтемир Ибраев эълон қилган.

"Бизда айнан шу одамлар - Қурманбек Бакиевнинг ўғли Максим Бакиев ва унинг инилари, Жанибек ва Марат тинч аҳолига қарата ўт очишга буйруқ берганликлари тўғрисида гувоҳлар кўрсатмалари бор", - деб айтган Байтемир Ибраев.

Кеча Би-би-си билан суҳбатда Қирғизистон президенти мухолифат билан музокараларга боришга тайёр эканини маълум қилганди.

У мамлакат жанубида эканини айтган.