Қурманбек Бакиев: 'Бишкекка борсам, мени шу ондаёқ ўлдиришади'

Қурманбек Бакиев
Image caption Қурманбек Бакиев мамлакатдан чиқиб кетиш нияти йўқлигини айтади

Қирғизистоннинг Бишкекдан қочиб чиққан президенти Қурманбек Бакиев пойтахтга қайтса, уни ўлдиришлари мумкинлигидан қўрқувда эканлигини айтган.

Ҳозир Қирғизистон жанубида яширинган президент Бакиев Би-би-си мухбири Ричард Галпин билан суҳбатда "мени қочиб кетишга ундаган ғалаён хорижий кучлар аралашувида махфий режаланган," дея қайд этган.

Аммо бу ишда айнан қайси давлат аралашгани борасида гапиришдан бош тортган.

Ричард Галпиннинг айтишича, уни "Бакиевнинг одмигина уйига бориш учун" президентнинг тана қўриқчилари автомашинани бир неча бор алмаштиришган.

"Президентнинг қўрқишича, чоршанба куни пойтахт Бишкекда ғалаёнларни бошлаган шахслар уни қўлга тушириш ниятидалар," - қўшимча қилади Ричард Галпин.

Жаноб Бакиев Би-би-си мухбирига "амалиётда уни ўлдириш ният" қилинганини айтган.

Жаноб Бакиев ўзини ҳамон қонунан сайланган ва аксарият қўлловчи президент эканини яна бир бор таъкидлаган.

Бироқ Қурманбек Бакиев шимол ва жануб ўртасида бўлинган Қирғизистонда "фуқаролар уруши юзага келмаслиги учун мамлакатдан чиқиб кетиш нияти йўқлигини айтди," дея илова қилади Би-би-си мухбири.

"Ҳозир Бишкекка борсам, ҳеч ким менинг хавфсизлигимни кафолатлай олмайди. Мен ўша ондаёқ ўлдиришади. Ёки мени оломон ичига ташлашади-да, мана шу одам ўт очиш учун милицияга буйруқ берган, хунрезлик учун мана шу одам масъул, деб қичқиришади," - деб айтган Қурманбек Бакиев.

Президент Бакиев, шунингдек, ўз вазирлари мамлакатни барқарорлаштириш йўлида иш олиб боришаётганини ҳам қайд этган.