Қирғиз ғалаёни қурбонлари дафн этилди

Дафн маросими
Image caption Ғалаёнда ҳалок бўлганлар иши бўйича тергов очилган

Бишкек яқинида минглаб одамлар 7 апрель куни ҳукумат кучлари ва норозилик намойишчилари ўртасидаги тўқнашувларда ҳалок бўлганларнинг дафн маросимида иштирок этишган.

Ҳафта бошида Президент Қурманбек Бакиев маъмуриятини сиқиб чиқарган ғалаёнда 78 инсон нобуд бўлган, 1600дан ортиғи яраланган.

Ҳукуматни собиқ ташқи ишлар вазири, мухолифатдаги Социал-демократлар партияси раҳбари Роза Отунбаева бошқармоқда, Президент Бакиев эса мамлакат жанубида бошпана топган ва пойтахтга қайтса уни ўлдиришларидан қўрқишини билдирган.

Дафн маросими

Мухбиримизга кўра, Қирғиз пойтахтидан 20 чақирим узоқликда жойлашган Ата Бейит қабристонида бўлиб ўтган дафн маросимига минглаб одамлар келди.

Анъанавий оқ қалпоқларни кийган эркаклар ва бошлари рўмол билан ўралган аёллар тиловат учун тиз чўкишди.

Улар ҳукумат кучлари ўқидан нобуд бўлган 78 одамни хотирлаш учун тўпланганлар.

Image caption Қурбонлардан бирининг қариндоши акасининг сўнгги сўзларини такрорлади

Тобутлар Қирғизистоннинг миллий қизил байроғи билан ўралганди.

Қурбонларнинг қариндош-уруғлари ҳалок бўлган яқинларининг суратларини кўтариб олишганди.

Улардан бири қурбон бўлган акасининг сўнгги сўзларини қайтарди. "Қирғизлар қочмайди, ортга чекинманг."

Дафн маромисида муваққат ҳукумат аъзолари ҳам иштирок этишган. Роза Отунбаева ғалаёнда жон таслим қилган кишиларни Қирғизистоннинг ҳақиқий қаҳрамонлари дея тасвирлади.

Мухбиримизга кўра, қурбон бўлган кишилар қариндошларидан баъзилари муваққат ҳукуматни дафн маросимни сиёсий йўлда қўллашда айблаб, тортишиб қолган ҳоллари ҳам бўлди.