Тожикистонда Роғун ҳиссалари тарғиботи тўхтатилди

Роғун ГЭСи
Image caption Роғун ГЭСи қурилиши аҳаммияти Тожикистон мустақиллиги билан тенглаштирилмоқда

Тожикистон ҳукумати Роғун ҳиссаларини сотиш бўйича олиб борилаётган кенг тарғибот ишлари тўхтатилганини эълон қилди.

Ҳукумат расмийлари бундан буён ҳиссаларни сотиш суръати бир мунча пасайиб кетиши мумкинлигини башорат қилганлар.

Хабарларга кўра, ҳозирга қадар Тожикистонда Роғун ГЭСини қуриш учун ишлатиладиган ҳиссаларнинг 185 миллион долларга яқини сотилган.

Халқаро Валюта Фондининг Тожикистондаги вакили Аксел Шиммелпфеннигга кўра, ташкилоти Роғун ҳиссаларини сотиш бўйича тарғибот ишларини тўхтатиш ҳақидаги Тожикистон ҳукумати олган қарорни қўллаб-қувватлайди.

Унинг журналистларга маълум қилишича, Тожикистон расмийлари билан мулоқот жараёнида улар бундан буён Роғун ҳиссаларини сотиш суръати пасайишини айтганлар.

Душанба кунидан бошлаб Тожикистон Давлат Телевидениеси кўрсатувларидан Роғун ҳиссаларини сотиб олишни тарғиб этувчи ракламалар олиб ташланган.

Ихтиёрий-мажбурий ҳиссалар

Image caption Тожикистонда йил бошида 1.25 миллиард долларга баробар Роғун ҳиссалари сотувга чиқарилган эди

Роғун ГЭСи ҳиссаларини сотиш шу йил бошида бошланган эди.

Ўшанда Тожикистон ҳукумати қиймати бир миллиард 250 миллион доллардан кўпроқ Роғун ГЭСи ҳиссалари чоп этилганини эълон қилганди.

Тожикистон Молия вазирлигидаги манбаларнинг айтишича, ҳозирга қадар чоп этилган ҳиссалардан 185 миллион долларга баробари сотилган, холос.

Айни дамда таҳлилчилар ҳиссаларнинг "мажбурий равишда" сотилаётганидан хавотир изҳор этаётган эдилар.

Улар "ихтиёрий-мажбурий сотиш" амали халқ норозилигини уйғотган бўлиши ва бу, ўз навбатида, Тожикистон ҳукуматини тарғибот ишларини тўхтатишга ундаган бўлиши мумкинлигини тахмин қилишади.

Аксел Шиммелпфенниг журналистлар билан суҳбатда Тожикистонда Роғун ГЭСи ҳиссаларини сотиш бўйича тарғиботнинг тўхтатилиши бир неча омилга боғлиқ эканини айтди.

Энг аввало, расмийлар Роғун ГЭСи режасини амалга ошириш учун 2011 йил охирига қадар етадиган маблағни тўплашга муваффақ бўлганлар.

Шунингдек, Тожикистон ҳукумати Роғун ГЭСи юзасидан хақларо текширув натижалари маълум бўлгунга қадар амалий қадамларни ташламасликка қарор қилган.

Бошқа тарафдан, Жаҳон Банки билан эришилган келишувга мувофиқ, Роғун ГЭСи лойиҳаси бўйича илмий-техник, молиявий ва атроф-муҳитга оид текширув хулосалари аниқ бўлмагунга қадар, Тожикистон давлатининг ушбу ГЭС қурилишини бошлашга ҳаққи йўқ.

Айни дамда, Осиё Тараққиёт Банки вакили Макото Ожиро Роғун ҳиссалари сотуви Тожикистон иқтисодий вазиятига манфий таъсир кўрсатиши мумкинлигини айтган.