Қурманбек Бакиев президентликдан истеъфо берди

Қурманбек Бакиев
Image caption Қурманбек Бакиевнинг Қирғизистонни тарк этгани вазиятни барқарорлаштиришга хизмат қилади, дейилади баёнотда.

Қудратдан четлатилган Қурманбек Бакиев президентликдан истеъфо бериши ҳақидаги мактубга имзо чекди, деб хабар берган Қирғизистон муваққат ҳукуматидаги манба.

Олдинроқ жаноб Бакиев ватанини тарк этганди.

Оврўпода Хавфсизлик ва Ҳамкорлик ташкилотига раислик қилаётган Қозоғистон тарқатган баёнотга кўра, АҚШ, Россия, БМТ ва Оврўпо Иттифоқи ўртасидаги келишувга кўра, Қурманбек Бакиев Қирғизистонни тарк этган.

Қурманбек Бакиев минган учоқ Қозоғистонга қўнган.

Қозоғистон Ташқи ишлар вазири Қанат Саудабаев баёнотига кўра, "15 апрел куни Қозоғистон Президенти Нурсултон Назарбоев, АҚШ Президенти Барак Обама ва Россия Президенти Дмитрий Медведевнинг биргаликдаги ҳаракатлари, шунингдек, Оврўпода Хавфсизлик ва Ҳамкорлик ташкилоти билан бирга Бирлашган Миллатлар ва Оврўпо Иттифоқи воситачилигида Қирғизистон Муваққат ҳукумати билан Президент Қурманбек Бакиев ўртасида унинг мамлакатни тарк этиши бўйича келишувга эришилган.

Қурманбек Бакиевнинг Қирғизистонни тарк этгани вазиятни барқарорлаштириш, уни қонун доирасига қайтариш ва Қирғизистонда фуқаролар урушининг олдини олиш йўлида муҳим қадам экани айтилган ОХҲТ баёнотида.

6-7-апрелдаги қонли ҳодисалардан кейин президент Қурманбек Бакиев ўзи туғилиб ўсган Жалолобод вилоятидаги Тейит қишлоғига қочиб чиқишга мажбур бўлганди.

У Жалолободда бир неча минг кишидан иборат тарафдорлари иштирокида намойишлар ташкил этди.

Қурманбек Бакиев агар Қирғизистоннинг муваққат ҳукумати ўзи ва оиласи хавфсизлигини кафолатласа, истеъфога чиқишга тайёр эканини билдирган.

У, шунингдек, истеъфога чиқиш шарти ўлароқ, муваққат ҳукуматдан Қирғизистондаги вазиятни ўнглашни талаб қилган.

15-апрел куни жаноб Бакиев тарафдорлари Ўш шаҳри марказида намойиш уюштиришга уринганлар.

Ўшда Бакиев тарафдорлари ва қарши намойишчилар ўртасида тўқнашув

Қурманбек Бакиев халқ дастакловини синаб кўрди

У ерда муваққат ҳукумат ва президент Бакиев тарафдорлари ўртасида тўқнашув келиб чиққан, ҳавога ўқлар отилган.

Би-би-си мухбирига кўра, қон тўкилишига бир баҳя қолган.

Россия ахборот агентликлари Қурманбек Бакиевнинг Президент Нурсултон Назарбоев билан гаплашиш учун Қозоғистонга йўл олаётгани ҳақидаги сўзларидан иқтибос келтирганлар.

Би-би-сига маълум қилишларича, Қурманбек Бакиев ўтирган учоқ Қозоғистоннинг Талас шаҳрига қўнган.