Қирғизистон: ғалаён иқтисодий аҳволни янада ёмонлаштирди

Image caption Бишкекдаги ўнлаб дўконлар ер билан яксон қилинган

Ўтган ҳафта Қирғизистонда юз берган ҳалокатли намойишлар мамлакатни сиёсий бошбошдоқлик ёқасига олиб келган. Аммо муваққат ҳукумат тартиб ўрнатишга киришаркан, ғалаённинг иқтисодга таъсири ҳақида ҳам саволлар ўртага чиқмоқда.

Намойишлар юз берган тунни хотирларкан, Шапина Телешованинг овози қўрқувдан титрайди.

"Ҳамма ёқ жим-жит эди. Кейин бирдан кўчада оломоннинг овози эшитилди", - дейди Бишкекдаги меҳмонхона ходими.

"Бирданига икки юзга яқин одамлар бинога бостириб киришди, улар тўқмоқ ва тош билан қуролланган эдилар. Ҳамма ёқ остин-устун бўлиб кетди. Улар ҳамма нарса-эшиклар, деразалар, телевизор ва бошқа жиҳозларни парча-парча қилиб ташлашди. Меҳмонхонадагилар ваҳима ичида эди".

7 апрел куни мамлакатни забтига олган намойишлар ортидан Бишкек талончилик ва отишмалар ичида қолди.

Эртаси куни уйқудан турган минглаб бишкекликлар пойтахтдаги бошбошдоқликка гувоҳ бўлишди.

Таланган ва ўт қўйилган ўнлаб дўконлардан ҳануз тутун чиқиб турарди.

"Бизнинг қиймати 4 миллион сом атрофида (90 минг доллар) бўлган мобил телефон жиҳозларимиз бор эди. Ҳозир ҳеч нарса қолгани йўқ" деркан кўзига ёш олади "Вафо" савдо марказида дўконининг парчаланган ойна ва телефон қутиларини супуриб тўплаётган дўкондорлардан бири.

Бишкекдаги савдо марказлари билан бирга, "Народный" нон маҳсулотлари тармоғига тегишли 20 дан ортиқ дўкон ер билан яксон қилинган. Расталар бўшатилган, жиҳозлар синдирилган, эшик ва деразалар парчаланган.

Бишкек бир неча минг талончилар қўлига ўтган. Уларни тўхтатадиган милиция йўқ эди.

Президент пойтахтдан қочган, Бош вазир истеъфо берган эди.

Мухолифат раҳбарлари муваққат ҳукумат тузиш билан овора эдилар.

Тартибсизликлар камида икки кеча давом этди. Шаҳарнинг турли бурчакларида отишмалар овозини эшитиш мумкин эди.

Кўпгина ишбилармонлар туни билан ўз молларининг ёнида қоровуллик қилишган.

'Ким ёрдам беради?'

Орадан қарийб бир ҳафта ўтиб, кўпгина дўкон ва кичик бизнес соҳиблари хали ҳам зарарни ҳисоблашмоқда.

"Бизнинг супермаркетлар тармоғимиз 200 дан кўпроқ ширкатларнинг молларини сотади, шундай экан, бу ширкатларнинг ҳаммаси талончиликдан зарар кўрган", - дейди "Народный"нинг маркетинг бўлими бошлиғи Анатолий.

Муваққат ҳукуматнинг молия вазири Темир Сариевга кўра, келаётган кунларда иқтисодга етказилган зарарни ҳисоблаш учун махсус ҳукумат комиссияси тузилади.

Россиянинг "Коммерсант" рўзномаси билан суҳбатда у ҳукумат тадбиркорларга ёрдам беришини айтган, аммо буни қандай амалга ошириши ҳақида ҳеч нарса демаган.

"Ишбилармонлар нима қилсин?. Энди қаерга бориб, кимга шикоят қилайлик?" дея савол беради йигирмадан ортиқ ширкатни ўзида бирлаштирган Бишкекдаги "Бизнес клуб" раҳбари Улуғ Қодирбоев,

2005 йилда Президент Қурманбек Бакиевни ҳокимиятга олиб келган "лола инқилоби" номини олган оммавий намойишлар чоғида ҳам мамлакат худди шундай бўшлиққа гувоҳ бўлган эди.

Юзлаб дўконлар талаб кетилган, одамлар ер, хусусий мулк ва бизнесларни ноқонуний суратда босиб олган эдилар.

Улуғ Қодирбоевнинг айтишича, ўшанда ҳукуматга ишбилармонлар кўрган зарарни қоплаш учун уч йил вақт керак бўлган эди.

"Бу сафар биз янги ҳукуматга иқтисодни тиклашда ёрдам бермоқчимиз. Аммо бунинг учун барқарорлик, хавфсизлик ва қонунийлик керак", - дейди у.

Айни пайтда Бишкек атрофида одамлар ерларни босиб ола бошлаганлар.

"Ҳукумат бизга 2005 йилдан буён ер ваъда қилади. Мен ёш бўлсам ҳам қари ота-онам бор, уларга қарашим керак. Мен бу ерда кичкина уй қурмоқчиман", -дейди 23 ёшли асли норинлик Суюнбек.

Қашшоқлик

Қирғизистондаги қўзғолон 5 миллион аҳоли яшайдиган мамлакатда иқтисодий аҳволнинг ёмонлашиб кетиши натижаси эди.

Меҳнат ёшидаги эркакларнинг кўпчилиги мамлакат ташқарисидан иш излайди.

Улар асосан Россия ва Қозоғистонда меҳнат қиладилар, аммо жаҳондаги иқтисодий инқироз сабаб улар ватанларига юборадиган маблағлар камайиб кетган.

Ҳукуматнинг 2010 йилнинг январидан газ ва электр нархини икки баробарга кўтариши аҳоли орасида норозиликларга сабаб бўлди.

Феврал ва март ойларида тоғли минтақаларда кичик-кичик норозилик чиқишлари бўлиб ўтди.

Аҳоли нархларни туширишни талаб қилаётган эди.

Ўртача ойлик маош 70 доллар бўлган Қирғизистонда кўпчилик 100 доллардан кўпроқ коммунал тўловларни тўлашга қодир эмас.

"Агар воқеаларнинг илдизига назар ташласангиз, аҳолининг охирги икки йилда нарх-навонинг кўтарилиши ва даромаднинг тушиб кетиши натижасида қашшоқлашиб борганини кўрасиз", - дейди "Mercy Corps"нинг Қирғизистондаги идораси раҳбари Кэтрин Браун.

"Баъзи бузғунчиликлар, талончиликлар юз берганининг сабаби одамлар бир умр эга бўлолмайдиган нарсаларини қўлга киритиш имкони пайдо бўлганида. Бунинг илдизи одамларнинг қашшоқлик даражасида".