Роза Отунбаева:'Президент Бакиевнинг хавфсизлиги кафолатланмайди'

Image caption Отунбаева хонимга кўра, жаноб Бакиевдан қасос олишни истаётган одамлар бор

Бишкекдаги муваққат ҳукумат раҳбари Роза Отунбаева жаноб Бакиевнинг хавфсизлигини кафолатлай олмасликларини айтган.

Отунбаева хонимга кўра, сўнгги исёнда нобуд бўлганлар учун қасос олишни истаётган одамлар бор.

Рейтер хабар агентлиги билан суҳбатда Роза Отунбаева унинг ҳукумати ўз таъбирича, жаноб Бакиев яшириниб ётган жойга қурол кўтариб борадиган одамларни тўхтатиб қололмаслигини айтган.

Ассошиэйтед Пресс хабар агентлиги Отунбаева хонимнинг Президент Бакиевни жавобгарликка тортиш борасида жамоатчилик босими тобора кучайиб бораётгани ҳақидаги сўзларидан иқтибос келтиради.

Қирғиз радиосига гапирган муваққат ҳукумат мулозимларидан Омурбек Текебаев эса, Президент Бакиевга қарши куч ишлатилиши мумкинлигин айтган.

Аввалроқ Отунбаева хоним кўнгилли равишда истеъфога чиққани тақдирда, жаноб Бакиевнинг хавфсизлиги таъминланишини айтган эди.

Жума куни Би-би-си билан суҳбатда Қурманбек Бакиев ўзини жисмонан йўқ қилишмоқчи эканини даъво қилган.

"Бишкекка борсам, мени шу заҳотиёқ ўлдиришади", деб айтган жаноб Бакиев.

Якшанба куни Рейтер хабар агентлиги билан суҳбатда у ўзига қарши куч ишлатилгани тақдирда "Қирғизистон қонга ботиши" ҳақида огоҳлантирган.

"Мени овлаётганларни огоҳлантирмоқчиман: ёлланган қотил бўлманг, чунки бу мамлакат бошига фақат кулфат олиб келади", дея жаноб Бакиевнинг сўзларидан иқтибос келтиради Рейтер.

"Менинг атрофимдаги одамлар менга қарши куч ишлатилишига йўл қўйишмайди, бу эса қон тўкилишини англатади", деб айтган Қирғизистоннинг ағдарилган раҳбари.

Қурмонбек Бакиев Бишкекдаги янги ҳукуматни тан олмаслиги, аммо у билан музокараларга тайёрлигини айтган.

У шунингдек, БМТни Қирғизистонга ўзининг тинчликни сақлаш кучларини юборишга чақирган.

Қирғизистоннинг муваққат ҳукумати жаноб Бакиев билан музокаралар бораётгани ҳақидаги хабарларни рад этган.

АҚШ базаси ёпилмайди

АҚШ расмийларига кўра, Қирғизистоннинг муваққат ҳукумати Қўшма Штатлар билан хавфсизлик шартномаларини ҳурмат қилишини билдирган.

АҚШ Давлат Котибаси Хиллари Клинтон билан телефон мулоқотида муваққат ҳукумат раҳбари Роза Отунбаева Афғонистонга қўшин ва таъминот етказаётган Манасдаги ҳаво базасининг узлуксиз фаолияти таъминланишини айтган.

Ўтган ҳафта аксилҳукумат намойишлари чоғида Қўшма Штатлар Бишкек яқинидаги Манасдан қўшинларнинг ҳаракатланишини тўхтатиб қўйган эди.

Қирғиз ҳукумати Манасдаги базани АҚШга ижарага берган, аммо мухолифат раҳбарлари жорий шартнома муддати қисқартирилиши мумкинлигига ишора қилган эдилар.

Ҳар ой минглаб иттифоқ кучлари Манас орқали Афғонистонга йўлланади.

Россия ҳам Қирғизистонда ўз ҳарбий базасига эга.

Россия мулозими Манасдаги АҚШ базаси ёпилиши кераклигини айтган.

Россия матбуоти Қирғизистонда Президент Бакиевнинг ҳокимиятдан ағдарилишини унинг Россияга Америка базасини ёпиш борасида берган ваъдасини бажармагани билан боғлаган.

АҚШ Давлат департаменти мулозимининг айтишича, Қирғизистоннинг муваққат раҳбари Клинтон хонимни базанинг ёпилмаслиги борасида ишонтирган.

"Отунбаева хоним Қирғизистон маъмурияти Манас транзит маркази борасидаги хавфсизлик шартномаларини ҳурмат қилишини тасдиқлади", деб айтган АҚШ Давлат Департаменти мулозими Филип Кроули.

Қирғизистоннинг собиқ Ташқи ишлар вазири бўлган Роза Отунбаева авалроқ Би-би-си билан суҳбатда Қирғизистон халқаро мажбуриятларини бажаришини айтган эди.

"Биз одатий тартибда ишлашда давом этамиз", деган Қирғизистоннинг муваққат раҳбари.

Президент Бакиевни ҳокимиятдан ағдарган зўравонликлар Қирғизистонда нарх-навонинг ошиб кетиши ва коррупция билан боғлиқ норозиликларнинг энг юқори нуқтаси бўлган.

Бишкек ва бошқа шаҳарлардаги тўқнашувларда 81 киши ҳалок бўлган, 1600 одам яраланган.

Шанба куни қурбонларни дафн этиш маросимлари бўлиб ўтган.